КОНТРАФАКТ МАТБАА МАҲСУЛОТЛАРИ:МУАММО ВА ЕЧИМ

Хоразм вилояти ахборот-кутубхона марказида “Контрафакт матбаа маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши ва тарқатилишининг олдини олиш: тадбиркорлик маданиятини ошириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги муҳим вазифалар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси, вилоят давлат солиқ бошқармаси, Ўзбекистон Республикаси давлат рақобат кўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси, вилоят истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари ҳудудий бирлашмаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда вилоятдаги матбаа корхоналари, босма ва электрон оммавий ахборот воситалари раҳбарлари, давлат солиқ хизмати ходимлари, кутубхоначилар, китоб ва матбаа маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлар иштирок этдилар.

Тадбирда асосий эътибор контрафакт матбаа маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши ва тарқатилишининг олдини олиш борасида вилоятда олиб борилаётган ишлар, ютуқлар, муаммо ва камчиликлар таҳлилига қаратилди.
Анжуманда вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи Д.Бекчанова “Контрафакт маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши ва тарқатилишининг олдини олишда тадбиркорлик маданиятини юксалтириш”, вилоят давлат солиқ бошқармаси шўъба бошлиғи Ў.Аширов “Контрафакт маҳсулотларининг сотилиши ва тарқатилишининг олдини олишда солиқ идораларининг муҳим вазифалари”, вилоят истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини химоя қилиш жамиятлари ҳудудий бирлашмаси раиси Ҳ.Рўзақов “Контрафакт маҳсулотларидан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоялаш борасидаги ишлар” мавзуларидаги маърузалар билан иштирок этдилар.
– Контрафакт матбаа маҳсулотлари тайёрланиши ва тарқатилиши аҳоли, айниқса, болаларнинг маънавияти, саломатлигига жиддий салбий таъсир кўрсатади, – дейди вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи Д.Бекчанова. – Бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик учун энг аввало, матбаа корхоналари мутасаддилари ҳамда китоб савдоси билан шуғулланувчилар масъулиятни чуқур ҳис этишлари лозим.
– Бугунги кунда вилоятимизда контрафакт маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва уни тарқатишни олдини олишда солиқ хизмати ходимлари томонидан профилактик тадбирлар мунтазам амалга оширилмоқда. Хусусан, матбаат маҳсулотлари, истеъмол товарлари ва ва бошқа маҳсулотларни ноқонуний савдога чиқарилишини, аҳоли томонидан ноқонуний яширин цехлар ташкил қилиниб, ноқонуний маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини ва аҳолига сотилишини олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биргина жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 8 та холатда ноқонуний аудио ва видео тасвирлар ёзилган дисклар билан савдо фаолиятини амалга ошираёган шахслар аниқланиб, 1372 дисклар сотуви юзасидан тўпланган ҳужжатлар жавобгарлик масаласини қонуний ҳал қилиш учун судга юборилди. Бу каби ноқонуний тадбиркорлик ҳаракатлари жамиятга, давлат бюджетига катта зарар етказибгина қолмай, инсонларнинг яшаш тарзида ҳам ўзининг салбий оқибатларини кўрсатади, — дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси шўъба бошлиғи Ў.Аширов.
Ноқонуний ноширлик ва матбаа фаолияти билан шуғулланувчи корхоналарни аниқлаш, савдо мажмуалари, бозорлар, турғун савдо шохобчаларида сотилаётган матбаа маҳсулотларининг стандарт талабларига мослигини ўрганиш, мазмунан саёз, ғализ фикрли, ахлоқ меъёрлари, маънавият ва миллий қадриятларимизга мос келмайдиган, ўқувчилар фикрини чалғитадиган, ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган адабиётларни тайёрлаш ҳамда босиб чиқаришнинг олдини олиш мақсадида вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси томонидан бир қатор давлат ташкилотлари билан ҳамкорликда профилактик тадбирлар ҳамда мониторинг ишлари олиб борилмоқда.
Йиғилиш якунида қатнашчиларга контрафакт маҳсулотлар тарқалишининг олдини олиш юзасидан тегишли тавсиялар, шунингдек, мавжуд стандарт талабларига жавоб бермайдиган маҳсулотлар тайёрлаш билан шуғулланганлик учун миллий қонунчиликда назарда тутилган жавобгарлик ҳақида ҳам тушунчалар берилди. Тадбир давомида ҳудудларда контрафакт матбаа маҳсулотларига қарши кураш борасидаги ишларни самарали ташкиллаш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини таъминлашга кўмаклашиш мавзуларида видеоролик намойиш этилди. Соҳада бу каби тарғибот ишларини қуйи бўғинларда ҳам тизимли олиб бориш бўйича тавсиялар берилди.