АХБОРОТ ХИЗМАТИ ХОДИМЛАРИ УЧУН ДАВРА СУҲБАТИ

Хоразм вилоят маънавият ва маърифат маркази кичик залида вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4366 сон қарор ижроси юзасидан ахборот хизматлари раҳбарлари номзоди учун берилган хулосалардан кейинги танишув ва олдда турган муҳим вазифалар тўғрисида давра суҳбати ўтказилди.
Унда шаҳар ва туман ҳокимликлари ахборот хизмати раҳбарлигига номзодлар, давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари, жамоатчилик билан алоқалар бўлими, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок қилдилар.
Тадбирни Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Дилбар Бекчанова олиб борди.
Хоразм вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Шоназар Карриев шаҳар ва туман ахборот хизматлари раҳбарлари олдида турган долзарб вазифалар, “Хоразм ҳақиқати” ва “Хорезмская правда” газеталари бирлашган таҳририяти муҳаррири Соляжон Рахимберганова Даврий нашрлар ва ахборот хизматлари раҳбарларининг ўзаро ижодий ҳамкорлиги масалалари, Журналистлар ижодий уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Ўткир Матқурбанов Маҳаллий телерадиокомпанияларининг давлат органлари, идора ва ташкилотлари ахборот хизматлари ходимлари билан ҳамкорликда ишлашининг муҳим жиҳатлари мавзуларида маърузалар қилишди.
Сўзга чиққанлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4366 сон қарор ижроси юзасидан ҳамкорликда ишлашининг муҳим жиҳатлари, олдинда турган устувор вазифаларни биргаликда амалга ошириш борасида сўз юритдилар.
Тадбир давомида Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Дилбар Бекчанова давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот хизматлари, жамоатчилик билан алоқалар бўйича хизматлари ходимларининг асосий вазифаларига тўхталиб ўтди.
Тадбир якунида тизимда фаолият юритаётган ходимларга давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти ҳақида оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар, давлат органлари ва ташкилотларининг расмий веб-сайтлари, шунингдек, бошқа ахборот ресурслари орқали аҳолига мунтазам, тўлиқ ва тезкор равишда ахборот тақдим этиб бориш, мунтазам равишда оммавий ахборот воситаларида давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг чиқишларини ташкил этиш, давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятига алоқадор матнли, фото-, аудио- ва видеоматериаллардан иборат маълумотлар базасини шакллантириш ва янгилаб бориш каби муҳим вазифалар топширилди.
Тадбир сўнгида саволларга жавоб берилди. Иштирокчилар томонидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.