ЭЛЕКТРОН ҲИСОБ-ФАКТУРА ҚОИДАЛАРИНИ БИЛАСИЗМИ?

Бугунги кунда корхона ва ташкилот раҳбарларининг давлат ва жамият олдидаги иқтисодий ва ҳуқуқий онгги тобора ортмоқда. Буни солиқ тизимидаги ўзгаришлар айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги фармонининг таъсир доирасидан ҳам билиш мумкин.
Хоразм вилоятида юридик шахс мақомида фаолият кўрсатаётган 19762 та корхона мавжуд бўлиб, бугунги кунга 676 та корхонанинг товар айланмаси 1 миллиарддан ошган. Солиқ ислоҳотлари концепциясига биноан 2018 йил якунига кўра, жами умумбелгиланган солиқларни тўловчилар 1200 тага етиши кутилмоқда.
Вилоят давлат солиқ бошқармаси ҳамда ҳудудий давлат солиқ хизмати органлари умумбелгиланган тартибда солиқларни тўлашга ўтаётган хўжалик юритувчи субъектлар билан ишлаш мақсадида 2018 йилни 1 миллиард сўмдан ортиқ товар айланмаси билан якунлаши кутилаётган ягона солиқ тўловчи корхоналарнинг фаолият тури ва ҳудуди бўйича ажратиб, амалий ёрдам кўрсатиладиган 846 та номзод хўжалик юритувчи субъектнинг рўйхатини шакллантирди. Мазкур корхоналарга умумбелгиланган тартибда солиқ тўлашга ўтиши тўғрисида ахборот коммуникация технологиялари ёрдамида уларнинг шахсий кабинетига электрон тарзда хабарномалар юборилди.
Солиқ тўловчиларга солиқ ислоҳотларидаги ўзгаришларни тарғиб қилиш учун ҳар бир шаҳар ва туманлардаги рўйхати шакллантирилган корхоналарнинг раҳбар ва ҳисобчилари давлат солиқ инспекциясига таклиф этилиб, ДСҚ Малака ошириш маркази Хоразм бўлими мутахассислари томонидан махсус ўқув машғулотлари бошлаб юборилди. Бундан ташқари, “Солиқ-сервис” давлат унитар корхонаси масъул ходимлари вилоятда фаолият юритаётган 150 та корхона раҳбарлари ва бухгалтерларига электрон ҳисоб-фактураларини юритиш қоидаларини ўргатишди. Эътиборлиси умумбелгиланган солиқ тўлашга ўтаётган ҳар бир корхонага ҳудудий давлат солиқ хизмати органларининг ходимлари бириктирилиб, йил якуни бўйича биринчи маротаба топшириладиган ҳисоботлар ёки тўлдириладиган электрон ҳисобварақ-фактуралари биргаликда амалга оширилади.

Санжар Ҳудойберганов,
Хоразм вилояти ДСБ бош инспектори