ИЖТИМОИЙ ШЕРИКЛИК ВА ЖАМОАТЧИЛИК БИЛАН АЛОҚАЛАР

Мамлакатимизда юксак ҳуқуқий маданиятнинг шаклланиши аҳоли ва давлат аппарати ходимларининг, шунингдек, фуқаролик жамияти институтларининг ижтимоий шериклик фаолияти самарадорлигини оширишни талаб қилади.
2014 йилда мамлакатимизда қабул қилинган “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонун фуқаролик жамияти институтларининг мазкур йўналишдаги фаолияти учун кенг имкониятлар яратиб берди.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев таъкидлаганидек, “Давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятига баҳо беришда қонунийликни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари қандай ҳимоя қилинаётгани, уларга давлат хизматлари кўрсатишнинг сифати ва очиқлиги биз учун энг асосий мезон бўлиши шарт”.
Давлатимиз раҳбари томонидан белгиланган мазкур вазифани амалга оширишда Ўзбекистон Республикасида прокуратура органларининг қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш борасида нодавлат нотижорат ташкилотлар билан ижтимоий шериклик фаолиятини такомиллаштириш,фаолиятнинг асосий йўналишлари бўйича ишларни амалга оширишда очиқликни таъминлаган ҳолда, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда фуқароларнинг бевосита иштирокини кенгайтириш муҳим ўрин тутади.
Қонунда белгилаб берилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши нодавлат нотижорат ташкилотларнинг прокуратура органлари билан ижтимоий шериклик фаолиятини амалга оширишда қизиқиш ва ишончининг ошишига олиб келади. Ижтимоий шерикликнинг прокуратура органлари фаолиятидаги яна бир муҳим аҳамияти ўзаро ахборот алмашинуви билан боғлиқдир. Прокуратура органларида жамоатчилик билан алоқаларни амалга оширишда доимий равишда ахборот алмашинуви зарур бўлади.
Жамоатчилик билан алоқалар тизимида ахборот алмашинуви прокуратура органларига яқин, ўрта ва узоқ муддатга мўлжалланган стратегик дастурларни ишлаб чиқишда оптимал вариантлардан фойдаланишга имкон беради.
Бундан ташқари, жамоатчилик билан алоқалар тизими орқали олинган ахборотлар прокуратура органларида бошқарувни ташкил қилишда самарали қарорлар қабул қилинишининг муҳим омили бўлиб хизмат қилади.
Мазкур қонуннинг жойлардаги ижросини тизимли таъминлашда аҳолининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга бўлган ишончи орттириш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ва қонунийликни мустаҳкамлашга қаратилган қўшма тадбирларни амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, фуқаролик жамияти институтларининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан фаол ҳамкорлиги нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ҳуқуқни ҳимоя қилиш функцияси кенг қўлланилиши ҳамда жамиятда ёшларнинг ҳуқуқий тарбияси ва ҳуқуқий маданияти даражасини оширишда ушбу қонун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади. Бунинг натижасида, аҳолининг фуқаролик фаоллиги ошиб, ҳуқуқбузарликларнинг камайишига эришилади.

Дилрабо КУРЯЗОВА
Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти
Хоразм вилояти бошқармаси катта инспектори