ҲАВО ШАРИДА УЧИШ АКЦИЯСИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

Хоразм вилояти 4-сектори, вилоят давлат солиқ бошқармасининг ташаббуси билан вилоят ҳокимлиги,туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят бўлми, ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши билан ҳамкорликда Хива шаҳар ва туман ёшлари учун ҳаво шарида учиш акцияси ҳамда Ичан қалъага саёҳат ташкил этилди.

Унда Хива шаҳар ва туман мактаб ўқувчилари, болалар шаҳарчаси тарибияланувлари, ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари иштирок этдилар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 февралдаги “Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3514-сонли қарорида белгиланган топшириқларни амалга ошириш мақсадида ташкил этилган мазкур тадбирда асосий эътибор келажак авлоднинг маънавий камолотини янада юксалтиришга, уларда тарихий обидаларимиз, ўтмишдаги бой маданий меросларимиз, қадриятларимизга бўлган хурматини янада оширишга ҳамда ёшларнинг маънавий дунёқарашини янада бойитишга қаратилди.

Ўқувчи ёшлар Хиванинг тарихий обидалари, минора, мадраса ва муқаддас қадамжоларни, очиқ осмон остидаги музейни ҳаво шари орқали97 томоша қилдилар.

-Мен Ичан қалъани юқоридан биринчи томоша қилишим. Ҳаво шарида учиш менга завқ бағишлади. Тенгдошларим билан қадимий шаҳримизни баландликда томоша қилдик. Барча ташкилотчиларга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз, — дейди Хива шаҳар болалар шаҳарчаси тарбияланувчиси Шаҳноза Ниязметова.

Ўзбекистон аэронавтика федерацияси мутахассислари Тошкентдан олиб келган чиройли ҳаво шарида дастлабки тўрт иштирокчи ёшлар парвоз қилди. Уларнинг соғ-саломат Ота дарвоза олдига қўнганини кўрган ёшлар орасида чексиз завқ бағишлади. Туризмни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган мазкур ҳаво шари маҳаллий ва хорижлик сайёҳларда катта қизиқиш уйғотди.

-Мазкур ҳаво шари Хивага яқинда ўрнатилди, — дейди Аэроновтика федерациясининг Хоразм вилояти филиали директори Илхом Сетматов. Асосий мақсадимиз ички туризмни ривожлантириш, тарихий шаҳарларда сайёҳларга замоан талаблари асосида хизмат кўрсатишдан иборат. Бугунги ҳайрия акциясида болаларга ҳаво шарида учиш тартиби ҳақида маълумотлар берилди. Уларга Тошкент ва Самарқанд шаҳридан келган малакали мутахассисларимиз хизмат кўрсатишди. Болажонларнинг кўзларида қувонч бизга ҳам завқ бағишлади. Ҳаво шарида саёҳат қилишга нафақат ёшларда, балки Хивага ташриф буюрган барча сайёҳлар ва маҳаллий меҳмонларимизда ҳам қизиқиш тобора ортиб бормоқда.

Хоразм вилояти 4-сектори ташаббуси билан Хивалик ёшлар учун ташкил этилган мазкур хайрия тадбири ёзги дам олиш ойида яна давом эттирилади.