СОҒЛОМ ТУРМУШ ТАРҒИБОЧИЛАРИ УЧУН СЕМИНАР

Тошкент шаҳридаги “Шодлик палас” меҳмонхонасида USAID ташкилотининг Project HOPE лойиҳаси кўмагида, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги, фтизиатрия ва пульманология ихтисослашган республика илмий-амалий тиббиёт маркази ва журналистларни қайта тайёрлаш маркази билан ҳамкорликда сил касаллиги масалаларини ёритиш ва аҳолини ушбу касаллик тўғрисидаги хабардорлигини оширишда ОАВ роли мавзусида навбатдаги семинар-тренинг ўтказилди.

Бу галги тадбирда асосий этибор Хоразм, Бухоро, Навоий, Қашқадарё вилоятлари ва Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган журналист маҳоратини оширига қаратилди.

Тадбир иштирокчилари сил касаллиги мавзусини ОАВда янада кенгроқ ёритилишини муҳокама қилишди. Унда сўзга чиққан фтизиатор мутахассислар, журналистларни қайта тайёрлаш маркази тренерлари Н.Қасимова, Н.Тошпўлатовалар сил билан кураш масалалари нафақат тиббий, балки ижтимоий аҳамиятга эга эканлиги ва  журналистлар томонидан ушбу мавзуни тайёрлаш, маҳорат билан ёритиш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш муҳимлигини таъкидладилар.

Бугунги кунда республикамизнинг барча ҳудудларида мазкур касалликни барвақт аниқлаш бўйича махсус лабораториялар ташкил этилиб, замонавий тиббий таҳлил воситалари билан жиҳозланган. Тиббий текширувлар хасталикни эрта аниқлаш ва даволаш имконини бермоқда. Ана шундай тизимли ишлар натижасида мамлакатимизда сил билан касалланиш ва ўлим кўрсаткичи йилдан йилга камайиб бораётгани қувонарли ҳол. Халқаро экспертлар ҳам силга ташхис қўйиш ва даволаш бўйича мамлакатимиз эришаётган ютуқларни, бу йўналишда орттирилган миллий тажрибани алоҳида эътироф этмоқда.

Икки кун давом этган семинар-тренингдан 30 нафарга яқин ҳудудий журналистлар ўзаро баҳс-мунозалар орқали мавзу юзасидан ижодий материаллар тайёрлашди.

  • Бугунги семинар-тренингда биринчи маротаба иштирок этишим. – дейди “Хорезмская правда” газетаси бўлим бошлиғи Латофат Саилханова. Гуруҳимиз томонидан сил беморларини дори-дармон билан таъминлаш, уларни даъволаниш тартибига эътибор қаратиш масалаларини ОАВ орқали ёритиш юзасидан янги маълумотларга эга бўлдим. Ушбу касаллик билан оғриган беморга биринчи амалий ёрдам руҳий жиҳатдан берилиши жуда муҳим. Семинар-тренингда ўзим учун сил касаллигини ёритишда журналистнинг касбий одоби хусусида ҳам назарий, ҳам амалий билим ва кўникмаларга эга бўлдим. Мазкур тадбирда олган маълумотларимни амалий фаолиятимда мунтазам қўллаб боришга ҳаракат қиламан.

USAIDнинг силга қарши кураш дастури мутахассисларининг айтишича, бугун вилоятларда ҳам журналистлар учун алоҳида семинар-треинглар ташкил этиш йўлга қўйилган. Асосан журналистларнинг фтизиатор-шифокорлар, МДК шифокорлари, ҳамширалари ва аутрич-ходимлар билан ҳамкорлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада жаҳон тажрибаси ҳам амалиётга татбиқ этилмоқда.

  • Бухоро вилояти радиоканали орқали ушбу мавзуда дастурларнинг ёритишим учун бугунги семинар жуда катта ёрдам беради. Айниқса, аутрич-ходимлар билан ўтказилган интевью ва суҳбатлар асосида шу ернинг ўзида радиодастурлар тайёрлашга ҳаракат қилдик. Бу каби семинарларнинг ташкил этилиши аҳолимиз ўртасида касалликни олдини олишда ҳамда журналистларнинг ихтисослашувида муҳим аҳамият касб этади, — дейди Бухоро вилоят телерадиоканали мухбири Зухра Рамозонова.

Семинар-тренингда иштирокчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда ўз касбий маҳоратларини яна бир синовдан ўтказишди. Яъни, мазкур касалликни олдини олишда ва касаллик билан оғриган беморларда учрайдиган стигма ҳолатини бартараф этиш юзасидан амалий машғулотлар, интерактив мулоқотлар олиб боришди.

Тўғри, ушбу касаллик қулоққа эшитилганда давосиз дарддек туюлади. Лекин бугун тиббиёт соҳасидаги замонавий янгиликлар жадал ривожланиши жараёнида ушбу касалликни аниқлаш усуллари тез ва сифатли йўлга қўйилганлиги, тиббий хизматлар давлат томонидан бепул амалга оширилиши ҳамда касалликни даволашда янги тиббий техника ва услублардан фойдаланилаётгани нафақат, бемор учун, балки унинг оила аъзолари, қариндош-уруғлари ва атрофдагилар учун ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Очиқ мулоқот шаклида олиб борилган семинар-тренингда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишлари билан биргаликда, ўзаро фикр алмашиш ва соҳада мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдириш имкониятига эга бўлдилар.

– Бугунги семинар-тренингда журналистларнинг фаоллиги соҳа ихтисослашувида катта аҳамият касб этади, – дейди Қашқадарё вилояти “Олтин воҳа” радиоканали бош муҳаррири Лобар Ҳайдарова. – Мазкур мавзуда таҳлилий материаллар тайёрлаш жараёнида ушбу касалликни даволашга ихтисослашган тиббиёт масканлари ва шифокорларга кўп мурожаат қиламан. Касалликнинг олдини олиш ва унга қарши курашишда, аҳоли тиббий маданиятини оширишда ОАВнинг ўрни катта. Биз мазкур тадбирда ушбу соҳани ёритишда журналист касб одоби, маҳорати ва жанрлардан фойдаланиш усулларини чуқур ўрганибгина қолмай, мамлакатимизда амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва тиббиёт масканларининг фаолияти ҳақида ҳам кўпгина маълумотларга эга бўлдик. Бу каби тадбирларнинг ташкил этилиши нафақат журналистика соҳаси ривожида, балки тиббиёт муассасалари, шифокорлар билан ОАВ ходимлари ҳамкорлигини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.

Журналистлар учун ташкил этилган мазкур тадбирда ҳар бир инсон ўз саломатлигига жиддий эътибор билан қараши лозимлиги, жамиятда соғлом муҳитни яратиш бугунги кун талаби эканлиги таъкидлаб ўтилди.