СОЛИҚ СОҲАСИНИНГ ЭНГ ЗУККО БИЛИМДОНЛАРИ АНИҚЛАНДИ
Таъкидлаш керакки, Давлат солиқ идоралари томонидан солиқ ва бошқа мажбурий тўловларнинг бюджетга ўз вақтида ва тўлиқ келиб тушишини таъминлаш билан бир қаторда аҳоли ўртасида солиқ маданиятини ошириш, тадбиркорлик фаолиятини юритишга оид кўникмаларини шакллантириб боришга йўналтирилган аниқ мақсадли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Айниқса, тўланган солиқларнинг нималарга сарфланиши, уларнинг республикамиз ҳамда фуқаролар ҳаётидаги ижтимоий аҳамиятини ёшликдан шакллантириб бориш мақсадида ёшлар ўртасида турли мавзуларда тарғибот ишлари ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ташаббуси билан ташкил этилган ва Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази билан ҳамкорликда ҳар йили анъанавий тарзда уч босқичда ўтказиб келинаётган «Солиқ билимлари – болаларга!» республика кўрик-танловининг аҳамияти ҳам катта бўлмоқда.
Анъанага мувофиқ жорий йилнинг 1 апрелидан 15 апрелига қадар танловнинг туман (шаҳар) босқичи, 20-25 апрель кунлари вилоят босқичлари ўтказилди. Мазкур танловнинг якуний республика босқичи эса 2018 йилнинг 23 май куни Тошкент солиқ коллежида бўлиб ўтди.