ХАЛҚ ҚАБУЛХОНАСИ: МУРОЖААТ ВА ИЖРО

Айни кунда барча соҳаларнинг изчил ривожланаётганлиги, халқимиз турмуш фаровонлигини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар одамларнинг кайфиятини кўтариб, эртанги кунга ишончини мустаҳкамламоқда. Айниқса, Президентимизнинг виртуал қабулхонаси одамлар оғирини енгил қилиш, уларнинг муаммоларини ҳал этишда муҳим аҳамият касб этаётир. Шунинг натижаси ўлароқ мамлакатимизда давлат органлари билан аҳоли ўртасида мулоқотни такомиллаштириш бўйича ўнлаб қонунлар, меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди.

Юртдошларимиз бугун республикамизнинг барча туман ва шаҳарларида ташкил этилган Халқ қабулхонасига  ўз таклифларини, муаммо ва камчиликларни очиқ-ойдин билдирмоқдалар. Мамлакатимиз раҳбарининг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони асосида ташкил қилинган мазкур институт жамиятимизда адолат устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг эртанги кунга ишончини мустаҳкамлашда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.Ўзбекистон Республикаси Президентининг Хоразм вилояти Халқ қабулхонаси фаолияти мисолида бунга яна бир карра ишонч ҳосил қилиш мумкин.

Мазкур масканнинг асосий мақсади “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган тамойилни ҳаётда қарор топтиришдан иборат. Бугун бу ерга келиб тушаётган мурожаатларни қонунчиликка қатъий риоя қилган ҳолда, ўз вақтида, холис кўриб чиқиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш каби қатор вазифалар зиммамизга юклатилган. Жорий йилнинг ўтган 3 ойи давомида фуқароларимиздан 2000 га яқин мурожаат келиб тушган бўлиб, 900 дан ортиқ  мурожаатларда кўтарилган муаммолар ўз ечимини топди. Шунингдек, мурожаатларнинг 1122 таси ҳудуд ташкилотларига, 194 таси юқори ташкилотларга юборилган ва 395 таси Халқ қабулхонасида кўриб чиқилган. Таҳлилларга кўра, ер ва уй-жой, иш билан таъминлаш, моддий ёрдам, пенсия ва нафақалар, тадбиркорлик каби масалаларда кўплаб мурожаатлар бўлаяпти. Уларнинг ечими топилиб, ижроси назоратга олинмоқда. Мурожаатлари ўз вақтида ечим топган фуқароларимиздан 20 нафардан ортиғи Халқ қабулхонасига ўз мминнатдорчилик хатларини ёзиб жўнатганлар.

Масалан, жорий йилнинг февраль ойида  Шовот тумани Ҳуррият қишлоғи Қозоққалъа маҳалласида истиқомат қилувчи Ойбек Ваисов вояга етмаган фарзанди Суннатбекнинг касаллиғи оғирлиги ва Ҳиндистонда операция қилиш учун хорижга чиқиш ҳужжатларини расмийлаштиришда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Мазкур фуқаронинг мурожаати бир кунда ўз ечими топди. Уларга зудлик билан биометрик паспорт ҳамда чет элга чиқиш рухсатномаси расмийлаштириб берилишида амалий ёрдам кўрсатилди. Ҳозирда О.Ваисовнинг фарзанди ўз уйида, ота-онасининг олдида соғ-саломат юрибди.

Шунингдек, Гурлан тумани “Олға” қишлоғи “Пахтачи” маҳалласида яшовчи Ҳамиджон Вапаев айрим сабабларга кўра иш жойидан бўшаган ва ишсиз юрган вақти учун компенсация олишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Мазкур фуқаронинг мурожаати ҳам ўрганиб чиқилди ва Ҳ.Вапаевга уч миллион сўмга яқин компесация пули тўланишда амалий ёрдам кўрсатилди.

Яна бир мисол, Хива шаҳри Ангариқ маҳалласидан фуқаро Муҳаббат Саидова фарзанди Мухлиса Отаназаровада икки томонлама сурункали сенсоневрал эшитиш заифлиги касаллиги мавжудлиги, уни Тошкент шаҳридаги шифохонада даволатишда амалий ёрдам сўраган эди. Мазкур мурожаат вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан ўрганиб чиқилди ва М.Саидованинг фарзандига Республика ихтисослашган педриатрия илмий амалий тиббиёт марказига кўрик ҳамда даволаниш учун йўлланма берилди.

Юқоридагиларга ўхшаган кўпгина мурожаатлар ечимида вилоятдаги давлат ташкилотлари, бошқармалар ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳам яқиндан ҳамкорликда фаолият олиб бормоқдалар.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Хоразм вилояти Халқ қабулхонасида вилоят ҳокимлиги ва ҳуқуқ тартибот органлари жумладан, ҳафтанинг ҳар Жума куни вилоят ҳокими, Чоршанба куни вилоят прокурори, Пайшанба куни вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи ва Сешанба куни вилоят ИИБ бошлиғи томонидан жисмоний ва юридик шахслар вакиллари қабули ташкил этилган бўлиб, жойлардаги муаммоларни бартараф этиш юзасидан улар томонидан аҳоли билан очиқ мулоқотлар олиб борилмоқда.

Бугун Халқ қабулхоналарида оддий одамларнинг мурожаатлари тинглангмоқда, муаммо ва ташвишлари қисқа вақтда самарали ҳал этилмоқда.
Мурожаат билан келган фуқаролар учун кутиш, рўйхатга олиш, она ва бола, тиббиёт ҳамда барча соҳа бўйича йиғилаётган мурожаатлар архив хоналари намунали тарзда жиҳозланган бщлиб, уларнинг барчаси юртдошларимиз хизматида.

Хулоса ўрнида айтганда, оила, маҳалла, жамият ва Ватанимизнинг бугуни, эртаси ҳеч биримизни бефарқ қолдирмаётганлиги юқорида биз таҳлил қилган Ҳалқ қабулхоналари мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Аслида республикамизнинг барча ҳудудларида фаолият олиб бораётган мазкур даргоҳларда йирик ҳарфлар билан ёзиб қўйилган “Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш — одамийликнинг энг олий мезонидир” деган сўзлар моҳиятида ҳам ана шундай улуғворлик, инсонийлик ва масъулиятли вазифа мужассамдир.