ҲУҚУҚБУЗАРГА ЧОРА КЎРИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Хоразм вилояти бошқармаси, Гурлан туман бўлими томонидан ИИБ туман бўлими билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда яна бир ноқонуний валюта савдосига чек қўйилди.

Жорий йилнинг 12 сентябрь куни Гурлан тумани деҳқон бозори ҳудудида фуқаро Давлат Мусаев (исм, фамилиялар ўзгартирилган) ҳар бир АҚШ долларини 7850 сўмдан ҳисоблаб, фуқародан 100 АҚШ долларини 785 минг сўмга сотиб олаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланди. Тадбир давомида фуқаро Давлат Мусаевнинг бозор ҳудудида балиқ овлаш анжомларини савдо қилиш ниқоби остида ноқонуний валюта савдоси билан шуғулланиб келган. У валюта савдосидан тушган пуллар учун бозор расталаридан бирида махсус сейф ясатиб, у ерда савдодан тушган пулларни сақлаб келаётганлиги ҳам аниқланди. Ушбу сейфда Д.Мусаевга тегишли бўлган 5 млн 537 минг сўм, 300 АҚШ доллари, 49 минг 900 росиия рубли ва 29 минг қозоқ тенгеси борлиги аниқланди ва ушбу пулларнинг барчаси ашёвий далиллар сифатида олиб қўйилди.

Мазкур ҳолат юзасидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Гурлан туман бўлими томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилди ва ушбу ҳуқуқбузарлик ҳаракати Гурлан туман маъмурий судига юборилди.

Мазкур ҳуқуқбузарлик иши Гурлан туман маъмурий судида кўриб чиқилди. Онлайн режимда ўтказилган судда ҳуқуқбузар Давлат Мусаев, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти Гурлан туман ходимлари ҳамда судьялар иштирок этди. Очиқ ва ошкоралик принциплари асосидан ўтказилган судда фуқаро Д.Мусаевнинг ноқонуний валюта савдоси билан шуғулланиб келганлиги ва ушбу ҳуқуқбузарлик ҳолати юзасидан тегиш маъмурий чора қўлланиб, суд қарори эълон қилинди.

 

Т. ПИРНАЗАРОВ

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти

Гурлан тумани бўлими инспектори