Сил касаллиги ва меҳнат миграцияси: муаммо ва ечим

Бугун бутун дунёда миллионлаган инсонларнинг умрига зомин бўлаётган, кўплаб оилаларнинг тинчлигини бузаётган сил касаллиги ўзининг оқибатлари билан инсониятнинг энг долзарб муаммоси бўлиб қолмоқда. Ер юзида ушбу касаллик билан яшаётган одамлар сони 1/3 қисми ташкил этади. Касаллик турли ёшдаги аҳоли орасида, айниқса, навқирон 20-50 ёшлилар ўртасида кўплаб қайд этилиши хатарлидир.

Халқимизда «Ҳар ерни қилма орзу, ҳар жойда бор тош-тарозу», деган ҳикмат бор. Бугун иш излаб ўзга юртларда сарсон бўлиб юрган муҳожирларини ўз билганича йўл тутаётгани, таниш-нотаниш воситачиларнинг найрангига чув тушаётгани, оқибатда ўзининг соғлигига путур етказаётганлар ҳам орамизда йўқ эмас. Ўзга юртнинг тили, маданияти, урф-одат ва қадриятларидан бехабар айрим кишиларнинг мўмай даромад илинжида иши, уй-жойи, яқинларини ташлаб, олисларга кетаётганини тушуниш қийин.

Бинобарин, ноқулай меҳнат, об-ҳаво ва яшаш шароити, пала-партиш, носоғлом турмуш тарзи туфайли соғлиғини йўқотаётган, баъзан эса майиб-мажруҳ бўлиб қайтаётганларни кўрганда юқоридаги ҳикматнинг нақадар ҳаққонийлиги яна бир бор аён бўлади. Энг ёмони, иш ва яшаш жойидаги номуносиб шарт-шароит ва бошқа хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаслик оқибатида рўй бераётган мудҳиш ҳолатлар киши қалбини ларзага солади. Кун бўйи оғир шароитларда ишлашлари ва етарлича тўйиб овқатланмаслик, бора-бора иммунететни кучсизлантиради. Сил касаллиги эса бундай организмда осонликча пайдо бўлади ва аста секинлик билан ён атрофдагиларига хавф сола бошлайди. Сил касаллигига чалинган бемор билан мулоқотда бўлганлар ўзи яшаб турган даволаш-профилактика муассасасига мурожаат қилиб, белгиланган тартибда тиббий-кўрикдан ўтишлари шарт. Аммо, чет давлатларда тиббий хизмат қимматлиги ёки бўлмаса ўз ишидан ажралиб қолишидан қўрқиб, даволанмай юришади. Натижада эса бемор оғирлашади. Бу сингари ҳодисалар ҳар қанча ачинарли бўлмасин, айни пайтда аччиқ ҳақиқат ҳамдир.

Меҳнат-муҳожирларининг соғлигини сақлаш, уларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва уларга суғурта полисларини тарқатиш ишлари олиб боришларига қарамасдан, меҳнат-муҳожирлари орасида сил касаллиги билан чалинганлар кўплаб учрамоқда. Дунёдаги барча мамлакатларда ушбу хасталик билан касалланиш ва унда ўлим ҳолатларининг кузатилиши қайд қилинмоқда. Ҳар йили дунёда 8-10 миллион киши сил касаллиги билан касалланиб, 3 миллиондан кўпроқ беморларда касаллик ўлим билан тугаши ачинарли ҳолдир.

