ФАРЗАНДИНГИЗНИ ЮҚУМЛИ КАСАЛЛИКДАН АСРАНГ

Хозирги кунда тиббиёт соҳасидаги замонавий янгиликлар жадал ривожланиши жараёнида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида сил касаллигини аниқлаш усуллари тез ва сифатли, тиббий хизматлар давлат томонидан бепул йўлга қўйилганлиги ҳамда касалликни даволашда янги тиббий техника ва услублардан фойдаланилаётгани нафақат бемор, балки уларнинг оила аъзолари, қариндош-уруғлари ҳамда атрофдагилар учун муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу борада соғлиқни сақлаш тизимига амалий ёрдам сифатида USAIDнинг сил касаллигига қарши курашиш бўйича Project HOPE дастури орқали Хоразм, Бухоро, Қашқадарё ва Навоий вилоятларида тарғибот тадбирлари мунтазам ташкил этилмоқда. Бундай амалий лойиҳаларни амалга оширишда ҳамда аҳолининг касаллик ҳақидаги тиббий билим ва кўникмаларини оширишда биз журналистлардан ҳам фаоллик талаб этилади, албатта. Биз олдинги мақолаларимизда асосан катта ёшли инсонларда учрайдиган сил касаллигининг турлари, ташҳис, даво ҳамда унинг олдини олишга қаратилган вазифалар ҳақида сўз юритган эдик. Бугунги мақоламизда асосан болалар ва ўсмирларда учрайдиган сил касаллиги ва уни давоси ҳақида маълумот беришни лозим топдик. Ана шу мақсадда Хоразм вилоят силга қарши кураш диспансерининг болалар бўлими мудираси, фтизиопедиатр-шифокор Зеваржон Жуманова билан суҳбатлашдик.

 

Болалар ва ўсмирларда сил касаллиги қандай учрайди?

 

Тиббиётда бирламчи сил деган тушунча бор. Яъни инсон организмига биринчи марта сил таёқчаси тушиши натижасида ривожланган жараён бу бирламчи сил деб аталади. Бу жараённинг ривожланиши, макроорганизмнинг иммунбиологик хусусияти, сил микобактерияси сони ва вирулентлик хусусияти ва таъсирлаш вақти билан аниқланади. Бола организмидаги туғма табиий чидамлилик билан боғлиқ иммун тўсиқ натижасида сил микобактерияси билан зарарланган 90-95 фоиз болаларда сил касаллиги ривожланмайди. Бу жараён яширин кечадиган ўзига хос кичик ўзгаришлар ривожланиши билан тугалланади. Иммунологик жиҳатдан курашиш даражаси паст, БЦЖ билан эмланмаган бола организмида эса бу жараён касаллик сифатида рўёбга чиқади. Шунинг учун ҳам бирламчи сил белгилари, асосан, болалар ва ўсмирлар орасида топилади. Сил бўйича эпидемиологик ҳолатнинг турли даврларида бирламчи силнинг ҳар хил клиник кўринишлари учраши мумкин.

 

Ушбу касалликнинг таснифи ва ташхиси ҳақида кенгроқ маълумот берсангиз

 

Бола организмига тушган сил микобактерияси кўп ва вирулентлик хусусияти кучли бўлса, иммунбиологик тўсиқлардан ўтиб, қон оқими (бациллемия) орқали ретикуло-эндотелиал тизим аъзоларига жойлашади. Бу яширин кечадиган даврда организмда рўй берган иммунологик ўзгаришлар натижасида, зарарлангандан кейин 6-8 ҳафта ичида туберкулинга сезгирлик кузатилади. Сил жараёнининг кейинги ривожланишига боланинг табиий ва сунъий иммунбиологик ҳолати жуда муҳим аҳамиятга эга. Ҳар хил сабаблар туфайли, иммунологик чидамлилик суст бўлган, БЦЖ вакцинаси билан эмланмаган ёки сифатсиз эмланган болаларда бирламчи силнинг локал турлари рўёбга чиқади. Кўпинча, патологик жараён лимфа тугунлари, ўпка, плеврада, баъзан суяк бўғимларда авж олади. Ушбу жараён специфик яллиғланишга хос белги бўлиб, сил гранулемаси ҳосил бўлиши билан ажралиб туради. Бирламчи сил энди бошланган даврда ўзига хос клиник белгилар бўлмаслигига қарамай, туберкулинга сезгирлик кузатилса «вираж» диагнози қўйилади. Бундай болалар ва ўсмирлар сил ривожланадиган хавфли гуруҳга киради, шу туфайли, силга қарши диспансер кузатувида кимёпрофилактика ўтказиш керак бўлади.

 

Болалар ва ўсмирлар организмида қандай ўзгаришлар сезилади?

