МУДИРА ПОРАХЎР ЧИҚДИ

Инсон зоти борки, тиним билмай тараққиёт сари одимлайди. Аммо тараққиёт ўз-ўзидан кенг ва равон йўлдан бориладиган манзил эмас. Бу йўлда одамзодга ғов бўладиган, оёғидан тортиб чалғитадиган иллатлар бор. Шундай ҳаракатлардан бири коррупция. Бу иллатнинг кенг тарқалган турларига порахўрлик, фирибгарлик, таъмагирлик ва товламачилик каби ноқонуний ҳаракатлар киради.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти Хоразм вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган навбатдаги тезкор тадбирда ФХДЁ бўлими мудирасининг таъмагирлик ҳаракатлари фош этилди.

Ургаанч туман ФХДЁ бўлими мудираси Санобар Машарипова (исм, фамилиялар ўзгартирилган) мансабдор шахс лавозимида ишлаб келиб, хизмат мавқеидан фойдаланган холда Урганчлик фуқаро Комил Омоновнинг фамилиясини ўзгартириб бериш эвазига дастлаб 300 минг сўмлик канцелярия моллари ва 100 минг сўм пулларни олган. Кейинчалик мудира С.Машарипова фуқародан иш битиши учун яна 500 минг сўм талаб қилган. Ушбу ҳолат юзасидан Департаментнинг Хоразм вилоят бошқармаси берилган ариза асосида ўтказилган тезкор тадбирда ФХДЁ бўлими мудираси ўз хизмат хонасида Урганчлик фуқародан ўзи талаб қилган 500 минг сўм пулларни таъмаргирлик йўли билан олаётган вақтда ашёвий даллилар билан ушланган.

Бундай жиноятларнинг содир этилиши фуқароларнинг давлатга бўлган ишончини поймол қилишга, илм-фан ва меҳнат орқали ҳалол йўл билан мақсадга эришишга тўсқинлик қилади. Иқтисодиётни заифлаштириб, бошқарувчи издан чиқаришгача олиб боради. Эндиликда мудира ўйламай қилган ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари учун қонун олдида жавоб беришга мажбур.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 210-моддаси 2-қисми (Пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳуқуқий таъсир чоралари қўрилмоқда.

 

Дилрабо КУРЯЗОВА

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти

Хоразм вилоят бошқармаси катта инспектори