МАҲАЛЛА РАИСИНИНГ ҚИЛМИШИ

Инсон зоти борки, тиним билмай тараққиёт сари одимлайди. Аммо тараққиёт ўз-ўзидан кенг ва равон йўлдан бориладиган манзил эмас. Бу йўлда одамзодга ғов бўладиган, оёғидан тортиб чалғитадиган иллатлар бор. Шундай ҳаракатлардан бири коррупциядир. Бу иллатнинг кенг тарқалган турларига порахўрлик, фирибгарлик ва товламачилик киради. Бундай жиноятларнинг содир этилиши иқтисодиётни заифлаштириб, бошқарувчи издан чиқаради. Фуқароларнинг давлатга ишончини поймол қилиб, илм-фан ва меҳнат орқали ҳалол йўл билан мақсадга эришишга тўсқинлик қилади.

Хазорасп тумани “Саидлар” маҳалласида яшовчи фуқаро Б.Собиров (исм фамилиялар ўзгартирилган) ҳам уй-жойга муҳтожлиги сабабли амалий ёрдам сўраб маҳалла раисининг қабулига борди. Давлатимиз раҳбари томонидан маҳалла инстутини қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолиятини яхшилашга бўлган эътиборга қарамай “Саидлар” маҳалла фуқаролар йиғини раиси М.Жабборов (исм фамилиялар ўзгартирилган) уй-жойга эҳтиёжи бўлган Б.Собировнинг уй-жой қуриш учун ер учатскаси олишга эҳтиёжи бўлган фуқаролар рўйхатига киритиш учун қўшимча ҳаражатлар борлигини билдирди. Лекин ёши 60ни қоралаган, ўз маҳалласида ҳурматга эга маҳалла раисининг мансаб мавқеидан фойдаланиб қўл урган порахўрлик, таъмагирлик  ҳаракатлари узоққа чўзилмади.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Хазорасп туман бўлими ходимлари томонидан фуқаро Абдуллаевнинг аризасига асосан тезкор тадбир ташкил этилди.

Департаментнинг Хазорасп туман бўлими, туман ички ишлар бўлими ҳамда туман давлат хавфсизлик хизмати ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Хазорасп тумани Питнак қишлоғи “Саидлар” маҳалла фуқаролар йиғини раиси М.Жабборов лавозими бўйича маҳалла фуқаролар йиғини қошидаги уй-жой масалалари билан шуғулланувчи жамоатчилик комиссиясининг раиси ҳисобланиб, маҳалладоши Б.Собировдан якка тартибдаги уй-жой қуриш учун ер участкаси олишга эҳтиёжманд бўлган фуқароларнинг рўйхатига киритиш учун ҳамда туман ҳокимлиги томонидан ажратиладиган ер майдонини ижобий ҳал қилиб беришни ваъда қилганлиги аниқланди. Тадбир давомида маҳалла раиси фуқаро Собировга қилинган ваъда эвазига бериши лозим бўлган 300 минг сўм пулларни пора тариқасида олаётган вақтда ашёвий далиллар билан  қўлга олинди.

Қонун устуворлиги таъминланган юртимизда ҳар қандай ножўя ва номуносиб қилмиш албатта вақти-соати билан фош этилади ва жазо муқаррарлиги таъминланади.

Хозирда мазкур ҳолат юзасидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Хазорасп туман бўлими томонидан фуқаро М.Жабборовга  нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, терговга тегишлилиги бўйича вилоят прокуратурасига юборилди.

Учқун МАДРАХИМОВ

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти

Хазорасп туман бўлими бошлиғи