ТАДБИРКОРЛИКНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ДОЛЗАРБ МАСАЛА

Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар натижасида улар жамият тараққиётининг мустаҳкам таянчига айланмоқда. Бу эса иқтисодиётни эркинлаштириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш жараёнида хусусий тармоқ вакилларини ҳар томонлама ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари яратилгани ва тобора мустаҳкамланиб бораётганлигидан далолатдир.

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва эркинликларининг самарали ҳимоясини таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг энг муҳим вазифаларидан бири саналади. Бу борада тадбиркорларнинг иқтисодий эркинлигини чеклаш билан боғлиқ ҳолатларга алоҳида эътибор қаратилиши, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш, бюрократик тўсиқ ва ғовларнинг бартараф этилишини таъминлашга ҳамда уларнинг молия-хўжалик фаолиятига ҳар қандай ноқонуний аралашувга иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича давлат сиёсатига зид хатти-ҳаракат сифатида баҳоланиб, қоидабузарларга нисбатан қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарлик чораларини қатъий қўллаш белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ижроси доирасида тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш, фаолиятига тўсқинлик қилиш, уларнинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқларини паймол қилиш, турли бюрократик тўсиқлар яратиш ва ҳар ҳилдаги суиистеъмолчиликларга барҳам бериш каби масалалар юзасидан Департаментнинг вилоят бошқармаси ва ҳудудий бўлимлари томонидан тарғибот тадбирлари режа асосида ўтказилмоқда.

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, уларга берилаётган имкониятлар
ва имтиёзлар тўғрисида республиканинг олис маҳаллаларида фуқаролар ҳамда тадбиркорлар иштирокида банк, солиқ ва бошқа мутасадди идораларнинг вакиллари билан хамкорликда учрашув ва мулоқатлар ўтказилиб келинмоқда. Мазкур учрашув ва очиқ мулоқотларда фуқароларга тадбиркорлик билан шуғулланишнинг ҳуқуқий асослари атрофлича тушунтирилиб, уларни тадбиркорлик билан шуғулланишга, айниқса ишлаб чиқариш соҳасида тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлганларга берилаётган имконият ва имтиёзлар тўғрисида батафсил тушунтиришлар бериб келинмоқда.

Бу борада жорий йилнинг ўтган даврида профилактика ва қонунчилик тарғиботи бўйича амалга оширилган ишлар натижасида шаҳар ва туманлардаги маҳаллаларда 60 дан ортиқ профилактика ва тарғибот тадбирлари ўтказилиб, унда 50 нафарга яқин фуқаро ва тадбиркорлар иштирок этди.

Албатта, мамлакатмизда ривожланган давлатларда бўлгани каби, тадбиркорлар жамиятимизнинг асосий таянчига айланиб бормоқда. Уларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун етарли шарт-шароит яратилиши давлатимиз равнақи, халқимизнинг фаровонлигининг асоси эканига ҳеч шубҳа йўқ. Шундай экан, юрт тараққиёти йўлида тер тўкаётган тадбиркор ва ишбилармонларимизга, кичик бизнес ва оилавий бизнес вакилларига кўмак бериш, таянч бўлиш Департамент органларининг доимий вазифаларидан бири бўлиб қолаверади.

Бир сўз билан айтганда, ушбу саъй-ҳаракатлар тадбиркорлик фаолиятининг ҳуқуқий базасини такомиллаштирибгина қолмай, ҳунарли, тадбирли кишиларнинг кўпайишига, мамлакатимиз  иқтисодиётининг ривожланишига, иқтисодий жиноятларни олдини олишга, қонун устуворлигини таъминлашга, ишлаб чиқаришнинг барқарор ўсишига, аҳолининг манфаатларига мос иқтисодий-ижтимоий шароит яратишга ҳамда халқимиз фаровонлигини янада оширишга ўз ҳиссасини  қўшади.