КУЙ-ҚЎШИҚЛАРДА НАВРЎЗ МАДҲИ

Урганч шаҳридаги 28-сонли умумтаълим мактабида ташкил этилган тадбир “Миллий қадрият, анъана ва ёшлар” деб номланди.

Тадбирда мактаб директори  И.Қабулова ва бошқалар халқимизнинг эзгу ва гўзал қадриятларини, олижаноб орзу-интилишларини мужассам этган Наврўз байрами мустақиллик йилларида мамлакатимизда яшаётган миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча ватандошларимиз орзиқиб кутадиган, умумхалқ байрамига айланганини таъкидлади.

Карнай-сурнай садолари остида бошланган тадбирда истеъдодли ўқувчилар томонидан миллий урф-одат ва анъаналарга, бетакрор қадриятларимизга садоқат, юртни кўз қорачиғидек асраш, ватанпарварлик туйғулари акс эттирилган саҳна кўринишлари намойиш этилди. Наврўз тарихига оид маълумотлар, миллий урф-одатларимизга оид бадиий чиқишлар барчага кўтаринки кайфият улашди. Сумалак, кўк сомса, кўк чучвара каби баҳорий таомлар намойиши, халқ ўйинлари, миллий ҳунармандлик маҳсулотлари ҳамда бугунги тинч-осуда ҳаётимиз, турли соҳаларда эришилаётган ютуқ ва марралар ҳақида ҳикоя қилувчи кўргазма ташкил этилди.

Бугунги тадбирда қизлар билан миллий рақс ижро этдик. Наврўз байрами менга жуда ёқади. Чунки бу байрамда миллий ўйинлар ўйналади, сумалак пишади. Бувижоним сочимни қирқ кокил ўриб қўйдилар. Ироқи дўппи, адрас кўйлаклар кийиб, ҳамма қизлар Ватан, Баҳор ва Наврўз ҳақида шеърлар айтдик. Мен “Ассалом, Наврўз!” деб номланган саҳна кўринишида Наврўзой бўлдим. Юртимизда байрамлар кўп бўлсин дейман, — дейди мактабнинг 4-синф ўқувчиси Шаҳризода Каримова.

Байрам арафасида мактабда юқори синфлар ўртасида “Моҳир ошпазлар”, “Баҳорий гуллар”, “Сумалак сайли” номли кўрик-танловлар ўтказилган бўлса, Наврўз сайлида ташкил этилган шахмат-шашка, стол тенниси, арқон тортиш, волейбол, миллий кураш каби мусобақалар барчага олам-олам завқ бахш этди.

Тадбирда мактаб ўқувчилари томонидан лапар, ялла, айтишувлар ижро этилди.