-Айни кунда мазкур муаммони олдини олиш ва унга ечим топиш максадида Project Hopе Қозоғистон филиали томонидан ОИТС, сил ва безгакка қарши курашиш бўйича Глобал Жамғармаси (сил компаненти) кўмагида бир канча амалий ишлар амалга оширилмоқда, — дейди Project Hopе Қозоғистон филиали директори Бахтияр Бобомурадов. — Мазкур лойиҳа томонидан ички ва ташқи муҳожирлар орасида сил касаллиги билан оғриган беморларга бепул тиббий хизматни ташкил этиш, меҳнат-муҳожирлари ўртасида силни олдини олишга қаратилган турли акциялар ташкил этиш ҳамда ОАВ орқали сил касаллиги мавзусини кенг жамоатчиликка етказиш борасида режали дастурлар амалга оширилиб келинмоқда. Мазкур вазифаларни амалга оширишда биз Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қозоғистон Республикасининг сил касалликлари миллий-илмий Маркази, туманлараро силга қарши Диспансери ҳамда дўстлик поликлиникалари ва турли тиббий марказлар билан яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Асосан, Қозоғистоннинг 8 та вилоятида лойиҳа асосида меҳнат-муҳожирлари ўртасида сил касаллигини олдини олиш бўйича босқичли вазифалар амалга оширилмоқда.

Куни кеча Project Hopе Қозоғистон филиали томонидан ОИТС, сил ва безгакка қарши курашиш бўйича Глобал Жамғармаси (сил компаненти) кўмагида Осиё мамлакатлатлари журналистлари учун ташкил этилган 3 кунлик медиа-турда ҳам мазкур жараёнларнинг амалий ижросини кўриш имкониятига эга бўлдик. Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистонлик журналистлар учун ташкил этилган мазкур дўстлик тадбирида асосий эътибор  муҳожирлар ўртасида сил касаллигини олдини олиш, меҳнат-муҳожирларида учрайдиган сил касаллигини даволашга кўмаклашиш ҳамда мазкур мавзуни Марказий Осиё мамлакатлари ОАВ орқали кенг ёритишга қаратилди.

Тадбир доирасида Project Hopе Қозоғистон филиали мутахассислари томонидан муҳожирлар ўртасида сил касаллигини олдини олиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар хусусида статистик маълумотлар тақдимоти ташкил этилди. Шундан кейин меда-тур иштирокчилари Қозоғистон Республикасининг сил касалликлари миллий-илмий Маркази ҳамда Алмата шаҳрида жойлашган туманлараро силга қарши Диспансери фаолияти билан яқиндан танишдилар. Мазкур тиббиёт муассасаларида малакали мутахассислар томонидан сил касаллигига чалинган беморлар учун яратилган шарт-шароитлар, фитизиатор шифокорлар томонидан амалга оширилаётган илмий-амалий изланишлар ҳамда замонавий тиббий хизматлар хусусида батафсил маълумот тақдим этилди.

Медиа-тур давомида журналистлар бевосита сил касаллиги билан оғриган муҳожир беморлар билан мулоқот қилиш имкониятига ҳам эга бўлдилар. Алмата шаҳрида жойлашган туманлараро силга қарши Диспансерига ташрифимиз самарали бўлди. Ушбу Диспансер 5 та туманни ўзига бирлаштирган бўлиб, бу ерда нафақат Қозоғистон давлати фуқаролари, балки фуқаролиги йўқ шахслар, айниқса, меҳнат муҳожирлари учун ҳам етарли шарт-шароитлар яратилган экан. Ташрифиз жараёнида сил касаллиги билан оғриган Нукуслик 36 ёшли аёл билан суҳбатлашиш имкониятига ҳам эга бўлдик.

