ОИЛАЛАР МУСТАҲКАМЛИГИ ЙЎЛИДА

Хоразм вилоятида илк бор “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Хоразм вилоят бошқармаси ҳамда Тошкент Ахборот технологиялари Урганч филиали билан ҳамкорлигида оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган оилалар,айниқса, ёш оилаларга ахборот-коммуникация технологиялари ва психология билимларини ўргатиш орқали ўз-ўзига ёрдам кўрсатиш саводхонлигини оширишга қаратилган бир ҳафталик ўқув курсларига старт берилди.
Бугунги тезкор замонни, жамият тараққиётини ахборот-коммуникация технологияларисиз тасаввур этиш мушкул. Бу тизим дунё бўйлаб кун сайин тараққий этиб бормоқда. Мамлакатимизда ҳам ушбу соҳани янада ривожлантиришга қаратилган қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, амалиётга йўналтирилмоқда. Ушбу сиёсатнинг юқори ижобий натижалари бугунги кунда барча жабҳаларда ўз ифодасини топмоқда. Энг муҳими, илғор коммуникация технологиялари халқимизнинг оғирини енгил қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ҳам оила институтини мустаҳкамлаш, замонавий намунали оилалар сафини кенгайтириш, оила аъзоларининг бандлигини таъминлаш орқали фаровонликни ошириш ҳамда оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ахборот-коммуникация технологияларининг имкониятларидан самарали фойдаланиб, янги ғоя ва ташаббусларни илгари сурмоқда.
Хусусан, Марказ томонидан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги, Тошкент Ахборот технологиялари университети ва унинг барча филиаллари, Тошкент шаҳридаги Инха университети ҳамкорлигида яна бир янги лойиҳага қўл урилгани диққатга сазовор.
Лойиҳада қийин аҳволдаги оилалар вакилларига қисқа муддатли ўқув курсларида бир ҳафта мобйнида ахборот-комуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ўз-ўзига тезкор ёрдам кўрсатиш кўникмалари ўргатиб борилади. Бунда асосий эътибор, энг аввало, коммуникация тизимларининг мақсад ва вазифалари, жумладан, компьютер ва мобиль қурилмалари, интернет тармоғи билан ишлаш малакаси, шунингдек, давлат ва нодавлат ташкилотларнинг веб-сайтлари, ижтимоий тармоқларнинг ўрни ва роли, онлайн тарзда йўлга қўйилган давлат хизматлари кўрсатиш асосларига қаратилади. Ўз навбатида, психологик омилларга ҳам жиддий аҳамият қаратилиб, руҳий тушкунликдан чиқишда электрон адабиётлар, аудио-видео материалларга мурожаат қилиш кўникмаларидан алоҳида сабоқлар берилади.
Бу лойиҳани амалга оширишдан пировард мақсад эса, ўз ҳаётида турли оилавий муаммоларга дуч келган оила вакилларига замонавий коммуникация технологияларидан фойдаланиш орқали билими ва дунёқарашини ошириш, ахборот олиш, иш излаш, пировардида, ўз-ўзига тезкор ёрдам кўрсата олиш билимларини ўрганиш орқали ўзига бўлган ишончини мустаҳкамлаб, ҳаётга теран нигоҳ билан боқишга ундашдир.
Қийин шароитда турмуш кечираётган оила аъзоларининг мавжуд муаммодан қандай қилиб чиқиб кетиш, ён-веридаги ўзига ўхшаган бошқа шахсларга ҳам маслаҳат бериш, йўл-йўриқ кўрсатиш, мустақил фикр юритиш ва мустақил қарор қабул қилишга ўрганиши, руҳий мувозанатини барқарорлаштириш, бандлигини таъминлашда ушбу ўқув курслари долзарб ўрин тутиши шубҳасиз.
Хоразм вилоятида старт берилган ушбу лойиҳа март-апрел ойлари давомида Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Фарғона, Қашқадарё вилоятларида ҳам амалга оширилиши мўлжалланган.
“Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан қатор ташкилотлар ҳамкорлигида мазкур лойиҳага тажрибали тренерларни жалб этиш, машғулотлар мавзулари ва дастурларини шакллантириш, методик таъминлаш ишлари бажарилди.
Очилиш маросимида сўз олган Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази Хоразм вилоят бошқармаси бошлиғи Равшан Бабажанов, Тошкент Ахборот технологиялари Урганч филиали директори Мақсуд Байджанов ва бошқалар оила институтини мустаҳкамлаш соҳасига энг илғор ва замонавий ахборот технологияларини жорий этиш келгусида муайян натижаларга эришиш гарови экани хусусида тўхталиб ўтдилар.
Ўқув курсида тизимли равишда 15 нафардан оила вакилларига билим бериб борилади ва уни муваффақиятли тамомлаган тингловчилар сертификат билан тақдирланадилар. Бундан ташқари, 6 ой мобайнида мазкур лойиҳада фаол иштирок этиб, ўз билим ва кўникмаларини юқори даражада намоён этган бир нафар оила вакилига Тошкент Ахборот технологиялари университети ёки Тошкент шаҳридаги Инха университетида ўқиб, малакали мутахассислар бўлиб етишишлари учун имтиёзли имкониятлар берилади.

Сайёра САМАНДАРОВА

Хоразм вилоят “Оила” бошқармаси Махсус ўқув курси раҳбари.