ДЕПАРТАМЕНТ ФАОЛИЯТИ ТАКОМИЛЛАШМОҚДА

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида бизнес ҳамжамияти ва давлат органлари ўртасида самарали мулоқот ва соғлом шерикчилик механизмларини йўлга қўйиш, хусусий мулкчилик ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли муҳофаза қилиш кафолатларини кучайтириш бўйича қатор вазифалар белгиланган. Шунингдек, тадбиркорлар билан бизнес муҳитини такомиллаштириш масалалари бўйича долзарб ахборот алмашинувининг доимий каналини, аввало вилоятлар, шаҳарлар ва туманларда жорий этиш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг амалий натижаларига эришиш мақсад қилинган.

Қолаверса, мамлакатимизда бизнесни ташкил этиш ва юритишда аҳолига ҳар томонлама кўмак бериш, жумладан, тадбиркорлик субъектларига сифатли давлат хизматлари кўрсатишни таъминлашга устувор аҳамият қаратилмоқда. Жумладан, Президентимизнинг 2018 йил 23 майдаги “Бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини тубдан ошириш ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу  борадаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйишни кўзда тутади.

Мазкур ҳужжатга асосан, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментининг фаолияти қайта кўриб чиқилди ва у Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти этиб қайта ташкил этилди.

Эндиликда мазкур Департамент ва унинг ҳудудий боршқармалари Бош прокуратураси ҳузурида иқтисодий ва коррупциявий жиноятлар, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш ҳолатлари бўйича тезкор-қидирув фаолияти, терговга қадар текширув ва суриштирувни, шунингдек, мазкур жиноятлар содир этилиши оқибатида етказиладиган иқтисодий зарарнинг қопланишини амалга оширувчи мустақил ихтисослаштирилган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган саналади.

Янги ташкил этилган давлат органига ушбу ҳуқуқий ҳужжат орқали бир қанча долзарб вазифалар ҳам белгилаб берилган. Улар асосан иқтисодий жиноятларга ва коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни комплекс таҳлил қилиш ҳамда қонунчиликни ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишдан, инсофли тадбиркорлар, чет эл инвесторларини улар фаолиятига давлат органлари ва ташкилотларининг ноқонуний аралашувидан ҳимоя қилиш, бизнесни ривожлантиришга тўсқинлик қилувчи сунъий бюрократик тўсиқ ва ғовларга чек қўйиш, импортни оптималлаштиришга ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт салоҳиятини оширишга кўмаклашишдан иборат.

 

Отабек Ходжаев

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти

Хоразм вилоят бошқармаси катта инспектори