ҚЎЛБОЛА ИСИТИШ МОСЛАМАСИ «СОТУВЧИ»ЛАРИ ФОШ ҚИЛИНДИ

Ҳаво ҳароратининг кескин пасайиб кетиши билан фуқароларимиз томонидан хонадонларни иситиш мақсадида турли хилдаги ёқилғи маҳсулотлари, ҳар хил турдаги иситиш печлари ва газ ускуналаридан фойдаланишга бўлган эҳтиёж кундан кунга ошиб боради. Бу эса ўз навбатида ёнғин ва техника хавфсизлиги қоидалари талабларини бузилиши натижасида хонадонларда табиий газ ва ҳаво аралашмасининг чақнашига, фуқароларнинг ис газларидан захарланиб қолиш эҳтимолининг ошишига олиб келиши табиий.
Афсуски жойларда олиб борилаётган тушунтириш ва тарғибот тадбирларига қарамасдан аҳоли орасида табиий ва ис газларидан заҳарланиш, турли хил тан жароҳатлари олиш билан боғлиқ нохуш ҳолатлар учрамоқда. Ана шундай бахтсиз ҳодисалар келиб чиқишининг олдини олиш ҳамда хавфсиз фойдаланиш қоидаларини аҳолига кенг миқёсда тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб бориш мақсадида 2018 йил 1 ноябрда Вазирлар Маҳкамасининг “Аҳоли хонадонларида иситиш тизими ва ёқилғи маҳсулотларидан фойдаланишда хавфсизлик талабларига риоя этилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу қарорнинг 5 – қисмига биноан Давлат солиқ қўмитасига қўлбола ясалган ностандарт иситиш мосламаларини ишлаб чиқариш ҳамда уларнинг бозорлар ва турли савдо шохобчаларида сотилишининг олдини олиш бўйича қатъий чоралар кўриш вазифаси топширилди.
Ушбу қарорнинг ижроси юзасидан Хоразм вилояти давлат солиқ бошқармаси томонидан белгиланган тартибда қатъий чоралар ишлаб чиқилди. Яроқсиз, носоз, қўлбола ясалган иситиш печлари ва газ мосламаларини ишлаб чиқариш ва аҳолига сотишнинг олдини олиш мақсадида профилактик тадбирлар амалга оширилди. Тадбир давомида Хонқа туманида истиқомат қилувчи фуқаро Б.С. ҳеч қандай ҳужжатларсиз қўлбола, ностандарт ясалган иситиш мосламаларини ишлаб чиқараётгани аниқланиб, белгиланган тартибда далолатнома расмийлаштирилди. Натижада ушбу “ишбилармон”нинг 6 турдаги умумий баҳоси 10850,0 минг сўмлик товар моддий бойликлари ашёвий далил сифатида вақтинча сақлаш учун олиб қўйилди.
— Аксарият холларда ис газидан заҳарланиш ва газдан чақнашлар қўлбола ясалган ва чет элда ишлаб чиқарилган сертификатга эга бўлмаган иситиш ускуналари, газ сўриш насосларидан фойдаланиш оқибатида юзага келмоқда, — дейди вилоят Давлат солиқ бошқармаси катта инспектори Дилшод Исоқов. – Барча тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларга эслатиб ўтмоқчиманки, бундай назорат тадбирлари бутун вилоятимиз бўйлаб олиб борилмоқда.
Сиз қўлда ясалган ностандарт иситиш мосламалари ишлаб чиқарилаётганлигидан ёки уларнинг савдосидан хабардормисиз? Агар шундай бўлса, ҳудудий давлат солиқ инспекцияларига ўз вақтида мурожаат қилинг. Унутманг, хавфсизлигимиз ва тинчлигимиз учун ҳар биримиз масъулмиз.

Ромон АТАЖОНОВ,
Хоразм вилояти ДСБ жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси бошлиғи