КАСАЛЛИККА ТЎЛИҚ ДАВО БОР

Республикамизда тиббиёт соҳасида кенг миқёсида олиб борилаётган ислоҳотлар аҳолининг соғлигини мустаҳкамлашда ва сақлашда, тиббиёт хизматлари сифатини оширишда муҳим омил бўлмоқда.  Шу қаторда сил касаллигига қарши курашиш ва унинг олдини олиш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар ва дастурлар олиб борилмоқда. Аммо шунга қарамай ҳозирги кунда масала долзарблигича қолмоқда.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда силга қарши кураш дастурини амалга оширувчи USAIDнинг Project HOPE билан Ўзбекистон Республикаси яқиндан хайрли ҳамкорлик қилмоқда. Ушбу кўмак доирасида аҳолининг мақсадли гуруҳига тўғри ташхис қўйиш ва уни даволаш бўйича техник ёрдам кўрсатиш, Хоразм, Бухоро, Навоий ва Қашқадарё вилоятларидаги беморларни даволаш кўзда тутилган.

Бошқа касалликлар қатори бу касалликни ҳам даволашдан кўра олдини олиш яхшироқ. Project HOPE лойиҳа асосида бугунги кунда аутрич ходимларининг фаолияти вилоятимизда йўлга қўйилган.

– Мен бир йилдан бери вилоят силга қарши кураш диспансерида аутрич ходими бўлиб ишлаяпман, – дейди С… . – Ўзим ҳам бу дардга чалинган эдим. Россия Федерациясида кўп йиллардан бери ишлаб келганман. У ерга ноқонуний тарзда кетганим сабабли, унча яхши бўлмаган шароитларда яшаганман. Овқатланишим ҳам яхши эмас эди. Кейинчалик иситмалаб, йўталиб юридим. Бошида оддий шамоллаш деб ўйладим, аммо соғаймаганим сабабли уйга қайтишга қарор қилдим. Бу билан муҳожирлар касалликларини билмасдан ёки билиб иш берувчиларга айтишмайди, уларга иш бермасликларидан, шунингдек атрофдагиларнинг ўзларига салбий муносабатда бўлишларидан қўрқишади. Кўпчилиги силни юқиш йўлларидан бехабар. Сил нима, унинг профилактикаси ва даволаниш йўлларидан бохабар бўлишади. Хозирда юртимизга қайтиб, касалликка қарши тўлиқ даволандим. Келгусида ҳам айнан аутрич ходими бўлиб меҳнат муҳожирлар билан ишлашни хохлайман, силга чалинганларга ушбу касаллик ҳақида гапириб, уларни ўз вақтида даволланишлари муҳим эканлигини, силнинг давоси борлигини айтиб соғлом ҳаётга қайтишларига ўз ҳиссамни қўшмоқчиман.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, сил ирсий касаллик эмас ва наслдан-наслга ҳам ўтмайди. Фақат яқин мулоқотда бўлганлиги сабабли беморнинг оила аъзолариги касаллик юқиш эҳтимоли юқори бўлади. Бироқ касаллик ўз вақтида тўғри даволанса, бемор бутунлай соғайиб кетиши мумкин.

Юртдошларимизнинг огоҳлиги, ўз саломатлигига эътиборли бўлиши, гигиена талабларига, тўғри ва тартибли турмуш тарзига риоя этиши бу касалликка қарши курашда самарали натижаларни беради. Айтиш жоизки, тиббий хизматлар давлат томонидан бепул амалга оширилади.

Аутрич ходимлари аҳолининг заиф қатламларининг турли сабабларга кўра сифатли ва барвақт тиббий ёрдам олишни, беморларнинг онгли равишда тушуниб, тўғри қарор қабул қилган ҳолда силга текширувдан ўтишга ва даволанишни тўла курсини олишида қўллаб қувватлайди. Бу эса беморларнинг сифатли тиббий хизмат олишда ва силдан тўлиқ даволанишига олиб келмоқда.

Лола АЛИМОВА