МУАММОЛАР ИЖОБИЙ ҲАЛ ЭТИЛМОҚДА

Мамлакатимизда халқ билан мулоқот қилиш, муаммоларга тезкор ва самарали ечим топиш мақсадида жойларда ташкил этилаётган оммавий қабуллар одамларнинг эртанги кунга ишончини янада мустаҳкамлаб, ҳаётдан рози бўлиб яшашига хизмат қилмоқда.
Айниқса, вилоят ҳокими фаолиятида маҳаллаларда аҳолининг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш, жойларда ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида мавжуд муаммоларга чек қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хоразм вилояти биринчи сектори раҳбари, вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Фарҳод Эрманов томонидан Янгиариқ туманида ўтказилган навбатдаги оммавий қабулда ҳам ана шу мақсад мужассам бўлди. Унда аҳолини қийнаётган муаммоларга ечим топишга ҳаракат қилинди. Мулоқотлар мазкур ҳудудларда яшаётган фуқароларда уй-жой, ер ажратиш, меҳнат муносабатлари ва бандлик масалалари, электр энергияси, газ, ичимлик суви таъминоти, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ҳолати, соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича ариза ва шикоятлар кўплигини кўрсатди.
Масалан янгиариқлик ёш тадбиркор Азиз Матяқубов қабулда туман марказида фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун ер ажратишни сўраб мурожаат қилди. А.Матяқубовнинг мурожаати шу ернинг ўзида ечим топди.
— Ўзим фармацевтика соҳасида олий маълумотга эгаман. Бир неча йиллардан буён шу соҳада фаолият юритиб келмоқдаман. Эндиликда туманда фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчиман. Бугун вилоят ҳокимига ўз бизнес режаларимни айтдим ва ер сўраб мурожаат қилдим. Менга туман марказидан ер ажратиб бериладиган бўлди. Ёш тадбиркорларга берилаётган бундай эътибор ва ҳамхўрлик учун Юртбошимизга, вилоят ва туман раҳбарларига ўз миннатдорчилигимни билдираман, — дейди Азиз Матяқубов.
Яна бир мисол Хива тумани “Индавик” маҳалласида яшовчи Зайнаб опа Аблуллаеванинг невараси Жасмина Кўпалова туғра қулоқ эшитмайдиган касаллик билан туғилган. Шу сабаб унинг пойтахтдаги операцияси учун Зайнаб амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Ҳар қандай она учун фарзандидан, неварасидан азиз, унинг саломатлигиданда муҳим нарса йўқ.
— Бугун вилоят ҳокимининг қабулида бўлдим, — дейди биз билан суҳбатда Зайнаб опа Абдуллаева. Неварам Жасмина ҳозирда 1 ёшу 7 ойлик. Унинг туғма қулоғи туғма эшитмайди. Мурожаатим амалий ечим топди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан неварам пойтахтда операция қилиниши учун барча амалий чоралар кўриладиган бўлди. Барча раҳбарларимизнинг умри узоқ бўлсин. Юртимизга, Юртбошимизнинг олиб бораётган хайрли ишларига кўз тегмасин. Эндиликда неварам тенгдошлари қатори соғлом ҳаёт кечиради, мактабни аъло баҳоларга битказиб, юртимиз корига ярайдиган фарзанд бўлиб камол топади деган ниятдаман.
Хоразм вилояти ҳокими томонидан вилоятимизнинг барча ҳудудларида ташкил этилаётган оммавий қабуллар Президентнинг виртуал ва Халқ қабулхоналари институти инсонларнинг дарду ташвишларини тинглаш, орзу-армонларини ушалтириш, муаммоларини амалда ҳал қилишдек ҳаётбахш мақсадлар йўлида ўз вақтида йўлга қўйилган самарали механизм эканини яна бир бор исботлаб берди.
— Оммавий қабулда вилоят ҳокимига 50 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушди, — дейди Янгиариқ тумани ҳокимининг ўринбосари Баҳодир Садиқов. Ушбу мурожаатларнинг 70 фоизи амалий ечим топди. Қолган мурожаатлар қонун доирасида тегишлилиги бўйича давлат ташкилотларига йўлланди. Бу каби учрашувларни ташкил этилиши жойларда аҳолини қийнаётган муаммоларга ечим топиш билан бирга, ҳудудларнинг ободлигида, қишлоқларда ишлаб чиқариш ва тадбиркорлик соҳасини ривожида ҳамда аҳоли бандлиги таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Мамлакатимизнинг барча ҳудудлари давлат бошқаруви идораларининг халқ ичига кириб бориши, барча даражадаги мутасаддиларнинг аҳоли дардини эшитиши, қувончу ташвишини теран ҳис қилган ҳолда улар билан ҳамнафас бўлиши аҳолининг оғирини енгил қилишда яқиндан кўмак бермоқда. Шунингдек, жойларда ташкил этаётган бу каби оммавий қабуллар аҳоли билан яқиндан мулоқотда бўлишда, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда, энг асосийси, Юртбошимиз айтганидек, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойилни амалда қарор топтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.