ХОРАЗМ «РАҚС СЕҲРИ»НИНГ МЕЗБОНИ

Халқимизнинг моддий-маънавий мероси, урф-одат ва анъаналари, миллий ҳунармандчилиги, тасвирий, амалий санъатини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, уларни юртимизда ва халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш, шунингдек, сайёҳлик, ҳунармандчилик ва маданий соҳалардаги ҳамкорлик алоқаларини такомиллаштириш ҳамда туризм салоҳиятини комплекс ривожлантириш мақсадида вилоятимизда ўтказилиб келинаётган «Рақс сеҳри» анъанавий фестивалига шу кунларда қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. «Рақс сеҳри» фестивалини жорий йилнинг 14-15-16 сентябр кунлари Хива шаҳрида ўтказилиши режалаштирилмоқда. Вилоят ҳокимлигида анъанавий фестивалга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича бўлиб ўтган ташкилий қўмитанинг йиғилишида ушбу нуфузли тадбирнинг дастурларини тайёрлаш учун юксак маҳоратга, иқтидорга эга бўлган режиссёрлар, бастакорлар, балетмейстерларни жалб этиш ва кун тартибига қўйилган бошқа масалалар кўриб чиқилди. Фестивал доирасида вилоятдаги мусаввирлар ва ҳунармандлар томонидан тайёрланган тасвирий ва амалий санъат намуналаридан иборат кўр- газмалар ташкил этилади. Қадимий ва навқирон Хива шаҳрига ташриф буюрган меҳмонлар тарихий обидаларни томоша қиладилар ҳамда фолклор этнографик ансамбларининг ранг-баранг ижодиётидан баҳраманд бўладилар. Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Гавҳаржон Матёқубованинг қайд этишича, бу йилги фестивал янги истеъдод эгаларини кашф этиб, уларни рақс санъатининг янги уфқлари сари йўналтиради.