ОСОЙИШТА ЮРТГА НАВРЎЗ ЯРАШАР

Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиалида Наврўз байрамига бағишланган маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда филиал директори Р.Рузибоев ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш, ёш авлодни ушбу анъаналарга эҳтиром руҳида тарбиялашга эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 23 февралдаги «2018 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорига асосан ушбу байрам барча жойларда кўтаринки тарзда нишонланди.

Университет йигит-қизлар томонидан тайёрланган миллий таомлар, халқ ўйинлари, миллий ҳунармандлик маҳсулотлари ҳамда бугунги тинч-осуда ҳаётимиз, турли соҳаларда эришилаётган ютуқ ва марралар ҳақида ҳикоя қилувчи фотосуратлар кўргазмаси намойиш этилди. Университетнинг иқтидорли талаба-ёшлари ижросидаги лапар, ялла, айтишувлар тадбир иштирокчиларига ўзгача завқу шавқ улашди. Талабалар турли вилоятларнинг урф-одатлари ва санъатини саҳнага олиб чиқди. Арқон тортиш, шахмат, теннис, шахмат-шашка бўйича мусобақалар ўтказилди.

-Бугунги Наврўз байрамида арқон тортиш мусобақасида бизнинг жамоа ғолиб бўлди. Мунтазам спорт билан шуғулланиш ҳам соғлиқ учун фойда. Биз, бўлҳуси шифокорлар ўзимиз соғлом бўлсак, жамият соғлом бўлади. Миллий байрамда ташкил этилган миллий таомлар намойиши менга жуда ёқди. Сабаби, ўзим учун момоларимиз қадимдан пишириб келаётган сумалак, ҳалим ва баҳорий кўкатлардан тайёрланадиган таомларимизнинг инсон саломатлигида тутган ўрни ҳақида янада кўп маълумотга эга бўлдим, — дейди ТТА Урганч филиали 6-курс талабаси Аъзамжон Каримов.

Баҳорнинг сумалак, ҳалим, кўк сомса ва бошқа неъматлари билан безатилган дастурхонлар байрам тадбирига ўзгача файз киритди. Санъаткорларнинг Наврўз, Ватан, тинчлик, муҳаббатни тараннум этувчи куй-қўшиқлари барчага баҳорий кайфият ҳадя этди.