ТУРИЗМ РИВОЖИДА СОЛИҚ ИМТИЁЗЛАРИ

Мамлакатимиз иқтисодий тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини юксалтириш, жойларда янги иш ўринлари яратишда туризм соҳаси, хусусан, меҳмонхона хизматига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Кейинги йилларда ушбу соҳани жадал ривожлантириш, юртимизга келаётган хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш, ички туризмни кенгайтириш борасида туризм соҳасида ҳам солиқ тўловларидан имтиёз ва имкониятлар яратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги 5326-сонли фармони бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлмоқда. Ушбу ҳужжат ижросини таъминлаш, айниқса, ички сайёҳлик хизматини ривожлантириш борасида Хоразм вилоятида ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Хоразм вилояти давлат солиқ бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Хоразм вилояти бўлими билан ҳамкорлик ташкил этилган давра суҳбатида ҳам асосий эътибор мазкур фармоннинг мазмун-моҳияти ҳамда ижросига қаратилди.

Тадбирда вилоят давлат солиқ бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят бўлими мутахассислари, маҳаллий туристик фирмалар ходимлари, меҳмонхона хизмати билан шуғулланувчи тадбиркорлар ҳамда ОАВ вакиллари  иштирок этди.

Мутахассислар томонидан 2018 йилнинг 1 январидан эътиборан туризм маҳсулотларини сотиш ва туризм хизматларини онлайн бронлаш бўйича хизмат кўрсатувчи хўжалик юритувчи субектларга электрон тўловлар, бронлаш, эквайринг ва бошқа электрон хизматларни татбиқ этиш, шунингдек, туризм хизматларининг замонавий турларини таклиф қилувчи ихтисослаштирилган интернет-сайтлар ва порталларни йўлга қўйишни рағбатлантиришга ҳамда ўз ҳудудида Интернет тармоғига симсиз бепул уланиш ҳудудларини (Wi-Fi) ўрнатган хўжалик юритувчи субектларга тегишли сифатдаги симсиз уланиш ҳудудини кенгайтириш учун асбоб-ускуналарни харид қилиш ва интернет-трафикни сотиб олишга йўналтирилган солиқ имтиёзлари ҳақида атрофлича маълумотлар тақдим этилди.

– Бугунги тадбирда Юртбошимиз томонидан қабул қилинган  5326-сонли фармоннинг мазмуни ва ижросини таъминлашда солиқ хизмати ходимларининг ўрнига алоҳида эътибор қаратилди, — дейди, Хоразм вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Шуҳрат Саидов. – Эндиликда мазкур фармон билан асосий фаолият тури тематик хиёбонлар хизматларини ташкил қилиш бўлган юридик шахсларни улар томонидан тематик хиёбонлар фойдаланишга топширилган кундан эътиборан 3 йил муддатга фойда солиғи, ер солиғи ва мол-мулк солиғи, шунингдек, ягона солиқ тўловини тўлашдан озод этиладиган бўлди.

Шунингдек, фармонда туризм соҳасида ахборот-коммуникация технологиялридан ҳам унумли фойдаланиш борасида солиқ имтиёзларига алоҳида эътибор қаратилган. Яъни 2018 йилнинг 1 январидан эътиборан туризм маҳсулотларини сотиш ва туризм хизматларини онлайн бронлаш бўйича хизмат кўрсатувчи хўжалик юритувчи субектларга электрон тўловлар, бронлаш, эквайринг ва бошқа электрон хизматларни татбиқ этиш, шунингдек, туризм хизматларининг замонавий турларини таклиф қилувчи ихтисослаштирилган интернет-сайтлар ва порталларни йўлга қўйишни рағбатлантиришга йўналтирилган солиқ имтиёзларини тақдим қилиш; ўз ҳудудида Интернет тармоғига симсиз бепул уланиш ҳудудларини (Wi-Fi) ўрнатган хўжалик юритувчи субектларга тегишли сифатдаги симсиз уланиш ҳудудини кенгайтириш учун асбоб-ускуналарни харид қилиш ва интернет-трафикни сотиб олишга ёъналтирилган солиқ имтиёзларини жорий қилиш белгиланган.

Бундан ташқари мазкур фармон билан туристларга хизмат кўрсатувчи ташкилотлар (давлат музейлари, галереялар, маданий мерос обектлари ва қўриқланадиган табиий ҳудудлар маъмуриятлари ва бошқалар) ўз фаолиятидан тушадиган тушумларнинг камида 5 фоизини ўз фаолияти ҳамда тақдим этаётган туризм хизматлари баён этилган реклама-тарқатиш материалларини ўзбек, рус ва инглиз тилларида тайёрлаш ва ададини кўпайтириш учун мажбурий тартибда йўналтиради. Бунда ушбу мақсадларга йўналтирилган ҳаражатлар суммаси бу ташкилотларнинг солиққа тортиладиган базасидан чиқариб ташланади.

Ҳозирги кунда вилоятда 60 га яқин меҳмонхона хизмати билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъекларининг фаолияти йўлга қўйилган. Улар асосан Урганч ва Хива шаҳарларида жойлашган бўлиб, ушбу меҳмонхоналарда замонавий талабларга, жаҳон стандартларига жавоб бера оладиган хизматлар йўлга қўйилмоқда.

– Мамлакатимизда тадбиркорлик қўллаб-қувватлаётгани туфайли меҳмонхона хизмати фаолиятини янада кенгайтиришга ҳаракат қилмоқдамиз, – дейди хивалик тадбиркор Зайнаб Абдуллаева. – Вилоятга келаётган туристлар сони кундан-кунга ортиб бормоқда. Уларга халқаро меъёрлар асосида хизмат кўрсатиш борасида солиқ имтиёзларидан фойдаланиш биз учун яна бир имконият. Бугунги тадбирда солиқ хизмати ходимлари томонидан тадбиркорлар учун бу соҳада яратиб берилаётган имтиёзлар ҳақида кўп маълумотга эга бўлдим. Келажакда фаолиятимизни яна кенгайтириш, хизматлар турини кўпайтириш, қўшимча иш ўринлари яратиш орқали солиқ тўловларини ўз вақтида тўлаш билан биргаликда, имтиёз ва имкониятлардан унумли фойдаланамиз.

Бир сўз билан айтганда, ҳудудларда туризмни жадал ривожлантириш мақсадида давлат раҳбари томонидан яратиб берилаётган бундай имкониятлар ва имтиёзлар ҳудудларда хорижлик туристлар оқими ва туризм хизматлари экспортини кенгайтириш, тармоқда янги иш ўринлари яратиш асосида аҳолининг бандлик даражасини ошириш, меҳмонхоналар, сайёҳларни жойлаштиришнинг бошқа воситалари ва туризм фаолияти субектлари сонининг кўпайишига хизмат қилади.

 

Дилрабо КУРЯЗОВА

Хоразм вилояти Давлат солиқ бошқармаси

 Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи