Юртдошларимизда Халқ қабулхоналаридан розилик ҳисси ошмоқда

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида Хоразм вилоятида фаолият юритиб келаётган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонасидан аҳолининг  мамнунлик ҳисси ортиб бормоқда.

Бугун ҳар бир раҳбардан одамлар дарди билан яшаш, уларнинг муаммоларини вақтида ҳал этиб, фаровон турмушини таъминлашни даврнинг ўзи талаб этмоқда. Халқ билан доимий мулоқот қилиш, уларнинг мурожаат ва шикоятларини тинглаб, камчиликларни шу ернинг ўзида бартараф этиш яхши самара бермоқда. Бу борада давлатимиз раҳбарининг фармони асосида ташкил этилган Халқ қабулхоналари аҳоли учун жуда катта қулайлик туғдирмоқда.

– Фуқаролар ўзларини ташвишга солаётган муаммоларга, жойларда йўл қўйилаётган хато ва камчиликларга бефарқ бўлмай, уларнинг барҳам топиши учун жон куйдирмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Хоразм вилоятидаги Халқ қабулхонаси раҳбари С.Бердиқиличев. -Айрим маҳаллий давлат бошқаруви ва хўжалик органлари раҳбар ҳамда мутасадди ходимларининг жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига эътиборсизлиги натижасида фуқаролар дарду ташвишларини етказиш учун Тошкент шаҳрига боришга мажбур бўлар эди. Халқ қабулхоналари мана шундай ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Эндиликда фуқаро ҳақ бўлса, ариза, шикоят ёки таклифи вилоят, шаҳар ва туманнинг ўзида қисқа вақтда ечим топаётир. Бунинг учун узоқ йўл босиб, овора-ю саргардон бўлишга эҳтиёж йўқ. Ҳеч бир мурожаат эътибордан четда қолаётгани йўқ.

Вилоят Халқ қабулхонасига ташриф буюрар эканмиз, мурожаат этувчи фуқароларимиз учун яратилган барча шароит ва қулайликларни кўриб гувоҳи бўлдик. Бу ерда кутиш заллари, она ва бола, тиббиёт хоналари замонавий жиҳозланган. Асосий эътибор мурожаат этаётган фуқароларнинг ариза ва шикояти белгиланган тартибда холислик тамойиллари асосида кўриб чиқилишига, ва уларнинг ижобий ечимига қаратилмоқда. 2017 йил 24 ноябрь ҳолатига кўра, вилоят Халқ қабулхонасига 17 минг 358 мурожаат келиб тушган. Уларнинг аксарияти уй-жой, қурилиш ва коммунал соҳа, иқтисодиёт ва тадбиркорлик, суд-ҳуқуқ ва ижтимоий соҳага оид масалалардир.

Ариза ва шикоятларнинг 2 минг 313 таси суд-ҳуқуқ соҳасига, 3 минг 185 таси уй-жой, якка тартибда уй-жой қуриш учун ер ажратиш, 1 минг 143 таси табиий газ, электр таъминоти, тоза ичимлик суви ва коммунал тўловларни ҳисоблаш масалалари, икки мингтаси иш билан таъминлаш бўйича рўйхатга олинган. Мурожаатларнинг 13 минг 864таси қаноатлантирилган, 2 минг 656 таси бўйича асослантирилган ҳуқуқий тушунтириш берилган, 14 минг 148 таси тааллуқлилиги бўйича тегишли давлат ва бошқа хўжалик органлари томонидан кўриб чиқилмоқда.

Янгиариқ тумани “Қўриқтом” қишлоғида яшовчи Қадамбой ота Бекчанов пенсионер. Оиласида кўп жон бўлиб яшашади. Келинлари маълумотли бўлишига қарамасдан ишсиз. Қ.Бекчанов икки нафар келинини ишга жойлаштиришда амалий ёрдам сўраб Халқ қабулхонасига мурожаат қилган.

– Мурожаатим тезда қабул қилиниб, келинларим тумандаги 16-сонли мактабга ишга жойлаштирилди, – дейди Қ.Бекчанов. – Айни кунда улар ўз мутахассислиги бўйича фаолият олиб бормоқдалар. Бундан кўнглимиз тоғдек кўтарилди. Бунинг учун давлатимиз раҳбаридан миннатдормиз.

