USAID СУД-ҲУҚУҚ ЙЎНАЛИШИДА ЖУРНАЛИСТЛАР БИЛАН БИРГА

USAIDнинг Ўзбекистондаги суд-ҳуқуқ ислоҳоти бўйича дастури доирасида Журналистларни қайта тайёрлаш маркази томонидан журналистлар учун ташкил этилган семинар-тренинг мазмунли давом этмоқда.

Тренингда 20 нафардан ортиқ журналистлар гуруҳларга бўлинган ҳолда ахборот манбаси билан ишлашга, суд-ҳуқуқ мавзусини ёритишда журналистик имиджни яратиш, ҳуқуқий мавзуда факт-чекинг билан ишлаш ҳамда таҳлилий материаллар орқали соҳада мавжуд муаммолар ечимига жамоатчилик назоратини қўллаган ҳолда ечим топишга асосий эътибор қаратилди.

Тадбирда суд ҳокимияти соҳасида эришилган ижобий натижалар билан бир қаторда, ҳали ҳал этилиши лозим бўлган вазифалар, хусусан фуқароларнинг суд ҳимоясидан фойдаланиш ҳуқуқини янада кучайтириш лозимлиги, бу борада суд-ҳуқуқ идоралари ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланди.
— Семинар-тренингда суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг мазмун-моҳияти ва амалий натижалари, хусусан суд идораларининг оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда олиб бораётган ишлари таҳлил этилиб, ўзаро тажриба алмашилди. Бу жараён бизнинг фаолиятимизда катта амалий ёрдам беради, — дейди, «Ҳуқуқ ва бурч» журнали мухбири Ҳидоят Жўраева.
Тадбирда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг долзарб муаммоларини ҳал этишда давлат, шу жумладан суд-ҳуқуқ органларининг аҳоли билан очиқ, тўғридан-тўғри мулоқотини кучайтириш, жамиятда қонун устуворлигини, мамлакатда тинчлик ва осойишталик, миллатлараро тотувликнинг қарор топиши масалаларининг ОАВда кенг ёритилиш масалалари ҳам интерактив усуллар билан муҳокама қилинди.
Тадбир жараёни жонли, интерфаол ва баҳс-мунозалар билан давом этмоқда.