Қонунбузарликлар олди олинмоқда

Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг давлатимиз томонидан ратификация қилинган биринчи халқаро ҳуқуқий ҳужжат, яъни Инсон ҳуқуқларининг умумжахон декларациясида ҳар бир инсон фуқаролик ҳуқуқига эга эканлиги мустаҳкамлаб қўйилган.

Шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Конституциясида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қандай асосларда эга бўлганлигидан қатъи назар, республиканинг бутун ҳудудида ҳамма учун тенг бўлган ягона фуқаролик белгилаб берилган.

Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 2 июлдаги “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Қонунининг 4-моддасида келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий ҳолатидан, ирқи ва миллатидан, жинси, маълумоти, тили, сиёсий қарашлари, диний эътиқоди, машғулотининг тури ва сажиясидан қатъи назар, ушбу Қонун кучга кирган вақтда Ўзбекистон Республикасида доимий яшаб турган, бошқа давлатларнинг фуқаролари бўлмаган ҳамда Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлиш истагини билдирган шахслар, давлат йўлланмаси билан Ўзбекистон Республикасидан ташқарида ишлаётган, ҳарбий хизматни ўтаётган ёки ўқиётган шахслар, агар улар Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида туғилган бўлсалар ёки доимий яшаганликларини исбот қилган бўлсалар, бошқа давлатларнинг фуқаролари бўлмасалар ва ушбу Қонун кучга кирганидан кейин кечи билан бир йил ичида Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлиш истагини билдирган бўлсаларҳамда ушбу Қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини олган шахсларЎзбекистон Республикасининг фуқаролари бўладилар деб кўрсатилган.

Ҳозирда Президентимиз Ш.Мирзиёев фармонлари асосида республикамиз худудида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги берилмоқда.

Ҳусусан, 2017 йилнинг ўтган даври мобайнида Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини қабул қилиш ниятини билдирган вилоятимиз худудида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслардан 112 нафарига Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги берилди ҳамда мазкур фуқароларга Хоразм вилояти ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси томонидантантанали равишда Ўзбекистон Республикасининг биометрик паспортлари топширилди.

Лекин, минг афсуски, айрим шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспортларини ноқонуний равишда эгаллаш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Мазкур қонунбузарлик ҳолатлари бошқарма томонидан ўрганилиб, уларни батраф этиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, Хоразм вилояти Гурлан туманида 1975 йил 11 январ куни туғилган фуқаро Цой Вячеслав Анатольевич ушбу Қонун кучга кирган вақтда Туркманистон давлатида доимий рўйхатдан ўтган бўлиб, паспорт олиш ёшига етганидан сўнг 2000 йилнинг 26 июнь куни Туркманистон Республикаси Ташауз вилояти Ташауз шаҳар ИИБ томонидан Туркманистон фуқаролик паспорти билан ҳужжатлаштирилган бўлсада, ўзи тўғрисида Хонқа тумани ИИБга соҳта ҳужжатлар тақдим этиб, 2004 йилнинг 9 август куни Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспортини ноқонуний равишда қўлга киритганлиги ҳамда ушбу паспортдан фойдаланиб, Россия Федерациясига бориб келганлиги аниқланди.

Юқорида қайд этилган “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Қонунининг 21-моддаси 3-бандида агар Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги ёлғонлиги шак-шубҳасиз маълумотлар ёки сохта ҳужжатлар тақдим этиш натижасида олинган бўлса Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги йўқотилиши таъкидланган.

Шунга асосан фуқаро В.А.Цойдан Ўзбекистон фуқаролик паспорти қайтариб олиниб, ҳолат юзадан тўпланган хужжатлар қонуний ҳал этилиши учун Хонқа тумани прокуратурасига тақдим қилинди. Эндиликда, Туркманистон фуқароси В.А.Цой ноқонуний хатти-ҳаракатлари учун қонунда белгиланган жазога тортилиши билан бирга  республикамиз худудидан чиқариб юборилади.

Шу каби Урганч шаҳар Бобур кўчаси 18-уйдаМехрибон Балтаева, П.Махмуд кўчаси 3В-уй, 8-хонадонда яшовчи Шихназар Розметов ва Қўшкўпир тумани Оқ Олтин кўчаси 1-уйда яшовчи Наргиза Полвановалар ҳам олдинги йилларда Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспортларини ноқонуний равишда эгаллаб олганлиги аниқланиб, уларга нисбатанқонуний чоралар кўрилди.

Бошқа соҳалар каби паспорт тизими фаолияти ҳам меъёрий-ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкам асосга эга бўлиб, фуқаролар томонидан паспортдан фойдаланишда йўл қўйилган қонунбузарликларга нисбатан аниқ чоралар белгилаб берилган. Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 223-моддасида белгиланишича, паспорти бўлиши шарт ҳисобланган кишининг паспортсиз ёки ҳақиқий бўлмаган паспорт билан вақтинча ёки доимий пропискасиз ёҳуд турган жойи бўйича ҳисобда турмай яшаши, паспортни қасддан яроқсизлантириши, уни бепарволик билан сақлаши ва шунинг оқибатида йўқотиши энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга асос бўлади. Мабодо, фуқаро гўёки паспорти йўқолгани ҳақида ариза берса-ю, аслида ундан, шунингдек, бошқалар паспортларидан ғаразли мақсадларда фойдаланса, энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдордаги жаримага лойиқ кўрилади.

Хулоса ўрнида айтганда, паспорт мамлакатимиз фуқаролигини ва эгасининг шахсини тасдиқловчи, халқаро сайёҳликда муҳим восита вазифасини ўтовчи асосий ҳужжатлардан бири ҳисобланади. Шунинг учун, ҳар бир фуқаро паспортини кўз қорачиғидек асраб-авайлаши, ундан фойдаланиш тартиб-қоидаларга қатъий риоя қилиши зарур.

Баҳодир Рахимов,

Хоразм вилояти ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи