ОҚДАРБАНД — ОБОД ҚИШЛОҚ

 

Мамлакатимизда барча соҳа ва тармоқларда амалга оширилаётган туб ислоҳотлардан кўзланган бош мақсад халқимиз талаб ва эҳтиёжларини таъминлаш, одамларимизни рози қилишдан иборатдир. Бу эзгу ният йўлида олиб борилаётан залворли ишларнинг кўлами кундан-кун ортиб, янги маъно ва мазмун билан бойиб бормоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ҳаётга жорий қилинаётган навбатдаги янги ташаббус “Обод қишлоқ” дастури олис ва чекка ҳудудларда яшаётган миллионлаб юртдошларимиз ҳаётида чин маънода янги саҳифа очишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Вилоятимизда бу борадаги ишлар Қўшкўпир туманининг Оқдарбанд қишлоғида жадаллик билан олиб борилмоқда.

Айни пайда мазкур қишлоқда 1 минг 601 та хонадонда беш миллат вакилларидан иборат 10 минга яқин аҳоли истиқомат қилиб  келмоқда. Аҳолининг асосий хўжалик фаолияти деҳқончилик бўлган қишлоқда кўча ва йўлларнинг, ичимлик суви, иссиқлик, электр энергияси таъминоти, маданий, маший хизмат кўрсатиш бугунги кун талабларига жавоб бермаслиги одамларга жиддий қийинчилик туғдирмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, вилоятнинг чекка ҳудуди ҳисобланган Оқдарбанд қишлоғи анча йиллар буён мутасадди раҳбарлар назаридан четда қолиб кетган ва шу боис аҳолининг ўзига хос ижтимоий-иқтисодий муаммолари йиғилиб қолган эди. Қишлоқ кўчаларида фуқароларнинг ўзбошимчалиги билан турли кўринишдаги, ҳеч қандай талаб ва нормаларга жавоб бермайдиган ноқонуний қурилмалар қурилган. Қишлоқ ичидан оқиб ўтувчи ариқ-зовурлар тозаланмаган, ёнидан ўтган киши бадбўй ҳиддан нафас ололмас эди. Ички йўллар аҳволини айтмаса ҳам бўлади.

Президентимизнинг 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилган секторлар самарали фаолият юритмоқда.

“Обод қишлоқ” дастури асосида қишлоқдаги муаммолар ўрганилиб,  бу ерда аҳолининг яшаши учун муносиб турмуш шароити яратиш юзасидан  аниқ чора-тадбирлар режаси белгиланиб, бажаришга киришилди. Бугун Оқдарбандга қурилиш ашёлари, аҳолига зарур маҳсулотлар ва буюмлар, дори-дармонлар, уй-рузғор жиҳозлари юкланган атомашиналар узуксиз келиб турибди. Давлат ва жамоат ташкилотлари, йирик ишлаб чиқариш корхоналари, тижорат банклари вакилларидан иборат вилоят 4-сектори ишчи гуруҳ аъзолари ва туман секторлари раҳбарлари қишлоқ фаоллари билан ҳамкорликда кўча ва йўлларни, ижтимоий иншоотларни, уй-жойларни таъмирлашмоқда, ободонлаштириш ишларини бажаришмоқда.

Оқдарбанд қишлоғида олиб борилаётган қурилиш, бунёдкорлик ва экин экиш жараёнларида вилоятимиздаги ҳудудий солиқ хизмати органлари ходимлари  ҳам фаол иштирок этмоқда, — дейди Қўшкўпир тумани давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Ўктам Ахмедов. – Бугун мазкур ҳудудда 350 гектарга яқин томорқа ерлари мавжуд бўлиб, ушбу томорқа ерларига экин экишда ҳамда иссиқхоналар барпо этишда аҳолига амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда. Бугунги кунга қадар 200 га яқин хонадон эгаларидан иссиқхона қуриш бўйича мурожаатномалар келиб тушди. Уларнинг 60 дан ортиғида иссиқхоналар қуриб битказилди ва 20 дан ортиқ хонадонларда бу жараён қизғин давом этмоқда.

Оқдаранд қишлоғининг “Иттифоқ” маҳалласи вилоят давлат солиқ бошқармасига беркитилган бўлиб, ушбу маҳаллада 86 хонадон мавжуд. Мазкур ҳудудда ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож, ёлғиз яшовчи ва ногиронлиги бўлган шахсларга ҳамда ишсиз фуқароларга яқиндан амалий кўмак берилмоқда. Хусусан, бу ерда электр узатиш тармоқлари таъмирланиб, симёғочлар янгиланмоқда. Ички йўлларга шағал тўкилиб, текислаш ишлари бошланган. Эски, пастқам ва яроқсиз ҳолга келиб қолган бинолар бузилиб, ўрнига янгилари қурилмоқда. Кам таъминланган 10 дан ортиқ оила уйлари жорий таъмирланиб, том қисми алмаштирилди.