-Мусофирчиликдаги сарсон-саргардонлик кишининг иродасини букиб қўяркан, дейди Алмата шаҳрида яшаётган ўзбек аёли. Мен деярли 6-7 йилдан буён шу ерда ишлаб, яшаб келмоқдаман. Иш шароитим оғир. Аниқ ва узоқ муддатли ишим ҳам йўқ. Яшаш манзилим, домий рўйхатим йўқлиги, муҳожир бўлганлигим сабабли жуда қийин шароитда яшашга мажбурман. Турмушим ўхшамаган, бир нафар 4 яшар қизим ва онам билан ижарада тураман. Онам пенсионер бўлганлиги сабабли уйда қизимни тарбияламоқда. Охирги 2 ой ичида соғлигим жуда оғирлашди. Нон цехида ишлаётганлигим ва ойлик маошим яхшилиги сабабли ишсиз қолишимдан қўрқиб, соғлигимга эътибор бермадим. 1 ой ичида йўталим кучайиб, иштахам йўқолди, тез-тез иситмалаб, мадорсизлана бошладим. Онам уйимиз яқинидаги поликлиникага олиб чиқдилар. Шифокорларнинг кўрсатмаси билан анализ топширдим ва менда сил касаллиги аниқланганлигини билдим. Бу ерга ётиб даволнишимда Алмата шаҳридаги “Забота” кризис маркази яқиндан кўмак берди. Энди ўзимни яхши ҳис қиляман. Лекин айни дмда аёл сифатида, она сифатида ва фарзанд сифатида менга жуда оғир. Онамни қон босими баланд, қизим кичкина, ўзим эса бегона юртларда юқумли касалликка чалиндим. Лекин инсон учун ўз юртида, яқинлари ёнида соғ-саломат яшаш энг асосий бахт экан. Бу эрда меҳнат муҳожирлари учун жуда яхши шароитлар яратилганлиги, шифокорларнинг эътибори сабабли соғлигим қайта тикланмоқда. Даволанишга ётганимга 2 ҳафтадан ошган бўлишига қарамасдан ўзимни яхши ҳис киляпман. Мен каби мўмай пул топиш илинжида ўзга юртда сарсон бўлиб юрган ҳамюртларимга зз юртида оиласи олдида ишлаб пул топиш, соғлигига эътибор қаратишини айтган бўлар эдим….. Суҳбатимиз жараёнида ўзбек аёли кўнгли тўлиб кўзига ёш олди. Ватан меҳри, она юрт соғинчи ва инсон соғлиги каби туйғулар унинг кўнглини ларзага келтиргани кўз ёшларидан ҳам сезилиб турарди…

Ҳа, бугун барча давлатларда бу каби холатлар кузатилиши табиий. Лекин инсон саломатлиги жамият учун муҳим омил эканини ҳисобга олган ҳолда ҳоҳ у муҳожир бўлсин, ҳоҳ шу давлатнинг фуқароси, сил касаллиги билан оғриган барча турдаги беморлар учун бепул тиббий хизматнинг ташкил этилгани ҳамда уларга амалий кўмак бериш мақсадида фаолият юритаётган марказларнинг борлиги эътирофга лойиқ десак асло муболаға бўлмайди.

-Биз Project Hopе Қозоғистон филиали билан бир неча йиллардан буён меҳнат-муҳожирлари ўртасида сил касаллигини олдини олиш бўйича ишламоқдамиз,-дейди Алмата шаҳридаги “Забота” кризис маркази директори Улжан Лукпанова. – Муҳожирлар билан ишлаш жуда қийин. Чунки улар ўз вақтида соғлигига эътибор қаратмайди. Оиласи учун мусофир юртларда пул топиш максади юқори бўлганлиги сабабли сил касаллиги билан оғриган меҳнат-муҳожирлари касалхонада ўз вақтида даъволанишга эътиборсиз бўлишади. Улар аниқ бир манзилда яшамаганлиги, витаминли маҳсулотларни кам истеъмол қилиши ҳамда тиббий кўрикдан деярли ўтмаслиги сабабли ҳам бу касалликни тез юқтириб олишади. Иш жараёнимизда тўлиқ тузалмасдан яна иш излаш билан овора бўлган беморлар ҳам кузатилган. Минг афсуски, меҳнат-муҳожирлари ўртасида бу касаллик билан ўлим ҳолатлари ҳам кузатилган. Лекин марказимиз ва Project Hopенинг кўмагида Тожикистон, Қирғизистон, Россия ҳамда Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини ўз вақтида сил касаллигидан тузалишига кўмаклашяпмиз. Бу борада силга қарши курашиш бўйича фаолият олиб бораётган диспансерлар, марказлар ва поликлиникалар яқиндан кўмаклашмоқда.

