Project HOPE дастури : Бепул дори-дармон, манзилли тиббий ёрдам

Бугунги кунда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида замонавий шифо масканларини бунёд этиш, тиббий хизмат сифатини ошириш, турли юқумли касалликларнинг олдини олиш, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш борасида бир қанча хайрли ишлар амалга оширилмоқда.

Республикамизда фаолият юритиб келаётган халқаро ташкилотлар ва марказлар алоҳида ўринга эга. Хусусан, «Прожект ХОУП» (Project HOPE) — соғлиқни сақлашни ривожлантириш ва муолажага кўмаклашиш борасида глобал миқёсда фаолият юритувчи ташкилот бўлиб, ҳозирда у Ўзбекистонда сил касаллиги, саратон каби касалликларни олдини олишда, уларни даволашда ҳамда одам савдосига қарши кураш жараёнларида  фаол иштирок этиб келмоқда.

Куни кеча мазкур халқаро дастур яна бир хайрли вазифани амалга оширди. Яъни Project HOPE дастури орқали агрессив мия саратони билан касалланган беморларни даволаш учун ҳамда ушбу касаллик билан оғриган беморларни ҳаётини сақловчи дори-дармонларни етказиб бериш лойиҳасини амалга оширди. Умумий қиймати 2,9 млн. АҚШ долларини ташкил этувчи дори-дармонлар Мерcк & Cо., Инc. (Merck & Co., Inc.) томонидан ҳайрия сифатида тақдим этилган бўлиб, улар Республика ихтисослашган онкология ва радиология илмий-амалий маркази (Миллий саратон маркази)да қўлланила бошлади.  Маълумот ўрнида қайд этиш лозимки, Тошкент шаҳрида жойлашган ушбу Марказда респуликамизнинг барча ҳудудларида саратон касалига чалинган беморлар даволаниб келмоқдалар.

Бу каби кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида оғир тиббий-ижтимоий касалликларга қарши курашиш, уларнинг асоратларини камайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Project HOPE дастури орқали сил касаллиги ва диабетга чалинган беморларга манзилли тиббий ёрдам кўрсатиш ишлари бир неча йиллардан буён тизимли давом эттирилмоқда.

-Ушбу дори-дармонларнинг етказиб берилиши Ўзбекистон ҳукумати, хусусий сектор ва Project HOPE ўртасидаги муваффақиятли ҳамкорлик натижасидир. Биз Ўзбекистон фуқароларининг саломатлиги ва фаровонлигини ошириш учун биргаликда ишлашга қарор қилдик,- дейди АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Л. Спратлен.

Project HOPE дастури 1991 йилдан бери Ўзбекистонга умумий қиймати 106 млн. АҚШ долларидан ортиқ миқдордаги дори-дармонлар ва тиббий материалларни донорлик ёрдами сифатида тақдим этди. Мазкур дастур ушбу муҳим тиббий воситаларни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан узоқ муддатли ҳамкорлиги доирасида амалга ошириб келмоқда.

Project HOPE нинг  Европа ва Евроосиёнинг минтақаси бўйича Бош директори доктор Мариам Цианозованинг фикриса Европа ва Евроосиёнинг минтақаси бўйича Бош директори доктор Мариам Цианозованинг фикрича бугун ушбу дастур Ўзбекистоннинг соғлиқни сақлаш борасидаги  ислоҳотларида амалий ёрдам кўрсатаётганидан жуда ҳам мамнун.

-Биз қарийб йигирма йил давомида мамлакатнинг соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш борасидаги эҳтиёжларига асосланган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига ёрдам бериб келмоқдамиз. Саратон касаллигига чалинганларнинг ҳаётини сақловчи муолажа воситаларини беғараз тақдим этганликлари учун АҚШдаги шерикимиз Мерcк & Cо компаниясига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз, -дейди Бош директори доктор Мариам Цианозова.

Ушбу тиббий хайрия Project HOPE Ўзбекистон фуқаролари соғлиғи ва фаровонлигини яхшилаш борасидаги узоқ муддатли аҳдига содиқ қолаётганлигининг рамзидир. 1999 йилдан бери инсонпарварлик ёрдами сифатида етказиб берилаётган дори-дармон ва тиббиёт воситалари билан бир қаторда, мазкур дастур оналар ва болалар саломатлигини яхшилаш, сил касаллиги ва ОИВ тарқалишини тўхтатиш бўйича самарали ва мақсадли тадбирларни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ҳозирги кунда Project HOPE Америка Қўшма Штатлари Халқаро Тараққиёт Агентлиги (ЮСАИД) билан ҳамкорликда ЮСАИДнинг Ўзбекистонда сил касаллиги юкини камайтиришни ва касалликнинг кўп дори-дармонга чидамли шаклларини олдини олишга қаратилган, умумий қиймати 7,6 млн. АҚШ долларига тенг бўлган 5 йиллик Силга қарши кураш дастурини амалга ошириб келмоқда. Дастур кенг қамровдаги фаолиятлардан иборат бўлиб,  соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш, идоралараро мувофиқлаштириш ва ҳамкорликни такомиллаштириш, шунингдек, сил касаллигини диагностикаси ва даволашдан фойдаланишни кенгайтириш йўналишлари бўйича тиббиёт ходимларини ўқитиш, бу борада журналистларнинг ихтисослашувини шакллантириш ҳам ана шулардан иборат.

-20 йиллик ҳамкорлик мобайнида Project HOPE ва бошқа халқаро ташкилотлар Ўзбекистон халқининг саломатлиги ва фаровонлигини яхшилаш мақсадида беморларнинг ҳаётлари учун зарур бўлган жуда кўплаб дори-дармонларни етказиб бермоқдалар,-дейди,Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Баходир Юсупалиев. Мен мазкур дори-дармонларни беғараз тақдим этганликлари учун Project HOPE ташкилоти ва “Мерк” компаниясига ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Айни пайтда мазкур дори-дармонлар беморларни даволашда қўлланилиши учун республикамизнинг барча ҳудуларида фаолият олиб бораётган онкология диспансерларига тарқатилмоқда.

Project HOPE халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти сифатида дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатларида юқумли ва сурункали касалликлар, офатлар ва соғлиқни сақлаш инқирози, оналар, янги туғилган чақалоқлар ва болалар саломатлигини сақлашда, бу борада мавжуд муаммолар ечимига амалий кўмак бериш борасида ўз дастурларини давом эттирмоқда.