Давлат идоралари бизнинг ҳолимиздан хабар олиб, турмушимизни енгиллатишга эътибор бераётганидан кўнглимиз тоғдек кўтарилмоқда, — дейди уй бекаси Назокат Абдуллаева. — Масалан, бизнинг уйимизни 5-6 йилдан буён таъмирга муҳтож эди. Ҳозир уйимиз тўлиқ таъмирланяпди. Томорқамизга сув чиқариш, экин экишга ёрдам берилди. Эндиликда имтиёзли кредит асосида томорқа еримда иссиқхона барпо этиб, оилавий даромадимни яхшилашга ҳаракат қилмоқдаман. Қишлоқдаги ҳар бир инсонда яхши яшашга иштиёқ кучайди. Бугунгидек шароит ва имкониятлар учун Юртбошимиздан миннатдормиз.

Хонадонларга кўрсатилаётган кўмак ҳар бир оиладаги беш-ўн одамни хурсанд қилаётган бўлса, кўча, йўллар, газ, сув, электр тармоқларидаги, мактаб ва боғчалардаги таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари юзлаб одамларнинг оғирини енгил қилиб, ҳаётдан мамнун этмоқда.

Бизнинг хонадонимизда 5-6 йиллардан буён тоза ичимлик суви йщы эди. Бугун Президентимизнинг эътибори билан нафақат маҳалламизга ичимлик суви ўтказилди, балки, йўлларимиз асфальт бўлди, мактаб, боғчалар янгидан таъмирланяпди. Энди фарзандларимиз янги шароитда, замонавий биноларда таълим-тарбия олиш имкониятига эга бўлдилар. Ўзим 50 йилдан ортиқ тиббиёт соҳасида ишлаганман. Ҳозирги кундаги ўзгариш ва имкониятлар мен ишлаган пайтларда фақат орзу эди. Ҳозир оилавий поликлиникалар, қишлоқ врачлик пунктларини шароити ҳамма ҳавас қилса арзийдиган даражада ўзгарган. Қишлоғимизда тез-тез тиббий кўрик ташкил этилаётгани, аҳолимизнинг, келажак авлодни соғлиғини яхшилашда, халқимизнинг бугунги кунидан розилик ҳиссини оширишда ўз самарасини кўрсатяпди, — дейди “Иттифоқ” маҳалласидан меҳнат фахрийси Эркинбой ота Ниязметов.

Айни пайтда мазкур ҳудудда вилоят 4-сектори ишчи гуруҳ аъзолари уйма-уй юриб, ўтказаётган мулоқотларда муаммолар эшитилиб, жойида ҳал этиш чоралари кўрилаётир. Аёлларни тадбиркорлик, уй меҳнатининг турли шаклларига жалб этган ҳолда бандлигини таъминлаш билан бирга хонадонларда мавжуд томорқа ерларидан унумли фойдаланишга, иссиқҳоналар ташкил этишга ва бу орқали аҳолининг даромадини яхшилашга эришилмоқда. Хусусан ушбу қишлоқда истиқомат қилувчи 60 ёшли Қадамбой ака Жуманиёзовнинг томорқасида янги иссиқхона қурилиб, унга 5 хилдаги кўкатлар, бодринг, помидор кўчатлари экилди.

Ўзим ишсизман. Хонадонимизда 6 сотих томорқа еримиз бор. Унга ҳар ҳил полиз экинлари, мева-сабзавотлар экамиз. Лекин иссиқхонамиз йўқлиги сабабли, томорқадан олган ҳосилимиз оиламиздан ортмасди. Эндиликда мен ҳам аёлим билан иссиқхонада йилига 3 марта ҳосил олишни, оиламиздан ортган маҳсулотларни бозорда сотиб, оилавий даромадимизни яхшилашни мақсад қилдик. Аёлим Туркманистоннинг Дошховуз вилоятидан. Маҳалламизда туркман, эрон, рус миллатига мансуб фуқаролар кўпчиликни ташкил этади. Ҳаммамиз бир оиладек, аҳил-иноқликда яшамоқдамиз, — дейди, Қ.Жуманиёзов.

Қишлоқда яшовчи аҳолининг қарийб учдан бир қисмини эрон миллатига мансуб фуқаролар ташкил этишини инобатга олсак, “Обод қишлоқ” Дастурининг айнан ушбу қишлоққа татбиқ этилганлиги, мамлакатимизда миллатлараро тотувлик, ўзаро аҳилликнинг ёрқин намунаси десак муболаға бўлмайди.

Бир сўз билан айтганда, бугун Оқдарбандда одамларнинг ҳайратланишига, қувонишига  арзийдиган янгиланиш, бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Унинг қамрови ва суръатини кўрган киши яқин кунларда “Оқдарбанд”нинг кечаги қиёфасидан асар ҳам қолмаслигига тўла амин бўлади. Бу давлатимиз раҳбарининг халқимиз ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун кўриши керак деб билдирган фикрларининг  амалий ифодасидир.