НАМУНАЛИ КИТОБ ДЎКОНИ

Урганч шаҳридаги Ёшлар марказида «Ҳар бир шаҳар ва қишлоқда — «Замонавий китоб дўкони» акцияси доирасида ўтказилган «Намунали китоб дўкони» Республика кўрик-танлови вилоят босқичи ғолибларини тақдирлаш тадбири бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар Дастури тўғрисида»ги 2017 йил 13 сентябрдаги қарорида китоб дўконлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш орқали аҳолига намунали хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ҳамда жамиятда китобнинг ўрни ва аҳамиятини кенг тарғиб этиш алоҳида қайд этилган.

Қарор асосида халқимизнинг, айниқса, фарзандларимизнинг китобга бўлган меҳрини янада ошириш мақсадида ўтказилаётган турли тадбир ва танловларда инсон тафаккурини, маънавиятини юксалтиришнинг бош мезони китоб эканлигига, фарзанд камолотида китобнинг ўрни ниҳоятда катта эканига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

«Ҳар бир шаҳар ва қишлоқда – «Замонавий китоб дўкони» акцияси доирасида ўтказилган «Намунали китоб дўкони» Республика кўрик-танлови вилоят босқичи ҳам ушбу олийжаноб мақсадларга хизмат қилувчи кенг кўламдаги хайрли ишлардан бири бўлди.

Вилоят кўрик-танловининг ишчи гуруҳи томонидан шаҳарлар ва туманларда ташкил қилинган 36 та китоб дўконининг фаолияти белгиланган мезонлар асосида атрофлича ўрганиб чиқилди. Китоб дўконининг ташқи кўриниши, жойлашувидан тортиб, теварак-атрофларининг саранжом-саришталиги, ташқи кўриниши, дизайни ва дўкон номининг миллий маънавиятимиз ва қадриятларимизга нечоғлик мос эканлигигача алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, дўкон сотувчисининг савдо ва муомала маданияти, касбий малакаси, замонавий маркетинг қоидаларидан, савдога қўйилган китобларнинг мазмун-мундарижасидан, китоб муаллифидан хабардорлиги, адабиётлар бўйича китобхонларга маслаҳат ва тавсия бериш салоҳияти, кийиниш маданияти каби жиҳатлар назардан четда қолмади.

Бугунги замонавий ахборот технологиялари асрида китобларнинг электрон нусхалари мавжудлиги, дўконнинг интернетда ўз веб-сайтига эгалиги, мижозларга кўрсатилаётган имтиёзли хизматлар, реклама фаолияти қай даражада йўлга қўйганлиги ҳам инобатга олинди.

Ушбу замонавий талаблар чуқур таҳлил этилган ҳолда ҳайъат аъзолари томонидан ғолиблар аниқланди.

Фахрли 1-даражали дипломга Урганч шаҳридаги «Китоб маркази» маънавий-маърифий савдо мажмуаси сазовор бўлди. 2-даражали диплом Гурлан туманидаги «Я. Т. Йўлдошев Ғайрат» га якка тадбиркор Ғ.Йўлдошевга қарашли «Китоблар дўнёси» дуконига насиб қилди. 3-даражали дипломни эса Янгиариқ туманидаги «Довруғ» хусусий корхонаси «Китоблар» дўкони қўлга киритди.

Ғолибларнинг элдошларимизни, ёшларимизни адабиётга, китоб мутолаа қилишга бўлган меҳрини янада кучайтириш, воҳамиз шоир ва ёзувчиларининг, ёш ижодкорларнинг ижодини оммалаштириш ҳамда қўллаб-қувватлаш, аҳолига малакали ва сифатли хизмат кўрсатиш борасидаги самарали фаолиятини алоҳида эътироф этиш ўринлидир.

Вилоятнинг шаҳар ва туманлари марказларида фаолият кўрсатаётган 36 та китоб дўконлари, қишлоқларда аралаш моллар дўконлари таркибида ташкил этилган 70 та китоб бурчакларида китоб савдоси билан шуғулланаётган тадбиркорлар ранг-баранг адабиётлар савдосини янада юқори поғонага кўтариш, аҳолининг, хусусан, ёшларнинг тафаккурини ҳар томонлама кенгайтиришга муносиб ҳисса қўшишга ҳаракат қилишяпти. 2012 йилда вилоятда 4 та китоб дўкони фаолият кўрсатган бўлса, бугун воҳада катта ва кичик китоб дўконлари сони 106 тадан ошди.

— Бундай тадбирларнинг ташкил этилиши иш услубимизни, фаолиятимизни янада такомиллаштиришга ёрдам беради, — дейди 1-даражали дипломга сазовор бўлган Урганч шаҳридаги «Китоб маркази» маънавий-маърифий савдо мажмуаси директори Ф.Азимов.

Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси С.Абдикаримова иштирок қилди ва сўзга чиқди. (манба http://xorezmnews.uz/uz/new/qZ3I8ZNpsV )