ҚОНУН УСТУВОРЛИ – ХАЛҚ ФАРОВОНЛИГИ

Иқтисодий муносабатларни тартибга солиш, соҳада қонун устуворлигини таъминлаш тараққиётнинг муҳим шарти ҳисобланади. Амалдаги қонунчилик ҳужжатлари ижросини назорат қилиш, содир этилаётган ҳуқуқбузарликларга барҳам бериш борасида  Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти Хоразм вилояти бошқармаси томонидан ҳам муайян ишлар амалга ошириб келинмоқда. Хусусан,  Ўзбекистон Республикаси Президентининг иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг долзарб масалаларига оид фармонлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ижросини таъминлаш борасида мунтазам  равишда тегишли тадбирлар ўтказилмоқда.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Хоразм вилоят бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан 2018  йилнинг ўтган даврида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан 137 та жиноят ва 202 та маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар қўзғатилди. Давлат бюджетига  8755,6 миллион сўм қўшимча солиқ ва молиявий жарималар ҳисобланиб, бюджетга 5286, 2 миллион сўми ундирилишига эришилди. Давлат ва жамоат манфаатларига 9427,9 миллион сўм миқдорида зарар етказилганлиги аниқланиб, 3276,1 миллион сўми қопланди. Шунингдек, 1269,5 миллион сўмлик ноқонуний муомалага киритилган товар моддий бойликлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Валютани қонунга ҳилоф равишда муомалага киритишнинг олдини олиш борасида олиб борилган тадбирлар жараёнида 114 та  қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, натижаларига кўра 15 та  жиноят ва 99 та  маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар қўзғатилган. Ҳуқуқбузарлардан 66458 АҚШ доллари, 211900 Россия рубли, 435700 Қозоқ тенгеси ва 446,16 миллион Ўзбек сўми далилий ашё сифатида олиниб, давлат эгалигига ўтказилди.

Жумладан, жорий йилнинг август ойида қонунга хилоф равишда валюта қимматликларини олиш ва ўтказиш билан шуғулланиб келаётган шахсларни аниқлаш юзасидан бошқарма ва вилоят ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро М.А. ноқонуний равишда чет эл валюта қимматликларини муомилага киритиш яъни олиш ва сотиш билан шуғулланиб келаётганликлари аниқланди. Ушбу фуқаро 7 500 АҚШ долларини қонунга хилоф равишда 7 950 сўмдан ҳисоблаб, жами 59 миллион 625 минг сўмга сотаётган пайтда ашёвий далиллар билан қўлга олиндиҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 177-моддаси, 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.

Шунингдек, алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилишни янада тартибга солиш ҳамда спирт ва алкоголли маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва сотиш устидан давлат назоратини кучайтириш борасида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида этил спирти, акциз маркасиз, қалбаки акциз маркали спиртли, алкоголли ва пиво маҳсулотларининг ноқонуний ишлаб чиқарилиши, контрабанда йўллари билан олиб келиниши ва сотилишининг олдини олиш ва муомалага киритилишини ҳамда илдизларини фош қилиш юзасидан олиб борилган тадбирлар жараёнида 3 та ҳуқуқбузарлик аниқланиб, 2 миллион 474 минг сўмлик алкоголли маҳсулотлар далилий ашё сифатида олинди.

Департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида, коррупция ҳолатини фош этиш борасида ўтказилган тадбирлар натижасида, жами 70 та жиноят ишлари қўзғатилиб, шундан 3 холатда хокимият ходимларига нисбатан, 2 та холатда Давлат солиқ ходимларига нисбатан, 1 та ҳолатда Ички ишлар ҳамда 3 та холатда банк ходимларига нисбатан ва  61 та холатда бошқа идоралар ходимларига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, жазонинг муқаррарлиги таъминланган.

Жиноят кодексининг коррупцияга оид моддалари бўйича тахлил қилинганда, 210-модда билан 5та, 211-модда билан 19 та, 214-модда билан 5 та, бошқа моддалар билан 32 та жиноят ишлари қўзғатилган.

Коррупцияга қарши курашиш борасида ходимлар томонидан 206 маротаба профилактик тадбирлар ўтказилиб, шундан 83 маротаба оғзаки сухбат ва маърузалар хамда 123 маротаба оммавий ахборот воситалари орқали чиқишлар қилинган.

Тадбиркорлик субъектларининг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни қўллаб-қувватлаш, фаолиятидаги турли тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш борасида муайян ишлар амалга оширилиб,  24 та ҳолатда жиноят ишлари қўзғатилиб, 74 нафар ҳуқуқи бузилган тадбиркорларнинг ҳуқуқлари тикланди ва улар манфаатларига етказилган моддий зарарлар ундириб берилди.

Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш, тадбиркорларнинг ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари ва иқтисодиёт, солиқ ва валютага оид қабул қилинган қарорлар мазмун-моҳияти  юзасидан кенг омма, айниқса тадбиркорлар ўртасида тушунтириш ва профилактика ишлари олиб борилмоқда. Вилоятнинг 80 дан ортиқ чекка қишлоқларида учрашув ва давра суҳбатлари ташкил қилиниб, уларда  4 минг нафарга яқин фуқаро ва тадбиркорлар иштирок қилди. Бу каби тадбирлар натижасида 340 та хўжалик юритувчи субъектларга қонуний ёрдам кўрсатилиб, 361 та янги иш ўринлари яратилди. Янги ташкил қилинган хўжалик юритувчи субъектлар томонидан 849,4 миллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимиз иқтисодиётини янада ривожлантириш, солиқ ва валютага оид қонунлар ижросини таъминлаш, тадбиркорларга ҳуқуқий ва амалий кўмак бериш ҳамда иқтисодий жиноятларни олдини олиш орқали халқимиз фаровонлигини янада яхшилаш асосий вазифаларимиз саналади.

 

 

Ғайратжон СУЛТАНОВ

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти

Хоразм вилоят бошқармаси бошлиғи