ЭКСПОРТЁР КОРХОНА

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчилар учун кенг имкониятлар яратилиб, солиқ тўловларидан бир қанча имтиёз ва преференциялар амалиётга татбиқ этилмоқда. Бу эса чекка ҳудудларда ҳам ишлаб чиқариш корхоналарининг фаолияти йўлга қўйилиб, аҳоли бандлигини таъминлашда, миллий маҳсулотларнинг жаҳон бозорида ўз ўрнига эга бўлишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Хонқа туманида фаолият юритиб келаётган «СILASUN ТАSHКЕNT» қўшма корхонаси шаклидаги масъулияти чекланган жамияти ҳам ана шундай фаол тадбиркорлик субъектларидан бири саналади.

«СILASUN ТАSHКЕNT» қўшма корхонаси 2009 йилда ўз фаолиятини бошлаган. Йилига 2000 тонна пахта толасини қайта ишлаб, ип-калава ишлаб чиқаришга ихтисослашган ушбу корхонада айни кунда 80 нафарга яқин ишчи хизмат қилиб келмоқда. Ўтган давр мобайнида корхонага 2,8 млн. АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри инвестиция киритилди. Корхонада ишлаб чиқариш, сифатни бошқариш тизимининг ISО 9001:200 тадбири йўлга қўйилган. Ҳозирда ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг асосий қисми Россия Федерацияси, Белоруссия, Польша давлатларига экспорт қилинмоқда. Шунингдек, 2016 йилдан буён корхонанинг Белоруссия давлати Минск шаҳрида ташкил этилган «Ўзбек-Беларусь» Савдо уйи ҳам фаолият кўрсатмоқда.

— Қўшма корхонамиз масъулияти чекланган жамияти шаклида ташкил этилган. Жамият томонидан 2017 йилда 663,9 тонна ип-калава ишлаб чиқарилди. Шундан ишлаб чиқарилган ип-калаванинг 468 тоннаси хориж давлатларига экспорт қилинишига эришилди. Ҳозирда 30 нафарга яқин коллеж битирувчиларини иш билан таъмин- лаганмиз. Маҳсулотларимизга республикамизнинг барча ҳудудлари ва хорижий давлатларда ҳам талаб катта. Корхонамиз ишчилари хориждан келтирилган замонавий дастгоҳларни бош-қармоқдалар. Албатта, бундай самарадорликка эришишимизда давлатимиз раҳбарининг фармон ҳамда қарор- лари муҳим ўрин тутмоқда. Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича тақдим этилган имтиёзлар фаолиятимизни янада кенгайтириш, корхонамизни замонавий технологиялар билан таъминлашимизда ҳамда ёшлар учун янги иш ўринлари яратишда муҳим аҳамият касб этади, — дейди «СILASUN ТАSHКЕNT» қўшма корхонаси раҳбари Юсуфжон Содиқов.

Мазкур корхонада жорий йилнинг ўтган ойларида 200 минг АҚШ доллари миқдоридаги ип-калава маҳсулотлари экспорти амалга оширилди. 2017-2019 йилларда мазкур корхона тикув ва тикув-трикотаж тармоқларини янада ривожлантириш, ярим тайёр енгил саноат маҳсулотларини ишлаб чиқарадиган корхоналарнинг ускуналарини замонавий ва энергиятежамкор ускуналарга алмаштириш орқали модернизация қилиш бўйича инвестицион лойиҳаларнинг манзилли дастурига киритилган. Ушбу лойиҳалар доирасида корхонага сотиб олиниши режалаштирилган замонавий дастгоҳлар бўйича Германиянинг йирик компаниялари билан импорт шартномалари имзоланган. Ҳозирда хориждан келтирилиши режалаштирилган замонавий дастгоҳлар учун зарур бўлган қурилиш ишлари тўлиқ якунига етказилган. Режадаги янги лойиҳа асосида корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати яна 2 баробарга ошади, шунингдек, 50 та янги ишчи ўринлари яратилади.

— Корхонамизда унумли меҳнат қилишимиз учун барча шароитлар яратилган, — дейди корхона ишчиси Шаҳноза Мирзаева. – Цехларимиз кенг, ёруғ, тоза. Ҳар биримиз махсус кийим билан таъминланганмиз. Дам олиш соатлари доимо мазмунли ўтади. Ойлик маошларини ўз вақтида оламиз. Ишга бориб келиш учун транспорт хизмати йўлга қўйилган. Шунингдек, ишчи-хизматчиларга тиббий хизмат ҳам кўрсатилмоқда.

Бугун вилоятда «СILASUN ТАSHКЕNT» сингари қўшма корхоналар сони йил сайин ортиб бормоқда. Айниқса, туман ва қишлоқларда ишлаб чиқариш ва саноат соҳасининг ривожига қаратилаётган эътибор, тадбиркорлар учун яратилаётган солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар, ўз навбатида, иқтисодий соҳа ривожи йўлида муҳим аҳамият касб этаётир.

Қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги ортиқча тўсиқ ҳамда ғовларни бартараф қилиш, айниқса, солиқ юкини пасайтиришга қаратилган тизимли ислоҳотлар ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда, ишлаб чиқариш самарадорлигини янада юксалтиришда, энг муҳими, янги инновацион технологияларни амалиётга татбиқ этишда катта замин яратмоқда.