Келажак авлод соғлиғи – асосий мақсад

Хоразм вилояти Урганч шаҳрида жойлашган вилоят болалар сил касалликларига қарши кураш сиҳатгоҳи келажак авлодни ҳар томонлама соғлом, билимли ва баркамол авлод қилиб тарбиялашга, таълим-тарбия беришга йўналтирилган масканлардан бири саналади.  Сиҳатгоҳ ҳовлиси турли мевали дарахтлару бир-биридан гўзал гул кўчатлари, табиатнинг баҳорий неъматлари билан ўраб олинганки, бу ерга даволанишга келган ҳар бир бола ўзини гўёки уйида юргандек ҳис этади. Болажонлар саломатлиги йўлида қилинаётган самарали фаолиятлар билан янада яқинроқ танишиш мақсадида сиҳатгоҳнинг бош шифокори Муборак Сатторова билан суҳбатда бўлдик.

– Муборак Маматовна, баркамол авлодни тарбиялаш ва болажонлар саломатлигини мустаҳкамлаш борасида Сиз раҳбарлик қилаётган сиҳатгоҳнинг аҳамияти қанчалик муҳим, деб ўйлайсиз?

– Албатта, келажак авлоднинг ҳар томонлама соғлом камол топиши ва жамиятда соғлом муҳитни шакллантиришда болалар сиҳатгоҳларининг ўрни жуда муҳим, деб ўйлайман. Бизнинг сиҳатгоҳимизда 250 нафар ўқувчилар ўқиб, турли тўгаракларда ўз истеъдодларини янада мустаҳкамлам, энг асосийси, сил касаллигини олдини олишга катта эътибор қаратишмоқда. Сиҳатгоҳда асосан ушбу касалликка мойиллиги бўлган ҳамда сил касаллигидан тузалган болалар профилактика учун қабул қилинади. Муассасамизвилоятдаги мавжуд 11 та туман, 2 та шаҳарнинг 7 ёшдан 15 ёшгача бўлган болаларини соғломлаштириш ва даволаш учун ихтисослашган.

Манту синамаси нима учун ўтказилади?

Бизда асосан касаллик ўчоқларида силнинг фаол ва очиқ шакллари билан бевосита мулоқотда бўлган, ўпка сили ҳамда бошқа аъзолар сили касаллигининг пасайган ва нофаол тури билан назоратда турадиган, манту биологик синамаси биринчи марта мусбат натижа берган «Вираж», манту синамаси бир неча марта мусбат натижа берган «Туб инфинцерова» касалликлари бор болалар соғломлаштирилади ва даво муолажаларини олади.

Уларни бу ерда самарали даволаш учун барча қулайликлар яратилган. Жумладан, ўрта таълим мактабидаги барча ўқув жараёнлари узлуксиз равишда давом эттирилади. Ўқувчиларга алоҳида синфхоналари, дарсликлар вилоят халқ таълими бошқармаси кўмагида тўлиқ таъминланган. Яқинда барча синфхоналари қайта таъмирдан чиқарилиб, зарурий кўргазмали қуроллар билан жиҳозланди. Шунингдек, бу ерда 1-синфдан 8-синфгача ўқув дарслари, инглиз, рус тили, мусиқа, расм, спорт ва миллий ҳунармандчилик тўгараклари ҳам ташкилэтилган.

– Бевосита болаларни соғломлаштириш в атиббий реабилитация қилиш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталадиган бўлсак, Сиҳатгоҳда болаларни ижтимоий ҳаётга қайтариш, уларни тенгдошлари қаторида соғломва баркамол униб-ўсишлари учун яратилган қулай иш муҳити ота-оналарни қониқтирадими?

– Бизнингсиҳатгоҳда болалар соғлом ҳаёт қувончу шодликларидан баҳраманд бўлишлари учун барча қулайликлар мавжуд. Даволаш ва соғломлаштиришишлари узлуксиз давом эттирилиди. Болажонларимиз олий тоифали шифокорлар, фитизиатор, психолог, петиатр мутахассислигига эга бўлган тиббиёт ходимларининг доимий назоратида. Бу даргоҳда даволанаётган болаларнинг ота-оналари келишганда фарзандлари учун яратилган қулай шароитлардан мамнун бўлиб кетадилар. Чунки, болалар ёшига нисбатан синфларга бўлиниб, шу ернинг ўзида мактаб дарсликлари асосида таҳсил оладилар. Бизда нафақат шифокору ҳамширалар, балки педагог кадрлар ҳам асосий ўрин эгаллайди.

Болаларни даволаш жараёнида йўлдош касалликларини аниқлаш ва уларни ўз вақтида даволаш катта аҳамиятга эга. Даставвал ҳар бир бола лаборатория ва рентген текширувидан ўтказилади. Яна бир муҳим жиҳат шундаки, болалар саломатлигини яхшилаш мақсадида физиотерапия бўлимини ривожлантириш, айниқса, гимнастика машғулотлари билан даволашга эътибор берилмоқда. Шунингдек, болаларни очиқ ҳавода чиниқтириш учун бассейн ва душлар ҳам ташкил этилган.Физиотерапия хонасида беморлар ёруғлик ваннаси, дарсенваль, УВЧ, тубус, кварц сингари муолажалардан фойдаланадилар. Сиҳатгоҳда дори-дармон билан таъминланиш борасида барча шарт-шароитлар яратилган.

