ТАЛОН-ТАРОЖЛИК ҲАМ ЖИНОЯТ

Мамлакатимизда коррупция, фирибгарлик, қўйингки, жамият учун хавф солувчи барча турдаги жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш механизми тинимсиз ҳаракатда. Айниқса, давлат ташкилотида фаолият юритаётган мансабдор шахсларнинг давлат мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш каби ноқонуний ҳаракатларни амалга ошириши ачинарли ҳол. Яқинда жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар суди томонидан ана шундай ҳуқуқбузарлик ҳолати кўриб чиқилди.

Фуқаро Эгамбердиев Касимбай Урганч темир йўл масофасининг 13-цех йўл устаси лавозимида ишлаб келган. У ўз иш фаолиятига моддий жавобгар шахс бўла туриб, ўзининг жавобгарлигида бўлган Урганч темир йўл масофасининг ҳисобида турган, Мискин темир йўл бекатида жойлашган баҳоси 61.008.000 сўмлик Р-65 турдаги 1/11 русумли рельс 41-сонли стрелка ўтказгичини 2017 йил сентябрь ойининг бошларида ҳеч қандай ҳужжатларсиз “Олчин” МЧЖга бериб юборади. Энг қизиғи ушбу фуқаро “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ тегишли бўлган темир йўл бекати учун мўлжалланган рельс стрелка ўтказгичини ўзининг шахсий мулки деб ҳисоблаб, бу ҳатти-ракати орқали ўзига ишониб топширилган ўзганинг кўп миқдордаги мулкини растрата қилиш йўли билан талон-тарожликка қўл уради.

Суд жараёнида фуқаро К.Эгамбердиев айбига иқрорлик билдирди. У нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбли деб топилди ва ҳуқуқбузарга нисбатан тегишли жазо тайинланди.

 

Акбар ЗАРИПОВ

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти

Урганч шаҳар бўлими инспектори