ХОРАЗМДА “ДАМАС” ФИРИБГАРИ УШЛАНДИ

Бугунги кунда мамлакатимизда миллий автомашиналарнинг эркин савдоси учун барча имкониятлар яратилганлиги, бу йўналишда ноқонуний олди сотди билан шуғулланиш қандай жавобгарликларга олиб келиши мумкинлиги бўйича тарғибот тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Афсуски ҳали ҳам айрим шахслар томонидан белгиланган талабларга бўйсунмасдан, ноқонуний фаолият билан шуғулланиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Хусусан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан автотранспорт воситаларини автосалонлардан ноқонуний равишда олиб чиқиб бериш, расмийлаштириш билан боғлиқ коррупция, фирибгарлик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш каби ҳолатларнинг олдини олиш борасида тадбирлар ўтказилиб келинмоқда.
Куни кеча Департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ана шундай фирибгарлик ҳолатига чек қўйилди.
Хонқа тумани, Аҳиллик маҳалласида яшовчи фуқаронинг Департаментнинг Хоразм вилояти бошқармасига қилган мурожаатида кўрсатилишича “Дамас” русумли автомашинасини сотиб олмоқчи эканлигини, унга Урганч шаҳрида яшовчи, “Хоразмавтосавдо” МЧЖда ишлайдиган А.Ж “Дамас” русумли автомашина сотиб олиш шартномаси учун 1100 (бир минг бир юз) АҚШ доллари талаб қилганлиги билдирилган.
Хонқалик фуқаронинг аризаси юзасидан 2018 йил
25 август куни Департаментнинг Хоразм вилоят бошқармаси ва Хоразм вилояти ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди.
Урганч шаҳрида ўтказилган тадбирда фуқаро А.Ж. автосалондаги танишлари орқали “Дамас” русумли автомашина шартномасини тез орада олиб бериш эвазига фирибгарлик йўли ундан 1100 АҚШ долларини олган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Ноқонуний даромад орттиришни кўзлаб қинғир йўл билан нотўғри манзил сари отганланган фирибгар А.Жнинг ҳатти-ҳаракати узоққа чўзилмади. Ҳозирда мазкур холат юзасидан Департаментнинг вилоят бошқармаси томонидан фуқаро А.Жга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 1-қисми ва 28,211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, терговга тегишлилиги бўйича Хоразм вилоят прокуратурасига юборилди.