ИФЛОСЛАНТИРАЁТГАНИМИЗ БУ ЗАМИН – БИЗНИНГ ВАТАНИМИЗ

 Табиат ер юзидаги барча тирик мавжудотлар учун муқаддас саналади. Инсон яшаши учун зарур булган озуқа негизининг 90 фоизини ўзи яшаб турган табиат оламидан олади. Инсоннинг ўзи ҳам табиатнинг бир бўлаги эканлиги маълум. Барча нарсанинг ўз тартиб-қоидаси бўлгани каби унинг ҳам ўз қонун-қоидалари бор. Табиат меҳр берганга меҳр кўрсатади. Ёзда иссиқдан, қишда совуқдан асрайди. Биз «Табиатни севамиз» деб бонг урамиз, мавзуга оид тадбирларда иштирок этамиз, маърузалар тинглаймиз, ОАВ орқали кўп чиқишларни кузатамиз, бироқ уни асраб-авайлаш ишига масъул эканлигимизни  ҳаммавақт ҳам ёдда тутавермаймиз.

Айни кунда шаҳримизда катта бунёдкорлик ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди. Воҳамиз аҳли учун турли дам олиш масканлари, истирохат боғлари, ўйингоҳлар ҳатто катта-катта кўчалар ҳам янги қиёфани кашф этди. Лекин, биз мазкур имкониятлардан қай даражада фойланмоқдамиз?

Ҳар куни уйимиз остонасидан ҳатлаб ишга отланарканман, дилни хира қилувчи ҳолатларга дуч келаман. Кимдир целлофан халтани, яна кимдир ўзи ичган биронта яхна ичимлик «баклашка»сини шундоқ кўча юзига, ариқлар ичига ташлаб кетган бўлади. Бу, албатта, жуда хунук ҳолат. Биринчидан, бу ишни қилган одам учун одобсизлик бўлса иккинчидан, атрофдагиларга нисбатан ҳурматсизлик, қолаверса, маданиятсизлик белгиси. Энг ёмони, бир кишининг айби билан шу атрофда ахлатлар йиғила бошлайди. Ўша целлофан халта билан «баклашка» ташланган жойда бир-икки кун ичида ахлатлар уюми пайдо бўлади. Бир лоқайд кишининг айби билан тўпланган ахлат уюмига бошқа бир лоқайд одам ўт қўйиб юборади. Натижада атрофни зарарли ис гази, қоп-қора тутун қоплайди. Шу ердан ўтаётган одамларнинг нафас олиши оғирлашади. Соғлик учун жуда катта зарар ҳисобланган ис гази шамол таъсирида анча узоқларга ҳам тарқалиб кетади.

— Мен ишлайдиган коллеж Урганч деҳқон бозори яқинида жойлашган. Баъзан атрофни томоша қилиб бекатгача яёв боришни хуш кўраман. Бир-биридан чиройли иморатлар, ўқув масканлари, маданий-маиший биноларни кўриб, шаҳримиздаги ўзгаришлардан қалбим фахр-ифтихорга тўлади. Аммо баъзан шундай бинолар яқинларида, йўл бўйидаги ариқлар ичидаги ахлат уюмларига кўзим тушиб, кўнглим хира тортади, -дейди Урганч қурилиш ва касб-ҳунар коллежи ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Наргиза Бозорбоева .

Бугун Урганч шаҳримизнинг кўчалари замонавий қиёфага киришига қарамасдан, автобус бекатларида, жамоат жойларида ёшлар тугул, ёши катталарнинг ҳам писта чақиб, пўчоғини дуч келган жойга ташлаши, машина ҳайдовчиларидан тортиб, йўловчиларгача сувдан бўшаган елим идишларини машина деразасидан ташлаб юбориши одатий ҳолатга айланмоқда. Мазкур ҳолатлар майда иллат бўлишига қарамасдан кундан-кунга табиатга зарар етказиш билан биргаликда, ўзимизнинг саломатлигимизга ҳам салбий таъсир этмоқда. Бугунга келиб атроф-муҳитга бу тахлит муносабатдан биров оғринмай ҳам қўйди. Аммо унутмаслик лозимки, ифлослантираётганимиз бу замин – бизнинг ватанимиз. Унинг тупроқларида қанчадан-қанча аждодларимиз ётишибди. Ўз юртимизнинг кўркини ўз қўлимиз билан бузаяпмиз, том маънода унга хиёнат қилаяпмиз! Зотан, оиламиз, ота-онамиз, фарзандларимиз, умуман севган кишиларимизни ифлосликлардан, ёмонликлардан асраганимиз ҳолда, Ватанга айрича муносабатда бўлиш хиёнат бўлмай, нима?

Анча аввал “Дунё чиқиндихонага айланиб боряпти” деган мақолани ўқигандим. Ундаги маълумотлар агар дунё кишилари табиат билан шу тахлит муносабатда бўлишса, яъниким атроф-муҳит  тозалиги, кўча-куй, хиёбонларнинг ободонлигига барча бирдек масъулият сезмаса табиатнинг бу ишларга жавоби инсониятга оғир келишини далолат қиладиган фактларга тўла эди.

