Йўл ҳаракати хавфсизлиги – бош мақсадимиз

Кейинги йилларда вилоятимиз худудида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш, кенг жамоатчиликни жалб қилган ҳолда ҳаракат иштирокчилари ўртасида йўл ҳаракати қоидалари бўйича профилактик тадбирлар самарадорлигини ошириш мақсадида бир қанча вазифалар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг 2016 йил 07 ноябрь кунги 24/9-13213-сонли кўрсатмаси асосида Хоразм вилояти Ҳокимининг 2016 йил 10 ноябрь кунидаги 166-ф-сонли ва вилоят ИИБ бошлиғининг 2016 йил 10 ноябрь кунги 106-сонли фармойишларига асосан жорий йилнинг 10 ноябрдан 2017 йилнинг 10 январ кунига қадар вилоят худудида “Ҳаракат хавфсизлиги тадбири”  ўтказилди.

Ушбу тадбирни самарали ўтказиш юзасидан амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, вилоят ИИБ раҳбарияти ҳузурида ўтказилган тезкор йиғилишда муҳокама қилиниб, аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Ўтган 2016 йилнинг ноябрь декабрь ойлари давомида вилоят мудофаага кўмаклашувчи Ватанпарвар ташкилоти билан ҳамкорликда тадбирни тарғиб қилиш мақсадида “Автокарвон” ташкил қилиниб, Урганч давлат университети, шаҳар ва туманлардаги аҳоли гавжум жойлар ва бозорларда, автобус бекатларида, вокзал ва аэропортда учрашувлар ўтказилиб, тушунтириш ишлари олиб бориш билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 24 декабрь кунидаги 370-сонли Қарори, яъни янги таҳрирдаги “Йўл ҳаракати қоидалари”ни тарғиб қилиш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Ёш авлод тарбиясида йўл ҳаракати хавфсизлигига оид билим ва кўникмаларни шакллантириш муҳим аҳамият касб этади. Бу борада болалар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш бўйича  маҳалла ҳайрия жамоат фонди, халқ таълими бошқармаси ва ўрта-махсус таълими бошқармаларига жами 132 та тақдимномалар киритилиб, улар томонидан  ҳозирги кунда қилинаётган ишлар юзасидан маълумотномалар олинмоқда.

ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан мазкур соҳада амалга оширилган чора-тадбирларни марказий ва ҳудудий оммавий ахборот воситаларида ёритилиши юзасидан медиа-режалар ишлаб чиқилган бўлиб, соҳага оид янгиликлар, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳиятига оид маълумотлар кенг жамоатчиликка етказилмоқда.

Ҳаракат хавфсизлиги тадбири давомида асосий эътибор вилоят Ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимларини бошқа хизмат ходимлари, шаҳар-туман ички ишлар бўлимлари билан ҳамкорликда кенг жамоатчиликни жалб қилган ҳолда “Тун”, “Маст”, “Йўл ҳаракати хавфсизлиги куни”, “Диққат пиёда”, “Диққат темир йўл”, “Диққат маст”, “Тезлик” ва бошқа профилактик тадбирларни самарали тарзда ўтказилиб келинмоқда. Шу билан бирга тадбир жараёнида вилоятдаги барча корхона-ташкилот, маҳаллаларда ҳамда таълим муассасаларида учрашув ва тарғибот-ташвиқот ишлари белгиланган режа асосида ўтказилиб,  тадбирнинг мазмун моҳияти тўлиқ етказилиб, ЙҲХБ томонидан тайёрланган баннер ва плакатлар фуқаролар кўп тўпланадиган жойлар, корхона-ташкилотлар, маҳаллалар, ҳаракат жадаллиги юқори бўлган  чорраҳаларда, ўқув муассасалари олдиларида ҳаракат хавфсизлигини тарғиб қилувчи жами 42 та 3х6 хажмдаги баннерлар ва 3460 дона  плакатлар ва шиорлар тайёрланиб бинолар ва йўловчи ташиш билан шуғулланувчи автотранспорт воситаларига осиб қўйилди.

Вилоят худудида йўл назорати бўлинмаси ходимлари томонидан бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, вилоятимиз худудидаги 585 км кўча ва йўллар, улардаги сунъий иншоотлар, даҳлдор ташкилотларнинг маъсул ходимлари билан биргаликда назорат тартибида кўриклардан  ўтказилиб, аниқланган камчиликларни бартараф қилиш юзасидан далолатномалар тузилиб, «Хоразмавтойўл» ХЙФТ ва шаҳар-туман Ободонлаштириш бошқармалари идораларига 71 та тақдимнома, ёзма кўрсатмалар киритилиб, туман ҳокимликларига ҳамда вилоят ҳаракат хавфсизлиги таъминлаш комиссияларига камчиликлар тўғрисида ахборотлар  берилди.

