БЕСАМАР КЕТМАГАН ИШОНЧ ВА ИРОДА

Рашид ака 3 қизнинг отаси. Ўртамиёна ҳаёт кечираётган оила бекаси Робия опа ҳеч қаерда ишламайди. Катта қизи Санобарга совчилар келиб, унаштириш маросими ҳам ўтказилди. Қизининг фотиҳасини ўтказган Рашид ака биринчи катта тўйни эл қатори ўтказиш учун кўпроқ пул топиш мақсадиди Россиянинг Сибир шаҳрига ишга йўл олади. Ота учун ҳамма дард ва ташвиш ўзга юртларда бошланади….
Қишнинг қаҳратон ва совуқ кунларида ўз уйининг иссиқ овқатини соғинган Рашид аканинг силласи қуриб, йўталининг кети узилмайди. Иситма ва ҳолсизлик безовта қилишига қарамасдан, ота қизининг тўйи учун яхшироқ даромад топиш истагидан тўхтамайди. Бир ярим йил олдин ўз уйидан соппа соғ ишга кетган Рашид ака, озғин ҳолатда, йўтал ва иситма билан қизининг тўйига етиб келади. Катта орзу умидли тўй ҳам ўтдаи. Озгина эмас, яхшигина қарзга ботган ота оддий шамоллаш деб турли дори дармон ичиб, ўзидаги йўтал ва иситмани енгайдай бўлиб, яна ишлаш учун Қозоқистонга йўл олади. афсуски, бу гал Рашид аканинг иши ва мусофирчилиги узоққа чўзилмайди. У ўзидаги тинимсиз балғамли йўтал, ваража, иситма ва ҳолсиз бир аҳволда уйига қайтади.
Шифокор кўригидан ўтган Рашид ака ўзида юқумли сил касаллиги борлиги билиб, тушкунликка тушади ва яна бир ишонч ҳосил қилиш учун охирги умид билан рентгенга тушишга боради. Тушкун, озғин ва ҳолсиз аҳволда навбат кутиб ўтирган Рашид ака шу хонада бошқа беморни кўрикка олиб келган аутрич Алишернинг диққатини тортади. Алишер Рашид ака билан яқиндан танишиш орқали унинг бошидан кечирганларига қулоқ тутади. Аутрич сил касаллигига даво борлигини ва шифокор назорати орқали даволанса, албатта, бу касалликка чора борлигини сўзлаб беради.
Орадан 6-8 ой ҳам ўтади. Рашид ака охирги кўрик натижаларини кўриб, ўзидаги ишонч ва ирода бесамар кетмаганига шукроналар айтади. У шифокорлар ва аутрич Алишернинг ҳам амалий ҳам руҳий кўмаги билан соғлом ҳаётга, оиласининг бағрига қайтади.
Ҳозирда Рашид ака 3 нафар набиранинг суюкли бобоси эканлигидан, соғ-саломат ўз юртида, оиласида тинч ва осуда ҳаёт кечираётганидан миннатдор….