Журналистлар билан очиқ мулоқот

Хоразм вилояти силга қарши кураш диспансерида ҳудудий оммавий ахборот воситалари вакиллари билан очиқ мулоқот ташкил этилди.

Тадбирда асосий эътибор оммавий ахборот воситалари орқали сил касаллиги ва унинг олдини олишга бағишланган материалларнинг ёритилиши, жамоатчилик фикри ҳамда галдаги режалар ижрочига қаратилди. Унда USAID халқаро ташкилотининг ҳудудий миссияси директорининг ўринбосари С.Уолтер, USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси мутахассислари Дж.Суроу, М.Гернес, И.Шарипова ҳамда Республика ихтисослаштирилган Фтизиатрия ва пулмонология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Н.Парпиева ва Хоразмлик фтизиатор шифокорлар иштирок этишди.

Самимий ва дўстона ташкил этилган мулоқотда журналистлар мутахассисларга сил касаллиги ва уни олдини олиш мавзуида ёритилган материалларининг мазмуни, жанр, услуб ва жамоатчиликка етказишнинг замонавий услублари ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтдилар.

“Биз Хоразмда газета ва журналлардаги ранг-баранг қизиқарли мақолаларни кўриб хурсанд бўлдик. Бу ерда журналистлар билан фтизиатор шифокорлар ўртасида сил касаллигини олдини олиш борасида дўстона ҳамкорлик ўрнатилган экан. Ҳудудлардаги журналистларнинг бу соҳани кенг жамоатчиликка етказишда омад тилаймиз. Мақсадимиз бир, у ҳам бўлса, сил касаллигини олдини олишдир. Ўзбекистон халқининг соғлиги ва фаровонлигини ошириш йўлидаги изланишларни доимий равишда қўллаб-қувватлаймиз”, – дея таъкидлади Уолтер хоним.

Маълумот ўрнида шуни қайд этиш лозимки, хоразмлик журналистлар томонидан сил касаллигининг турлари ва стигма мавзуларида интервью, таҳлилий суҳбат, репортаж, савол-жавоб мавзусидаги бир қанча материаллар ёритилган. Шунингдек, онлайн нашрлар, веб-сайтлар ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали мавзу юзасидан турли ҳил маълумотларнинг бериб борилиши хорижлик мутахассисларда катта қизиқиш уйғотди.