Тақдим этилган маълумотларга кўра, Алмата шаҳрида 45 та поликлина асосан сил касаллигига ташҳис қўйишда яқиндан ёрдам бериб келаётган тиббий муассасалардан саналаркан. Ушбу поликлиникалар дўстлик поликлиникалари деб номланиб, бу ерда қозоқ ва рус тилларини билмайдиган муҳожирлар учун ҳам энг замонавий тиббий маслаҳатлар ташкил этилгани қувонарли ҳол.

-Бизда сил билан огриган беморларни аниклаш учун барча шарт шароитлар яратилган, — дейди Алатау туманидаги 25-сонли Қалалиқ поликлиникаси бош шифокори Алия Мазбаева. – Поликлиникамизда муҳожирлан учун аниқ харита ташкил этилган бўлиб, улар тилимизни билмаса ҳам баннердаги харита ва расмлар орқали кимга мурожаат қилишини аниқлаб олиш имкониятига эгадирлар. Шунингдек, поликлиникамиз кириш жойида рус ва қозоқ тилларида видео ролик намойиши ҳам ташкил этилган. Мазкур ролик орқали муҳожирлар сил касаллигининг бошланиш аломатлари, касалликнинг кучайиши ва эътиборсизлик оқибатида келиб чиқиши мумкин бўлган салбий оқибатлар ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлишлари мумкин. Шифокорларимизнинг қабул жадваллари электрон таблоларга киритилган бўлиб, бу ҳам поликлиникамизга мурожаат қилган ҳар бир инсон учун қулай восита бўлиб хизмат қилмоқда. Сил касаллигига аниқ ташхис қўйиш борасида поликлинамиз янги техник жиҳозлар билан тўлиқ таъминланган. Ренгтген аппарати, балғамдан анализ олиш лаборотория жизоҳлари замонавий тиббий хизмат даражасида. Бу каби шарт-шароитларнинг барчаси инсон саломатлигига, соғлом жамият давомийлигига қаратилган.

Мазкур дўстлик поликникага ташрифимиз ҳамда бош шифокор билан суҳбатимиз жараёнида икки нафар Тожикистонлик йигитларнинг тиббий кўрикдан ўтишга келганлигини гувоҳи бўлдик. Улар қозоқ ва рус тилларини яхши билмасалар ҳам муҳожирлар учун яратилган интерактив маълумотлар орқали шифокорлар кўригидан ўтиш жараёнига киришиб кетишди. Ташрифимиз давомида мазкур поликлиникада инсонлар ўртасида, беморлар ва шифокорлар билан самимий дўстона мехр, илиқлик ҳамда келажакка ишонч туйғулари уфуриб турганини, ушбу даргоҳ ўз номи билан дўстлик маскани эканлигига гувоҳ бўлдик. Медиа-тур давомида Қирғизистонлик ҳамкасбларимиз фикр-мулоҳазаларига ҳам қизиқдик.

