ПОРАГА БЕЛ БОҒЛАГАН ЎҚИТУВЧИЛАР

Инсон ўз нафсини жиловлолмасдан унга эрк берса, разолат ботқоғига ботиши тайин. Нафс балосига гирифтор бўлган мана бу фуқаролар таълим тарбия соҳасида қонуний фаолият юритиш ўрнига, ўз лавозимидан фойдаланиб, “ўзим хон, кўланкам майдон” қабилида порахўрликка қўл уришди.

Хонқа тумани Навхос қишлоғи, Маданият маҳалласида яшовчи фуқаро Насиба Машарипова (исм фамилиялар ўзгартирилган) Хонқа туманидаги 34-сонли умумий ўрта таълим мактабининг  директор вазифасини бажарувчи лавозимида ишлаб келган. У ўз мансабидан фойдаланиб, мактабда янги очилган бошланғич синфга раҳбар тайинлашда мўмай даромадга эга бўлишни мақсад қилган. Ушбу ноқонуний ҳаракатларни тез фурсатда битириш учун шерик ҳам топган. Лекин таълим соҳасида юқори лавозимларда ишлаб келаётган ушбу аёлларнинг фирибгарлик ҳаракатлари амалга ошмади.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Урганч шаҳар бўлими ходимлари томонидан фуқаро С.Қурбонованинг (исм фамилиялар ўзгартирилган) аризасига асосан жорий йилнинг 24 август куни тезкор тадбир ташкил этилди.

Тадбирда Хонқа туманидаги 34-сонли умумий ўрта таълим мактабининг  директор вазифасини бажарувчи Н.Машарипова фуқаро С.Қурбоновадан ўзи ишлаётган мактабда янги очилган бошланғич синфнинг раҳбарлигини бериш эвазига, ундан 150 АҚШ долларини талаб қилиб, ушбу пулларни алдаш ва ишончини суистеъмол қилиш йўли билан олган вақтида Департамент ходимлари томонидан далилий ашёлар билан қўлга олинди.

Тадбир давомида фуқаро Машарипова пора эвазига олган пулларини Хонқа тумани Халқ таълими бўлимида ишловчи М.Эгамовага бериш учун олганлигини айтиб, пушаймонлик аризаси билан мурожаат қилди.

Ушбу ариза юзасидан давом этган тезкор тадбирда Хонқалик фуқаро М.Эгамова, фуқаро Машариповадан 100 АҚШ долларини талаб қилиб, ушбу пулларни алдаш ва ишончини суистеъмол қилиш йўли билан олган вақтида департамент ходимлари томонидан далилий ашёлар билан қўлга олинди.

Қонун устуворлиги таъминланган юртимизда ҳар қандай ножўя ва номуносиб қилмиш албатта вақти-соати билан фош этилади ва жазо муқаррарлиги таъминланади.

Хозирда мазкур ҳолат юзасидан фуқаролар Н.Машарипова ҳамда М.Эгамоваларга нисбатан Департаментнинг Урганч шаҳар бўлими томонидан терговолди текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Ўктамбой ДАВЛЕТОВ

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти

Урганч шаҳар бўлими бошлиғи