Умуман олганда атроф-муҳит тозалигига масъулият билан ёндашиш маданияти бизда нечоғли эканини, кўп қаватли уйлар ҳовлисида бетартиб сочилиб ётган чиқиндилар, ҳар хил идишлару, маҳсулотларнинг қоғоз қолдиқларидан билиб олиш мушкул эмас. Бу ҳақида қанча гапирилмасин, ёзилмасин  токи ҳар бир ўзини маданиятли деб биладиган шахс ўзини табиатга дахлдор ҳисобламас экан, кўзда тутилган  натижага эришиш қийин. Ҳар гал кўча-куй, хиёбонлардан ўтиб кетаётиб йўл устидаги семичка пўчоқлари, музқаймоқ қоғозлари, сигарета қутилари ва ҳаттоки  ичимликлардан бўшаган елим идишларни кўриб киши таъби хира бўлади. Орқасида кераксиз нарсаларни ташлаб кетаётган ўз уйи, ҳовлисида шундай қилармикинлар? Йўқ.  Ҳеч ким сигерта қолдиғи, пиводан бўшаган идиш ёки музқаймоқ қоғозини ҳовлисига ирғитвормайди.

— Шаҳримизга кўз тегмасин, кундан-кун кўркига кўрк қўшилиб бормоқда. Айниқса, бир-биридан гўзал қад кўтарган баланд биноларни айтмайсизми! Кўрган сари кўзинг яшнайди. Мана шундай ёқимли ўйлар билан шаҳримиз кўчаларини кезар эканман, баъзан кўп қаватли аҳоли турар жойи ёнидан ўтаётиб, бироз оғринасан киши. Гоҳида ана шу кўп қаватли уйнинг атрофида елим халталарга солинган ахлатларга кўзим тушади. Ширинликлар, турли ичимликлар қолдиқлари ҳам бундан мустасно эмас. Шу онда бир савол туғилади, ҳовлида истиқомат қилаётган одамларнинг аксарияти кўчага, уй-жойига, унинг озодалигига алоҳида эътибор беришади-ю кўп қаватли хонадонларда яшовчи инсонларнинг аксарияти эса эътиборсизроқ бўлади. Аслида атроф-муҳитни асрашда, уни тоза ва озода сақлашда мактаб, маҳалла, оила, ҳамма бирдек масъулдир, — дейди шифокор Гулшода Ҳайитова .

Аслида атроф – муҳитга бўлган муносабатимиздаги  энг катта хатомиз бу- лоқайдлигимиз. Чунки кўчада юрганда қўлимиздаги ортиқча нарсаларни ахлат қутиларга ташламай дуч келган жойга улоқтириб, йўлимизда давом этаверамиз. Айрим ҳолларда  уйимиздан чиққан ахлатларни 10-15 қадам юришга эриниб, ахлат ташлайдиган  махсус қутиларга ташламасдан ариқчаларга ташлаб кетамиз. Лекин бундай салбий одатларимиз билан фарзандларимизга ўрнак бўлаётганимизни эътиборга олмаймиз. Улар катталарда кўрганларини ҳаётга тадбиқ этишади. Болаларимизга чиқинди тўла халтани бераётиб, «бор ахлатни ташлаб кел» дейишга ёки уларнинг шундоқ кўз ўнгида ичимликлардан бўшаган идиш, музқаймоқ қоғозларни тўғри келган ерга улоқтиришдан уялмаслигимизни нима билан изоҳлаймиз? Фарзандларимизга чиройли кийиниш, тил ўрганиш ва ҳоказо маданиятларни ўргатамизу кези келганда энг зарур ҳисобланган, кишининг маънавий даражасини белгилайдиган тозаликка эътибор қоидаларини ўргатишга у қадар эътибор қаратмаймиз. Тўғрироғи, майда иллатларга бепарволигимиз, фарзандлар тарбиясида улкан фожеаларни келтириб чиқиши мумкинлиги ҳаёлимизга келмайди ҳам.

Мен шу ўринда яна бир масалага эътибор қаратмоқчиман. Ҳар куни эрталаб Урганч шаҳар ободонлаштириш бошқармаси ишчилари кўчаларни, ҳиёбонларни, ариқларни топ-тоза қилиб супурадилар, махсус машиналарда ахлатлар олиб чиқилади. Бироқ, айрим фуқаролар ана шу қилинган меҳнатнинг натижасини чуқур ҳис қилмайдилар, қадрламайдилар. Тамаки қолдиғини чекиб бораётиб ерга ташлайдилар… Ваҳоланки, кейинги пайтларда шаҳар кўчаларида махсус қутилар ўрнатилган…

Хулоса ўрнида шуни айтишни лозим топдикки, бугунги кунда дунё аҳлини ўйлантириб келаётган экологик муаммолар барчани бирдек огоҳликка, табиатга нисбатан меҳр-шафқатли бўлишга ундайди. Биз юқорида тилга олинган муаммо ва камчиликларни бартараф этишда жамоатчилик назорати ҳам энг муҳим рол ўйнайди. Зеро, юртимизда атроф-муҳит софлигини таъминлаш, аҳоли ўртасида экологик маданиятни оширишга қаратилган бир қатор давлат ва нодавлат ташкилотлари фаолият юритмоқда. Бундан ташқари мазкур соҳадар 100 дан ортиқ қонун ва қонун ости ҳужжатлари қабул қилинган.

Атроф-муҳитимизни муҳофаза қилишимиз, ўзимизнинг соғлигимиз, келажагимиз муҳофазасидир. Мамлакатимизда инсонларнинг табиат бойликларига муносабати, бурч ва масъулиятлари Бош Қомусимизда ўз аксини топган. Конституциямизнинг 50-моддасида: «Фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар», 55-моддасида: «Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий заҳиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир», деб белгилаб қўйилган.

Бундан ташқари, 2013 йилда кучга кирган «Экологик назорат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида ҳам белгилаб қўйилганидек, мамлакатимиз фуқаролари бизни ўраб турган яшил оламга, табиий заҳиралар – ер, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, наботот олами, ер ости бойликларига умуммиллий бойлик сифатида муносабатда бўлишга ҳам мажбур, ҳам масъулдирлар.

 

Дилрабо КУРЯЗОВА

журналист