АВТОСАЛОНДАГИ ТАНИШЛАРИГА ИШОНИБ….

Мамлакатимизда миллий автомашиналарнинг эркин савдоси учун барча имкониятлар яратилганлиги, бу йўналишда ноқонуний олди сотди билан шуғулланиш қандай жавобгарликларга олиб келиши мумкинлиги бўйича тарғибот тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Афсуски ҳали ҳам айрим шахслар томонидан белгиланган талабларга бўйсунмасдан, ноқонуний фаолият билан шуғулланиш ҳолатлари  кузатилмоқда.

Хусусан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Хоразм вилояти бошқармаси ҳамда Янгиариқ туман бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ана шундай фирибгарлик ҳолатига чек қўйилди.

Урганч тумани Юқори Дўрмон қишлоғида яшовчи фуқаро Саида Эшчанованинг (исм фамилиялар ўзгартирилган) Департаментнинг Хоразм вилояти бошқармасига қилган  мурожаатида кўрсатилишича “Ласетти Жентра” русумли автомашинасини сотиб олмоқчи эканлигини, унга Урганч шаҳрида яшовчи фуқаро Ботир Рахматов Тошкент шаҳридаги “Ўзавтосаноат” ОАЖга қарашли автосалонлардаги танишлари орқали ушбу автотранспорт воситасини сотиб олиш учун шартнома олиб бериш эвазига ундан 300 АҚШ доллари талаб қилганлиги маълум бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган тезкор тадбирда Урганч шаҳар, Проектная кўчасида фуқаро Ботир Рахматов автосалондаги танишлари орқали “Ласетти Жентра” русумли автомашина шартномасини тез орада олиб бериш эвазига фирибгарлик йўли Саида Эшчановадан 300 АҚШ долларини олган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Ноқонуний даромад орттиришни кўзлаб қинғир йўл билан нотўғри манзил сари отганланган фирибгарнинг ҳатти-ҳаракати узоққа чўзилмади. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси томонидан фуқаро Ботир Рахимовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.

 

Алижон ПАЛВАНОВ

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти

Янгиариқ туман бўлими бошлиғи