НАФСИМ МЕНИНГ БАЛОДУР…..

Инсон зоти борки, тиним билмай тараққиёт сари одимлайди. Аммо тараққиёт ўз-ўзидан кенг ва равон йўлдан бориладиган манзил эмас. Бу йўлда одамзодга ғов бўладиган, оёғидан тортиб чалғитадиган иллатлар бор. Шундай ҳаракатлардан бири коррупциядир. Бу иллатнинг кенг тарқалган турларига порахўрлик, фирибгарлик ва товламачилик киради. Бундай жиноятларнинг содир этилиши иқтисодиётни заифлаштириб, бошқарувни издан чиқаради. Фуқароларнинг давлатга ишончини поймол қилиб, илм-фан ва меҳнат орқали ҳалол йўл билан мақсадга эришишга тўсқинлик қилади.

Хоразм вилоятининг Қўшкўпир туманидаги 15-сонли умумий ўрта таълим мактабида туман давлат санитария эпидемиология назорати  маркази бўлинмаси томонидан санитария-гигиена аҳволини ўрганиш юзасидан текшириш ўтказилди. Унда мактаб фаолиятида санирия-гигена нормаларига зид ҳолатлар ҳам аниқланади. Лекин мазкур текшириш давомида Қўшкўпир тумани давлат санитария эпидемиология назорати  маркази бўлинма мудираси Холида Машарипова (исм фамилиялар ўзгартирилган) мактаб директори ўринбосари Мансур Саидовдан  камчиликларни бартараф этиш учун пора сўрайди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Хоразм вилояти бошқармаси томонидан мактаб директори ўринбосари М.Саидовнинг аризасига асосан тезкор тадбир ташкил этилди.

Департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ўиказилган тадбирда Қўшкўпир туман давлат санитария эпидемиология назорати  маркази бўлинмаси мудираси Холида Машарипова тумандаги 15-сонли умумтаълим мактабининг санитария-гигиена аҳволи юзасидан ўтказилган текширишларда аниқланган камчиликларни расмийлаштирмослик эвазига мактаб директори ўринбосаридан 500 минг сўм  пулларни пора тариқасида олаётган вақтда ашёвий далиллар билан  қўлга олинди.

Тезкор тадбир давомида ҳуқуқбузар Х.Машарипова ўзининг ноқонуний ҳаракартларига иқрорлик билдириб, мазкур пора пулларини Қўшкўпир туман санитария эпидемиология назорати  маркази бош шифокори Умар Жуманиёзовнинг топшириғига асосан олганлигини билдириб, пушаймонлик аризаси билан мурожаат қилди. Ушбу ариза асосида тезкор тадбир давом эттирилди. Унда Қўшкўпир туман санитария эпидемиология назорати  маркази бош шифокори У.Жуманиёзов ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, ўз хизмат хонасида марказнинг бўлинма мудираси Х.Машариповадан 500 минг сўм пулларни пора эвазига олган вақтида ашёвий далиллар билан  қўлга олинди.

Хозирда мазкур ҳолат юзасидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Хоразм вилояти бошқармаси томонидан Қўшкўпир туман санитария эпидемиология назорати маркази мутасаддиларига нисбатан жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.

Дилрабо КУРЯЗОВА

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти

Хоразм вилояти бошқармаси  катта инспектори