ҲАР КУНИМИЗ НАВРЎЗ БЎЛСИН

Наврўз байрами Янгиариқ туманида ҳам  кўтаринки кайфиятда,  кенг нишонланди.

Президентимизнинг жорий йил 23 февралдаги “2018 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида туман ва шаҳарларда байрам кунлари аҳолига маданий, савдо ва бошқа хизматлар кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилаётир. Байрам тадбирларининг тинч-осойишта ўтиши, жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида профилактик чора-тадбирлар амалга оширилди.

Байрам олдидан теварак-атрофни тозалаш, ободонлаштириш, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш, моддий-маънавий кўмак бериш халқимизга хос эзгу амаллардир.

– Она заминимизни эъзозлаш, унинг неъматларини қадрлаш, атроф-муҳит мусаффолигига масъул бўлиш бизнинг асосий бурчимиздир, – дейди Янгиариқ туман ҳокимининг ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилдора Абдуллаева. – Туманимизда ўтказилаётган “Ҳашар – элга ярашар”, “Юртимни обод этаман” каби тадбирларда ёшлар фаол иштирок этмоқда. Улар томонидан туман ҳудудида 35 мингга яқин ниҳол ва гул кўчатлари ўтқазилди. Наврўз байрами арафасида ёлғиз кексаларнинг турар жойлари атрофини, ҳовлиларини ободонлаштиришга кўмаклашилмоқда.

Туман истироҳат боғида ташкил этилган Наврўз сайли куй-қўшиқ, айтишув, лапарлар ижросига уланди. Тадбир халқимизнинг ўзлигини намоён этган чинакам ёшлар байрамига айланди. Томошалар доирасида дорбозларларнинг чиқиши, бошқа томонда 15-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари иштирокидаги миллий қўшиқлар танлови, варраклар сайли, асфальтга расм чизиш бўйича “Юртимизда баҳор нафаси” тадбири, ҳамда миллий кураш, тош кўтариш ва арқон тортиш мусобақалари ўтказилди. Ёш дизайнерлар миллий ва замонавий услубларни уйғунлаштириб яратган либослар кўргазмаси намойиш этилди.

Янгиланиш ва яшариш фасли бўлган Наврўзи олам меҳр-мурувват, бағрикенглик ва саховат байрамидир, — дейди нафақадаги ўқитувчи Гулнора Исмоилова. Ушбу айём арафасида фарғоналик қариндошларимиз меҳмонга келишди. Бугунги сайл уларда ўзгача таассурот қолдирди. Айниқса, хоразмча айтишувлар, лачак ўрар, келин салом маросимларимизни кўриб, миллий урф-одатларимиз ҳақида янада кўпроқ маълумотлар олишди.

Байрам сайли, ўйин-кулгу кечгача давом этди. Кайвони онахонлар дошқозонни очиб, сумалакни идишларга қуйиб, ҳаммага улашдилар. Сумалакдан татиб кўрган янгиариқликлар “Ҳар кунимиз Наврўз бўлсин! Наврўздан Наврўзга эсон-омон етиб юрайлик!” дея ният қилдилар.