ИККИ КАРРА ЖИНОЯТГА ҚЎЛ УРДИ

 Ёши 60 га яқинлашган шифокор Шавкат Хасанов (исм, фамилиялар ўзгартирилган) 7 йилдан буён Хазорасп туман тиббиёт бирлашмасига қарашли шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимида болалар реанематологи ишлаб келган. Ушбу шифокор бўлим ҳамшираси Адиба Бердиевага гўёки ўз вазифасини лозим даражада бажармаётганини  рўкач қилиб, ушбу ҳамшира фаолияти юзасидан тиббиёт соҳаси учун яроқсиз ходим эканлиги ҳақда далолатнома тузади. Шифокор ўз ваколатига тегишли бўлмаган, яъни ходимни ишдан бўшатишини билдириб, мазкур масалани ҳал этиш эвазига ҳамширадан 50 АҚШ доллари сўрайди.

Ҳамшира А.Бердиеванинг аризаси асосида жорий йилнинг июль ойида  Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Хазорасп тумани томонидан ўтказилган тадбирда Хазорасп туман тиббиёт бирлашмасига қарашли шошилинч тез тиббий ёрдам бўлими болалар реанематолог шифокори Ш.Хасанов ҳамширадан 50 АҚШ долларини олаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга тушади.

Энг қизиғи, ушбу шифокор ўзининг фирибгарлик қилмиши учун жазо олишини яхши англаган ҳолда, ўз жиноятини босди-босди қилиш учун янада оғир жиноятга қўл уради. Яъни у сувдан қуруқ чиқиш мақсадида мазкур жиноий  ишини дастлабки тергов ҳаракатларини олиб бораётган туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими бошлиғига 400 АҚШ доллари пора беришини билдиради.     

Реанематолог шифокор иккинчи маротаба туман ИИБ ходимига 400 АҚШ долларини пора тариқасида бераётган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қидувчи орган ходимлари томонидан ушланди.

Порахўрлик, фирибгарлик, таъмагирлик жамиятни емирувчи иллат эканлигини яхши англаган оқ халат эгаси била туриб икки маротаба жиноий ишга қўл уриши ачинарли ҳол.

Суд томонидан ушбу шифокор Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми ҳамда 211-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга нисбатан  тегишли жазо тайинланди.

 

Аминбой ҚАЛАНДАРОВ

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти

Хоразм вилояти бошқармаси катта инспектори