«Нуронийлар маскани» иш бошлади

Айни кунда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида мустақиллигимизнинг 26 йиллик байрамига тўёна сифатида кекса авлод вакиллари учун «Нуронийлар маскани» қад ростламоқда.

Куни кеча вилоятимизнинг Янгиариқ ва Урганч туманларида ҳам “Нуронийлар маскани” мажмуасининг очилиш маросимлари бўлиб ўтди. Туманлар марказидаги истироҳат боғида кексаларимиз учун бунёд этилган мазкур  масканнинг очилиш тадбирида вилоят фаоллари, давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари, иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фахрийлари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирда сўзга чиққанвилоят ҳокими П.Бобожонов меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, инсонийлик, бағрикенглик ва хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёш авлодни миллий анъаналаримизга садоқат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида камол топтириш ҳамда истиқлол йилларида вилоятмизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, бунёдкорлик ва янгиликлар тўғрисида сўзлаб, масканни ишга тушишида самарали меҳнат қилган туман фаолларига миннатдорчилик билдирди.

— Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг кексаларга, қарияларга бўлган хурмати чексиз экани унинг «Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида ҳам ўз аксини топган, — дейди «Нуроний жамғармаси Янгиариқ туман бўлими раиси Рўзмат Хўжаев.  – Туманимизда барпо этилган янги масканда кекса авлод вакиллари мириқиб дам оладиган, маданий хордиқ чиқарадиган, ўз соғлигини мунтазам назорат қилиб, бўш вақтларида китоб мутоала қилишадиган бўлишди.

Ўзбек ҳалқи азалдан каттага ҳурматда, кичикка изатда бўлган. Бугун вилоятимиз шаҳар ва туманларида қад ростлаётган бундай иморатлар ҳам эзгулик, тинчлик ҳамда меҳр-оқибат ҳукм сурадиган масканлардан бирига айланмоқда. Тадбир давомида туман фаоллари, меҳнат фахрийлар маскандагикутубхона, нуронийлар чойхонаси, меҳмонхона, спорт-соғломлаштириш мажмуаси, маънавият, тиббиёт хоналарида яратилган имкониятлар билан яқиндан танишибгина қолмасдан, ким ўзарга шахмат-шашка ўйнашга ҳам киришиб кетишди. Қалбида шукроналик ҳисси жўш урган отахонлар эса қўлига дутор, танбур олиб, миллий куй-қўшиқлар ҳам ҳиргойи қилишди.

-Биз кексалар бунинг учун соҳа ва туман раҳбарларига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Чунки биз истиқлолга эришилмасидан илгари  дала меҳнаткашларига фақат ишчи  кучи сифатидагина қаралган, инсоний қадр-қиммати, унинг соғлиги ҳақида ҳеч ким ўйлаб ҳам кўрмаган даврларни ҳам бошимиздан ўтказганмиз. Шунинг учун ҳам Юртбошимизнинг халқ билан мулоқот қилиб, турмушидаги муаммоларини ўрганиб, ижобий ҳал қилиб, ҳаётдан рози бўлиб яшашларига интилаётганини ўйлаганимизда бошимиз кўкка етади. Кексайган чоғимизда бўлса-да, шундай кунларга етказганига шукурлар айтиб, юртимиз эртаси бугунимиздан-да порлоқ бўлишини тилаб, дуолар қиламиз, — дейди янгиариқлик меҳнат фахрийси Розия она Искандарова.

Истиқлолимизнинг 26 йиллик байрами арафасида ташкил этилган мазкур тадбир туман аҳли учун қўшалоқ байрамга айланди. Туман истироҳат боғида истеъдодли ёшларнинг фото кўргазмалари, бадиий чиқишлари ҳамда китоб кўргазмалари ҳам ташкил этилди. Нуроний отахонлар, кекса онахонлар ёш авлод вакиллари билан дилдан суҳбат қуриб, юртимиз тинчлиги, осуда ҳаётимиз бардавомлиги, муҳтарам Президентимизнинг халқимиз бахтига соғ-омон бўлишларини тилаб дуога қўл очдилар.