 

Силдан заҳарланишнинг барча белгилари болалар ва ўсмирлар организмида турли аъзолар ва тизимларнинг фаолияти, ўзгаришлар натижасида пайдо бўлади. Касаллик боланинг хулқ-атвори ўзгариши, тажанглик, ҳаракатчанлигининг сусайиши, иштаҳаси йўқолиши ва тез чарчаб қолиши каби белгилар билан бошланади. Кейинчалик боланинг тана ҳарорати кўтарилади ва оза бошлайди. Бу белгилар, бошқа бир неча хил касалликларда учраганлиги туфайли, болалар ҳар хил касалликлардан даволанишади. Силга алоқадор бу белгилар, кўпинча, сил синамасига бирламчи мусбат – «вираж» билан айни бир вақтда содир бўлади. Касалликка диагноз қўйишда юқорида кўрсатилган белгилар қаторида, ташқи лимфа тугунларининг таъсирланиши жуда катта аҳамиятга эгадир. Яъни бир неча (5-6) гуруҳ лимфа тугунлари катталашади. Ўзгарган лимфа тугунларини пайпаслаганда юмшоқлиги, кўп сонлилиги билан ажралиб туради (микрополиадения). Касаллик узоққа чўзилганда лимфа тугунлари қаттиқ ёки тошдек қўзғалувчан бўлади. Бу белгиларидан ташқари,ниқобли белгилар ҳам учраши мумкин. Бу белгилар, сил инфекциясига нисбатан ривожланган ўта сезгирлик натижасида рўёбга чиққан параспецифик белгилар тўпламидан иборат. Клиник манзарасига кўра, тез-тез қайталаб турадиган нафас йўллари яллиғланиши, тери эритемаси, кератоконъюктивит бўлиши мумкин. Шу клиник белгилар, силга алоқадор бўлмаган бошқа заҳарланишларда учрашини ҳисобга олиб, диагноз қўйишда бола анамнезига, сил беморлар билан мулоқотда бўлганлигини, сил синамасига сезгирлиги динамикаси, БЦЖ эмлаш сифати, бошқа касалликлар мавжудлигини ҳисобга олиш керак. Болани рентген текширувда, одатда, ўпканинг илдиз олди соҳаси сурати кучайиши кузатилади. Қон таҳлилида бир оз лейкоцитоз, нейтрофилез, ЭЧТ ошган бўлиши мумкин. Диагноз қўйишда сурункали тонзиллит, холецистит, гелментларга боғлиқ заҳарланиш аломатларидан ажратиш лозим.

Болаларда учрайдиган ушбу касаллик катталарники билан фарқ қиладими?

Ҳа, албатта. Сил касаллиги болаларда клиник кечиши бўйича катталарникидан фарқ қилади. Улар касалликнинг бошланғич даврида йўталмайди, иссиғи чиқмайди. Ёш организмда безлар сирли ривожланади. Болаларда касаллик белгилари яққол бўлмаганлиги сабабли мазкур касалликни аниқлаш ва даволаш жараёни мураккаброқдир. Даставвал болалар хулқ-атворида ўзгаришлар, тажанглик, кам ҳаракатланиш, иштаҳа йўқолиш, тез чарчаб қолиши кузатилиб, кейинчалик тана ҳароратининг бироз кўтарилиши, боланинг аста-секин вазн йўқотиш, лимфа тугунларининг катталашуви кузатилади. Бу белгилар бошқа касалликларда ҳам учраганлиги туфайли, болалар бошқа соҳа шифокорларида узоқ даволаниб юрадилар. Ушбу касалликни олдини олишда ота-оналарга тавсияларингиз. Биринчи навбатда ҳар бир ота-она ўзи ва фарзандини шифокор кўригидан белгиланган вақтда ўтказиб туришни тавсия қиламан. Шунингдек, жамиятда ушбу касалликни олдини олишда фарзандларимизни ўз вақтида эмлаш, уларни витаминга бой озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилишга одатлантириш ҳамда тозаликка риоя қилиш жуда муҳим аҳамиятга эга. Зеро, саломатлигимиз энг катта бойлигимиздир.  Уни асрашимиз ва қадрига етишимиз ўз қўлимиздадир.

Бугунги суҳбатимиздан маълум бўлдики, болалар ва ўсмирларда учрайдиган сил касаллиги ҳам катта ёшли инсонларда учрайдиган ушбу касаллик каби бола билан бирга яшаб, унинг ҳаёти, соғлиғига доимий равишда тўсиқ бўла оладиган юқумли касалликлардан бири экан. Шундай экан, ҳар биримиз нафақат ўз саломатлигимиз учун, балки соғлом турмуш тарзи ва жамият соғлиги йўлида ўз вақтида оилавий тиббий кўрикдан ўтишимиз, шифокор назоратида бўлишимиз ва оиламиз, айниқса, келажак авлод соғлиги учун эътиборли бўлишимиз лозим.