ҚИНҒИР ИШНИНГ ҚИЙИҒИ…

Ғадир –будир қишлоқ йўлларидан бораркан, автомашина ҳайдовчиси ғудранади: «Қачон бу йўлларга навбат келиб, таъмирланаркан, қачон ички йўллар равон бўларкан?». Аслида-ку ички йўлларга ҳам навбат келяпти. Уларни таъмирлаш учун маблағлар ажратиляпти. Тегишли ташкилотлар вазифаларини бажаряпти. Бироқ, беш қўл баробар бўлмаганидек, айрим пудратчилар ўз мажбуриятларини лозим даражада бажармаганликлари оқибатида айрим йўллар сифатсизлигича қолмоқда.
Янгиариқ туманидаги «Қурилиш» МЧЖ раҳбари Али Зокиров (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳам ўз вазифасига совуққонлик билан ёндашган. Муқаддам муносиб хулқ атворда бўлиш чораси қўлланилганлигини ёдидан чиқариб ё писанд билмай, яна ўзига билдирилган ишончни суистеъмол қилган. Яна шундай МЧЖ раҳбари Озод Сапаев ва туман ободонлаштириш бошқармасининг собиқ бошлиғи Хасан Эшимов билан тил бириктириб, мансаб сохтакорлигига йўл қўйган. Гап шундаки, тумандаги «Кушанда » маҳалласидаги 0,550 километр ички хўжалик йўлини таъмирлаш учун унинг раҳбарлигидаги МЧЖ «Азамат МЧЖ» билан шартнома имзолайди. Унга кўра 79 287 879 сўмлик таъмирлаш ишлари олиб борилиши керак эди. Амалда эса 25 042 000 сўмлик ишлар бажарилмагани ҳолда, ҳужжатларда бажарилган каби қайд қилинди.
«Сабурзон» маҳалласидаги узунлиги 0,327 километр бўлган ички хўжалик йўлини таъмирлаш учун ҳисоб рақамига 56 678 329 сўм пул келиб тушгани ҳол-да, ҳисоб-фактурага амалда бажармаган 10 796 700 сўмлик ишларни қўшиб ёзди. Бунинг учун соҳта маълумотлар ва ёзувлар киритди, ҳужжатларни қалбакилаштирди. Унинг бу ҳаракатлари билан туман ободонлаштириш бошқармаси 10 796 700 сўм зиён кўрди.
МЧЖ ободонлаштириш бошқармаси маъмурий биноси ва чорбоғини жорий таъмирлаш учун 194 763000 сўмга шартнома тузади. Ишлар тугагач, ҳисоб-фактурага амалда бажарилмаган 26 810 100 сўмлик ишлар қўшиб ёзилган ҳолда киритилади. Ободонлаштириш бошқармаси яна зиён кўриб қолаверади.
Ноқонуний иш-келтирар ташвиш. Ушбу қинғирликларни содир қилган А.Зокиров, Х.Эшимов, О.Сапаевлар суд ҳукмига кўра қонуний жазога тортилди.

Х.Аллаберганов

Департаментнинг Янгиариқ туман бўлими бошлиғи