– Ўзим I гуруҳ ногирониман. Кўпдан буён уй-жой масаласида қийналаётган эдик, – дейди Янгибозор тумани, Қаландардўрмон қишлоғи, “Наврёп” маҳалласида яшовчи фуқаро Жавлон Отажонов. –  Оиламизнинг моддий аҳволи сабабли, намунавий тартибдаги арзон уй-жойларнинг бадал пулини тўлашда қийналаётган эдик. Вилоят Халқ қабулхонасига уй-жой учун бадал пулини тўлашда ёрдам сўраб мурожаат қилдим. Мурожаатим қисқа муддатда қондирилиб, янги уй билан таъминландим. Шинам, ёруғ ва барча қулайликларга эга уйларда яшаш бахти ҳаммага насиб этсин. Давлатимиз, юртбошимиз томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрликдан чексиз миннатдормиз.

Ҳа, бугун халқ билан доимий мулоқот қилиш, уларнинг мурожаат ва шикоятларини тинглаш, камчиликларни шу ернинг ўзида бартараф этиш яхши самара бермоқда. Давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан ташкил этилган Халқ қабулхоналари аҳоли учун жуда катта қулайлик туғдирмоқда.

Халқ қабулхонасига Хива шаҳридаги Қ.Болтаев кўчасининг 17-хонадонида яшовчи 63 ёшли Арслон ота Хонов газдан асоссиз қарздорлиги муаммоси билан мурожаат қилди.

– Хонадонимизга газдан ортиқча қарздорлик бўйича маълумотнома берилди. Лекин биз ўз вақтида истеъмол қилинган газ учун тўловни амалга оширганмиз. Мазкур асоссиз қарздорликни аниқлашда амалий ёрдам беришларини сўраб вилоят Халқ қабулхонасига мурожаат қилишга мажбур бўлдим, – дейди А.Хонов. – Мурожаатим ўз вақтида қаноатлантирилиб, хонадонимизга газдан ёзилган асоссиз қарздорлик бекор қилинди.

– Кўпдан буён фермер хўжалиги учун ер майдони олиш масаласида қийналаётган эдик, – дейди Хазорасп тумани Муҳомон қишлоғи Мухомон маҳалласида яшовчи фуқаро Абдулла Собиров. – Шу боис фермер хўжалиги учун ер майдони ажратилишида ёрдам сўраб мурожаат қилдик. Сўровимиз қисқа муддатда қондирилиб, ўзим яшайдиган ҳудудда фермер хўжалиги учун ер майдонига эга бўлдик. Энди фермерлик соҳасида меҳнат қилиб, оиламнинг моддий даромадини янада яхшилаш имкониятига эга бўлдим. Мен каби кўпчилик юртдошларимнинг ҳаётида Президентимиздан, халқ қабулхоналаридан розилик ҳисси кўпаймоқда.

Фуқароларнинг кундалик маиший ёхуд оилавий муносабатларидаги масалалар юзасидан қилган мурожаатлари аҳоли ўртасида тарғибот-тушунтириш тадбирларини кенгайтириш, ҳуқуқий маданиятини юксалтириш борасидаги ишларни янада кучайтириш зарурлигини кўрсатмоқда. Айниқса, эр-хотин муносабатлари, қўни-қўшни ўртасидаги низолар билан боғлиқ масалаларда кўп мурожаатлар бўлмоқда. Аслида ўзини ўзи бошқариш органларидаги махсус комиссиялар, маҳалла фаоллари бундай масалалардан доимий хабардор бўлса, жойида муҳокама этиб, одилона ҳал этса, оилалар мустаҳкамлиги, маҳалладаги тотувлик янада барқарор бўлади. Бу борада тизимли ишларни амалга ошириш мақсадида туманнинг чекка ҳудудларидан тортиб марказгача сайёр қабуллар ташкил этиш, тарғибот тадбирларини кучайтириш режаси ишлаб чиқилган.

Қисқача айтганда, Халқ қабулхоналари аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш, уларнинг ҳаётий муаммоларини тезкорлик билан ҳудуднинг ўзида ҳал этишга кенг имконият яратмоқда. Турли оворагарчилигу сарсонгарчиликларнинг олдини олиш, энг муҳими, одамларнинг оғирини енгил қилиш, давлатга, адолатга, эртанги кунга ишончини мустаҳкамлашда юксак самаралар бермоқда.