МУДИРАНИНГ НАЙРАНГЛАРИ ФОШ БЎЛДИ

Таълим тарбия тараққиёти мамлакат равнақи ва тақдирига дахлдор масаладир. Шу маънода, мамлакатимизда мактабгача таълим муассаларининг фаолиятини яхшилашга, ушбу соҳани малакали кадрлар билан таъминлашга ҳамда янги педогигик технологияларни амалиётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунга қарамасдан, таълим соҳасида содир этилаётган баъзи  ноқонуний ҳаракатлар эъзозли номларга доғ туширишга, давлатимиз томонидан яратиб берилаётган имконият ва шарт-шароитларни суиъестемол қилишга олиб келмоқда.

Хоразм вилоятининг Гурлан туманида жойлашган 24-сонли мактабгача таълим муассаси мудираси М.Ҳасанова (исм фамилиялар ўзгартирилган) олий маълумотга эга, касбдошлари, ўз жамоаси орасида ҳурмат қозонган мудиралардан бири саналган. У ўзи фаолият юритаётган боғчада ҳар бир ходим билан яхши муносабатда бўлган. Ушбу муассаса ошпази С.Ботирова иш юзасидан илтимос билан мудиранинг қабулига киради. Ошпаз опа оилавий шароитига ёрдам бўлиши учун ўзи ишлаётган 0,75 штат бирлигидаги ишини 1 ставкага кўпайтириб беришни илтимос қилади. Мудира опа бу масала муаммосиз ҳал бўлиши учун озгина ҳаражат кераклигини билдиради. Яъни мудира М.Ҳасанова 200 минг сўм эвазига ошпаз С.Ботировага иш битишини билдириб, таъмагирлик қилади.

Ўзининг қонуний ҳақ-ҳуқуқларини яхши билган фуқаро Ботирова мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Гурлан туман бўлимига ариза билан мурожаат қилади.

Мазкур аризага асосан Департаментнинг Гурлан туман бўлими ҳамда туман давлат хавфсизлик хизмати билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди.

Тадбирда Гурлан туманидаги 24-сонли мактабгача таълим муассасаси мудираси М.Ҳасанова ушбу муассаса ошпази С.Ботировадан 0,75 ставкадан 1 ставкага ўтказиб бериш эвазига мансаб мавқеидан фойдаланиб, таъмагирлик йўли билан 200 минг сўм пора пулларини олаётган вақтда ашёвий далиллар билан  қўлга олинди.

Бугун тарбиячи деган муқаддас номга, замон талабига жавоб бермайдиган, бугунги кун руҳида фикрлай олмайдиган, мавқеи ва унга билдирилган ишончни шахсий манфаатлари йўлида фойдаланиш ва бойлик ортириш илинжини кўзлаган мудира опанинг ноқоқуний ҳаракатлари ҳаммага бирдек сабоқдир.

Хозирда мазкур ҳолат юзасидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Гурлан туман бўлими томонидан фуқаро М.Ҳасановага  нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, терговга тегишлилиги бўйича Гурлан туман прокуратурасига юборилди.

Ҳурматли юртдошлар! Сизнинг меҳнат фаолиятингиз, қонуний манфаатларингиз ҳамда конституцион ҳақ-ҳуқуқларингизга нисбатан юқоридаги каби қонунбузилиш ҳолатларига дуч келсангиз, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти Хоразм вилояти бошқармасининг 228-50-20 рақамли туну-кун ишловчи ишонч телефонига мурожаат қилишингизни сўраймиз.

Унутманг Сизнинг ҳуқуқларингиз қонун ҳимоясида !

Расулбек ШЕРЛИЕВ

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти

Хоразм вилояти бошқармаси бўлим бошлиғи