КАСАЛЛИКНИ КУРАШИБ ЕНГДИМ

Тақдир тақазоси билан чет давлатлардан бириги ишга кетдим,-дея сўзини бошлади қахрамонимиз. Бироқ, у ерда бошимдан ўтган ҳар бир кўргулик қисматимми ёки бўлмаса нафсимнинг қулига айланганимми, хуллас неки азоб-уқубат бўлса шу 3 йил ичида гўёки менинг бошимга қулагандек бўлди. Бу ҳам етмаганидек ишлар ҳам узундан узоқ чўзилар, соат тугул дақиқалар ҳам йилдек бўлиб туюларди. Кунларнинг бирида иситмам ошди, негадир танам қалтираб ўзимни бошқаролмай қолдим. Тинмай йўтал эса мени баттар эзғиларди. Охир-оқибат шифокорга мурожаат қилдим. Шифокорлар шамоллаш ўтлашганини, тезда даво чоралари кўрилмаса бўлмаслигини айтишди. Негадир бир-иккита таблетка ичганимдан сўнг ўзимни яхши ҳис қилдим. Ўтиб кетар, деб ўзимга тасалли бердим. Ишимда давом этдим. Яна эски йўтал ҳафта ўтар-ўтмас безовталади. Бора-бора бу ҳол тез-тез такрорланадиган бўлди. Бу орада бир йилни ҳам совуқ хонада мусофирчиликда ўтказдим. Сўнгги пайтларда негадир, танамдаги оғриқ, юрагимдаги дард ортиб бораверди. Мусофирчиликдан орттирганим наҳотки шу дард бўлса деган ўй мени баттар қийнарди. Тинмай кўз олдимдан яқинларим, оилам, фарзандларим ўтарди. Бир амаллаб мени юртимга олиб келишди. Келиб, тезда тиббий кўрикка бордим, афсуски тибий хулосаларни кўриб ҳаётдан буткул умидимни уздим. Наҳотки, шундай дарди бедаво (олдин касаллик ҳақида шундай фикрда эдим) билан оғриган бўлсам. Бироқ, аста-секин танамдаги дард мендан узоқлашаётган сари касаллик ҳақидаги карашларим буткул ўзгарди. Яқинларимнинг меҳри, шифокорларнинг ширин сўзи сабаб даволанишни бошлаб юбордим. Вақтида қилинган муолажаалар мени ҳаёга бўлган умидларимни янада орттирди. Кунлар, ҳафталарни, ҳафталар ойларни ортда қолдирди. Бора-бора соғлигим яхшиланди. Яна оилам яқинларим бағрига саломат қайтдим. Бугун шуни англаб етдимки, сил бедаво эмас экан, у билан курашган албатта енгади фақат умидсизликка тушмаслик, қалбдаги яшашга бўлган ишончни сўндирмаслик керак.
Р. Исмоилова ёзиб олди.