Хорижга ишга юборишни ваъда қилган фирибгарлар ушланди

Бугунги кунда ўқишга киритиб қўяман, ер олиб бераман ёки хорижий давлатларга ишга юбораман деб фуқароларнинг ишончига кириш орқали мўмай даромад орттиришни кўзлаган уддабуронлар кўпаймоқда. Бу каби фирибгарлик ҳолатларини олдини олишда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент органлари томонидан тезкор қидирув тадбирлари ташкил этилиб, жиноий ҳаракатларга чек қўйилмоқда.

Хусусан, Департаментнинг Чилонзор туман бўлими томонидан ДХХ ва Миллий гвардия ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаролар Б.Я. ва Ш.Я. фуқаро О.О.га танишлари ёрдамида хорижга чиқиш виза ҳужжатларини расмийлаштириб бериши ҳамда уни Туркия давлати орқали Америка Қўшма Штатларига ишга юбориш эвазига 51 минг АҚШ долларини олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек, Департаментнинг Денов туман бўлими томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро О.Ю. фуқаро Қ.И.ни 12 000 АҚШ доллари эвазига Жанубий Корея давлатига ишлаш учун юборишни ваъда қилиб, олдиндан 48 млн сўм ва 2 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган, шунингдек О.Ю. муқаддам 2 нафар фуқарони ушбу давлатга ишга юбориш эвазига 4 800 АҚШ доллари ва 88 млн сўмини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлиги аниқланган.

Департаментнинг Қашқадарё вилоят бошқармаси томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда эса, муқаддам фирибгарлик жинояти учун судлаган Х.Ж. фуқаро Ш.О.ни 15 000 АҚШ доллари эвазига Мексика давлати орқали Америка Қўшма Штатларига ишлаш учун юборишини айтиб, олдиндан 5 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, ҳуқуқий таъсир чоралари кўрилган.