Вилоят Ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан вилоят худудидаги пиёдалар йўлаклари ва асосан йўл ёқасида жойлашган мактаб олдиларига янгидан пиёдалар йўлаклари чизилиб, светофорлар янгидан қўйилди ва таъмирланди ҳамда 433 та йўл белгилари ўрнатилди ва  эскирганлари алмаштирилди.

Вилоят ИИБ ЙҲХБ ходимларини эрталабки йўриқномада белгиланган режа асосида, мактаб, касб-ҳунар коллежлари, олий таълим муассасалари ва  йўловчи ташувчи корхона ташкилотларга жалб қилиниб, “Ҳаракат хавфсизлиги тадбири” давомида йўлларда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш мақсадида белгиланган режага асосан шу кунгача корхона ва ташкилотларда 1133 маротаба, маҳаллаларда 1238 маротаба, таълим муассасаларида 2085 маротаба ва аҳоли гавжум жойларда 402 маротаба давра суҳбатлари, жами 4858 маротаба учрашувлар ўтказилиб тадбирнинг мазмун моҳияти тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилди.

Ўтказилган рейдлар давомида жами 33247 та қоидабузарликлар аниқланди. Шулардан, 15397 таси қўпол қоидабузарликлар бўлиб, 833 та транспорт воситаларини маст ҳолда бошқарган, 4514 та тезлик талабини бузган, 2246 та йўл белгиси талабларини бузганлиги, 4649 та одам ташиш қоидасини бузганлиги, 64 та темир йўл кесишмасидан ўтиш қоидасини бузганлиги, 81 та транспорт воситалари ойналарини қорайтирилган ҳолда бошқарганлиги, 593 та қўл телефонидан фойдаланиш қоидасини бузганликлари ва бошқа қоидабузарликлар юзасидан ҳайдовчиларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.

Ҳаракат хавфсизлиги тадбири давомида вилоят ИИБ ЙҲХБ томонидан тадбирни тарғиб қилувчи 10 та видеороликлар тайёрланиб вилоят ва хусусий телеканаллари орқали мунтазам равишда ёритиб борилди.

Хоразм телерадиокомпанияси ва хусусий телеканал орқали 84 маротаба, радио эфир орқали 1189 маротаба эшиттиришлар ва 36 маротаба рўзномаларда мақолалар чоп қилинди.

Бундан ташқари тадбир давомида ҳамкорликда олиб борилаётган корхона ташкилотларда ўқув муассасаларида ўтказилган учрашувларни оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритиб борилди.

Ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга жалб этилган ҳар бир ходимнинг кундалик иш натижалари мунтазам таҳлил қилиб борилиб, ҳар бир ходимнинг кундалик фаолиятига баҳо бериб борилмоқда.

Хизмат натижаларини юксалтиришга, айниқса қўпол қоидабузарликларни аниқлашни кучайтириш билан бир қаторда, йўлларда ҳаракатланиш қоидаларига амал қилмаётган пиёдаларга нисбатан ҳам тегишли таъсир чораларини кўллаш йўли билан ҳаракат хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатаётган омилларни бартараф этишга қаратилган ишлар ходимлар билан ўтказилаётган кундалик йўриқномаларда тушунтирилиб борилмоқда.

Шунингдек, ўқув ташкилотларида ҳайдовчиликка номзодларни ўқитиш учун замонавий кўргазмали қуроллар, методик қўлланмалар, адабиётлар, ўқув дастурлари, конспектларнинг мавжудлиги, ўқув жараёнида улардан фойдаланиш самарадорлиги, ҳайдовчиликка номзодларнинг ўқув машғулотларига қатнашишлари ва билим савияларини тасдиқланган жадвал асосида текшириш доимий назоратга олиниб, номзодларга вилоят худудида содир этилган йўл транспорт ҳодисаларининг келиб чиқиш сабаблари, ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларини яхши билмасликлари ёки қоидаларни қўпол равишда бузилиши, транспорт воситасини маст ҳолда бошқариш, йўл белгилари ва чизиқлари талабларига риоя қилмаслик, белгиланган тезликни ошириш ва шунга ўхшаш қўпол қоидабузарликларга йўл қўйишлари натижасида юз бераётганлиги тўғрисида жами 192 маротаба суҳбат ва тушунтириш ишлари олиб борилди.

Вилоят ҳудудида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш борасидаги ишларнинг самарадорлигини ошириш юзасидан тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликдаги ишлар белгиланган тадбирлар режаси асосида давом қилдирилмоқда.

Октябрь Каримов, 

Хоразм вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси катта инспектори, майор