-Мазкур медиа-тур жараёнида сил касаллиги даволашга ихтисослашган шифохоналарда “Skype назорат”нинг амалиётга жорий этилгани менда катта таассурот қолдирди, — дейди Қирғизистоннинг «Ала-Тоо 24» телеканали муҳбири Эльвира Сатыбекова.  “Skype назорат” сил билан оғриган беморларни ўз соғлигига янада эътиборли бўлишларида ҳамда даволанишни тизимли амалга оширишда жуда қулай экан. Ушбу назорат тиббиёт ҳамширалари томонидан бошқариб борилиши ва ўз вақтида шифокорларга маълумот тақдим этилиши муҳожир беморлар билан ишлашни янада осонлаштиради. Бизда сил касаллигини олдини олиш бўйича замонавий мобиль телефонлари учун махсус дастурлар яратилган. Ушбу дастур орқали сил касаллигини олдини олишга ихтисослашган тиббиёт марказлари фаолияти ҳамда беморларга яратилган шарт-шароитлар ҳақида тўлиқ маълумот олиш ҳамда электрон рўйхатга ёзилиш имконияти мавжуд. Бу каби замонавий тажрибаларни ўзаро ўрганиб, фирк алмашиш ҳамда уларни амалиётга тадбиқ этиш орқали сил касаллигини олдини олишга ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз. Бугунги тадбирда ўзбек, тожик, қозоқ ҳамкасбларимдан жуда кўп маълумотлар олдим.

Айниқса, Ўзбекистонлик журналистларнинг мазкур касалликни олдини олиш борасида амалга ошираётган ишлари, ижтимоий тармоқларда веб-саҳифалар ташкил этганлиги, алоҳида веб-сайтлар яратилганлиги ҳамда сил мавзусини ёритган журналистларни миллий мукофотлари орқали рағбатлантирилиши менда катта таассурот қолдирди. Айниқса, ушбу жараёнларни амалга оширишда миллий тилда таҳлилий мақолаларни мунтазам ёритилиши, журналистлар билан фитизиатор шифокорлар ўртасида ҳамкорлик яхши йўлга қўйилганлиги эътирофга лойиқ деб ўйлайман.

 Маълумот ўрнида шуни айтиб ўтиш лозимки,  айни пайтда сил билан касалланган беморларни даволашда  беморга  йўналтирилган ёндашувлардан фойдаланишни кенгайтирилмоқда, жойларда ўтказилаётган семинар-тренинглар, давра суҳбатлари ҳамда медиа-турларда фтизиатр-шифокорлар, пульмонологлар ҳамда журналистлар ўқитилиб, аввало беморга дўстона муносабатда бўлган ҳолда ёрдам кўрсатиш, аҳоли ўртасида тушунтириш  ва профилактик ишлар кенг қамроқда олиб борилмоқда. Айниқса, муҳожир беморларга силни даволашда дори-дармон барқарорлигининг юзага келиши мумкинлиги, силнинг бошқа касалликлар билан бирикиши оқибатида ҳолатни оғирлаштириб, касалликнинг оғир босқичларини ривожланишига олиб келувчи омил бўлиб хизмат қилиши ва бу ҳолат ўлим билан якун топиши мумкинлиги ҳам тушунтирилмоқда. Натижада бугунги кунга келиб муҳожирлар ўртасида сил билан касалланиш ҳолатлари уч баробарга камайганлигини кўришимиз мумкин.  

Project Hopе томонидан ташкил этилган ижодий учрашувда мавзу дорисида мутахассислар билан мулоқот килиш, муҳожир беморлар учун яратилган тиббий шарт-шароитлар билан яқиндан танишибгина қолмасдан, сил мавзусини ёритишда журналист касб одоби, мазкур соҳага ихтисослашув борасида ҳам назарий ва амалий маълумотларга эга бўлдик. Ушбу медиа-турда иштирок этган Осиёлик журналистларни битта мақсад яъни сил касаллиги ва унинг олдини олиш мавзусига кенг жамоатчилик эътиборини жалб этиш ва  юртдошларимизни ушбу ҳавфдан огоҳлантириш борасида энг сара ижодий материалларимиз орқали ўз ҳиссамизни қўшишдан иборат бўлди. Зеро, ҳаёт давом этиши учун, тинч осмон остида меҳнат қилаётган юртдошларимиз соғлиғига ҳеч қандай касаллик хавф солмаслиги лозим. Жамият соғлиги учун, ўз соғлигимиз учун ва соғлом келажак учун соғлигимизга эътиборли бўлайлик, азиз юртдошим!