Ҳаракатлар стратегияси  — барқарор тараққиёт сари

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнингшу йил 7 февралдаги Фармони билан тасдиқланган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатла стратегияси давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани ривожлантириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ҳамда диний бағрикенглик муҳитини таъминлашга қаратилгани билан муҳим аҳамият касб этмоқда.

Айни кунда мазкур стратегияда белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлашда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, адлия, суд-ҳуқуқ тизими мутахассислари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, нодавлат нотижорат ташкилотлар янада самарали фаолият олиб боришга ҳаракат қилишмоқда.

Мамлакатимизда истиқлолнинг илк йиллариданоқ суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, уни фуқаролар ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ишончли ҳимоя қила оладиган мустақил давлат институтига айлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, ўтган йилларда жиноят-процессуал, фуқаролик-процессуал қонунчилиги ислоҳ этилиб, суд тизими ижро ҳокимияти органлари назорати ва таъсиридан чиқарилди.

Шунингдек, Ҳаракатлар стратегиясининг иккинчи йўналишида қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш назарда тутилган. Мазкур вазифаларни амалга оширишда фармонда белгиланганидек, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, суднинг нуфузини ошириш, суд тизимини демократлаштириш ва такомиллаштириш муҳим ўрин тутади. Бундан ташқари, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишда мурожаатларни ўз вақтида ҳал этиш, сансалорлик, расмиятчилик ва лоқайд муносабатда бўлиш ҳолатларига йўл қўйганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш, ҳамда, бузилган ҳуқуқларни тиклашнинг барча зарур чораларини кўриш масалалари ҳам мазкур ҳужжатда ўз аксини топган.

Бундан ташқари, маъмурий, жиноят, фуқаролик ва хўжалик қонунчилигини, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, юридик ёрдам ва хизмат кўрсатиш тизимларини такомиллаштириш бўйича ҳам аниқ чора-тадбирлар қайд этилган.

Ҳаракатлар стратегияси барча давлат органлари қатори адлия тизими вакилларига ҳам масъулият юклайди. Жамиятда қонун устуворлигини таъминлашда, халқ билан мулоқот жараёнларида фаол иштирок этишда ҳамда нотариал хизмат самарадорлигини янада оширишда мазкур муҳим аҳамият касб этади. Хулоса ўрнида айтганда, юртбошимиз томонидан амалиётга татбиқ этилган Ҳаракатлар статегияси халқимиз ҳаётининг янада фаровон бўлишига, ижтимоий-сиёсий, суд-ҳуқуқ соҳаларини янада ривожланишига, мамлакатимизда хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлашга, энг асосийси, инсон манфаатларининг ҳар нарсадан устун бўлишига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Саломат Бобожонова,

Янгиариқ туман Давлат нотариал идораси нотариуси