ХУФИЁНА ИҚТИСОДИЁТ – ИҚТИСОДИЙ ЖИНОЯТ

Мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий муносабатларни тубдан ислоҳ қилиш, уларни такомиллаштириш жараёни нафақат ўтиш даври қийинчиликлари, балки ўта мураккаб ва бир-бирига зид воқеликлар билан ҳам тавсифланади.  Иқтисодиётдаги маъмурий буйруқбозлик, режали тақсимлаш ўрнини товар пул муносабатларини молиявий иқтисодий бошқариш механизмнинг эгаллаши, тадбиркорликнинг ривожланиши ва ташки иқтисодий алоқаларнинг эркинлашувидаги юқори, босқич, товар тақчилигининг йўқотилиши миллий пул-сўмнинг қадри ошиши ҳамда унинг тўлақонли тўлов воситасига айланиши ва албатта, янги қатлам-мулкдорлар қатламининг юзага келиши ўтиш даврининг муҳим хусусиятларидир.

Хуфиёна иқтисодиёт нафақат иқтисодий ижтимоий тузилмалар, жамиятдаги иқтисодий муносабатларни ўз ичига олувчи мураккаб ижтимоий иқтисодий воқелик, балки, аввало, жамият томонидан назорат қилиб бўлмайдиган, мамлакат аҳолисининг бир қисмини ташкил қилувчиларнинг шахсий ва гуруҳий манфаатларини қондириш, яъни катта миқдорда қўшимча даромад, фойда олишни кўзлаб давлат органлари бошқаруви ва назоратидан яширган ҳолда, давлат ва нодавлат мулкдан ҳамда иқтисодий бойлик, тадбиркорлик қобилиятидан жиноий йўл билан фойдаланишдир. У ошкор расмий иқтисод билан чамбарчас боғланган бўлиб, унинг таркибий қисмидир. Хуфиёна иқтисодиёт тадбиркорлари ўз фаолиятларида иқтисодий муносабатлар, хўжалик юритиш субъекти бўлмасдан, давлатнинг хизматидан, моддий-ашёвий омиллари, ишчи кучидан фойдаланиладилар.
Хуфиёна иқтисодиётнинг умумжаҳон миқёсидаги улуши ички ялпи маҳсулотнинг 5-10 фоизини миқдорини ташкил қилади. Хуфиёна иқтисодиётнинг манбалари криминал хамда криминал бўлмаган муносабатлардан келиб чикади.

Хуфиёна иқтисодиётнинг криминал муносабатлари иқтисодий жиноятларнинг барча турларини ўз ичига олади. Бундай жиноятлар ичида уюшган жиноятчилик жамият учун катта хавф туғдиради.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси хузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти олдига давлат солиқ сиёсати амалга оширилишини таъминлаш, солиққа тортиш базасини кенгайтириш, солиқ тўловчиларнинг қамраб олиниши ва ҳисобини тўлиқлигини таъминлаш, солиқларни тўлашдан бўйин товлаш, қочиш мумкин бўлган каналлари ва механизмларини, «хуфиёна» иқтисодиётнинг шаклланиши йўлларини, коррупция ҳолатларини ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш ҳамда ушбу турдаги қонун ҳужжатлари бузилишларининг олдини олиш масалалари бўйича кенг тушунтириш, профилактика ишларини амалга ошириш кабилар киради.
Бу борада Департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси томонидан ўтган давр мобайнида ўтказилган тадбирларда жами 339 та ҳолат аниқланиб, 137 та жиноят, 202 та маъмурий ҳуқуқбузарликка доир ишлар қўзғатилиб, мазкур ноқонуний ҳаракатларга барҳам берилди.

Шунингдек, яширин равишда алкоголли ва тамаки маҳсулотларини ғайриқонуний тарзда ишлаб чиқарилиши ва муомалага киритилиши билан боғлиқ 3 та ҳуқуқбузарлик аниқланиб, 2 миллион 474 минг сўмлик ноқонуний алкоголли маҳсулотлар сотувининг олди олинди. Қонун доирасида фаолият юритаётган корхона, ташкилотлар, тадбикор ва ишбилармонлар солиқ ва бошқа тўловларга оид фуқаролик бурчлари ва мажбуриятларини адо этиб, юртимиз равнақига ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар. Шу билан бирга, била туриб қонун қоидаларга хилоф иш тутаётган, хуфиёна тарзда бойлик орттиришга интилаётган «ишбилармон»лар ҳам учрамоқда, улар амалдаги қонунларни четлаб, фойда кетидан иқтисодий жиноятларга қўл ураётган фуқаролар эса нафақат жамият манфаатларига, балки ўзларига ҳам зиён етказмоқдалар.

Отабек Ходжаев
Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти
Хоразм вилоят бошқармаси катта инспектори