– Маълумки, касалликни даволашда овқатланишнинг ўзига хос қоидалари мавжуд. Сиҳатгоҳда бу масалага қандай эътибор қаратилган?

– Муассасамизда болаларни витаминларга бой озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш яхши йўлга қўйилган бўлиб, улар бир кунда 5 маҳал овқатланадилар. Овқатланиш рационидан гўшт, сут, сариёғ, творог, пишлоқ, қатиқ, мева шарбатлар ва полиз маҳсулотлари ўрин олган. Шунингдек, фитобар хизматида наъматак, мойчечак ва тоғрайҳондан турли шарбатлар тайёрланган бўлиб, муолажалар давомида самарали қўлланилади. Ундан ташқари, Сиҳатгоҳ ҳовлисида турли мевали дарахтлар, сабзавот ва полиз экинлари мавжуд бўлиб, уларнинг ширин ҳосилидан болажонларга кўплаб витаминга бой овқатлар, шарбатлар тайёрла берамиз.

Даволанишнингсамарали олиб борилишини таъминлашда кадрларнинг касбий маҳорати қандай ўрин тутмоқда?

– Айтиш муҳимки, бугунги тезкор давр ҳар бир мутахассисдан ката масъулият талаб этмоқда. Айниқса, ижтимоий касалликларни илмий-амалий асослаб, замонавий даволашда илм-фан ютуқлари муҳим ҳисобланади. Сиҳатгоҳдаги иш жараёнини тўғри ташкил этиш мақсадида барча тиббиёт ходимларимиз олий тоифага эга бўлиб, ўз билимларини доимий равишда ошириб, бойитиб борадилар. Уларнинг самарали фаолият юритишлари учун барча қулайликлар мавжуд. Шу боис, раҳбар сифатида бу масалага жиддий эътибор билан қарайман. Чунки, бизда даволанаётган аксарият болалар мактаб ёшида бўлганлиги сабаб, уларда касалликнинг бошланғич асоратлари қолмаслиги учун бор куч-имкониятларимизни аямаймиз. Ходимлар малакасини оширишишларида бизга Хоразм вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси яқиндан ёрдам бериб, керакли шароитларни яратишда доим кўмаклашиб келмоқда.

Мазкур сиҳатгоҳда болажонлар учун қандай маънавий-маърифий кечалар ташкил этилади?

Сиҳатгоҳда болаларимизнинг ўзларини иштирокида кўплаб тадбирлар, маърифий кечалар ва давра суҳбатлари ташкил этилиши анъанага айланган. Айниқаса, баҳор фасли бошланиши билан байрамлар байрамларга уланади.

8 март- халқаро хотин-қизлар кунида “Балли қизлар” танлови ўтказилса, 21 март арафасида сиҳатгоҳимиз ҳовлисида Сумалак сайлини ташкил этамиз. Дошқозонларда сумалаклар, кўк сомса, кўк чучвара ва ош пишириб, болажонларимиз учун байрам дастурхонлари ёзилади. Сумалак сайли бевосида 24 март – Бутунжаҳон силга қарши кураш кунига уланиб кетади. Бу байрам арафасида болаларимиз иштирокида турли акция ўйинлари, шашка, кураш мусобақалари, расмлар танлови ўтказилади. “Силни бирга енгамиз”, “Сил касаллиги беъдаво эмас” шиорлари остида ташкил этиладиган акцияда нафақат болажонлар, балки, муассаса ўқитувчилари, шифокорлари, маҳалла фаоллари ҳамда ишчи-ходимлари ҳам фаол иштирок этишади. Болажонлар силга қарши кураш мавзусини ўз шеърлари, рақслар ва расмлари билан ифодалаб беришади.

Айниқса, сиҳатгоҳимиз ўқувчилари учун соғлом муҳитни шакллантиришда, турли тиббий имкониятларни яратишда ҳамда турли учрашув ва тадбирларни ташкил этишда USAIDнинг силга қарши кураш бўйича Рroject HOPE лойиҳаси мутахассислари, ҳамда марказдаги малакали  фитизиатор шифокорлари яқиндан амалий кўмак бериб келишмоқда.

Урганч шаҳрида жойлашган мазкур болалар масканининг фаолияти билан яқиндан танишар эканмиз, бу даргоҳдаги ҳар бир ўқувчи-ёшларнинг соғлом турмуш тарафдори эканлиги уларнинг юз-кўзида, бадиий чиқишларидаги фаоллигида, самимий саъий-ҳаракатларида ҳамда маъноли сўзларида акс этганлигининг гувоҳи бўлдик. Бир сўз билан айтганда,  мазкур шифо маскани ходимларининг баркамол авлодлар саломатлигини муҳофаза қилиш ва уларни соғлом ҳаёт, оиласи бағрига қайтариш йўлидаги эзгу ишлари бесамар кетмаслигига ишонч ҳосил қилдик.